Ўзбекистон бокс бўйича Осиё чемпионатида олтин медалларни мақсад қилган. Терма жамоа мураббийи фикрлари қандай?

24-31 май кунлари Бирлашган Араб Амирликларининг Дубай шаҳри бокс бўйича катталар ўртасидаги Осиё чемпионатига мезбонлик қилади. Мазкур мусобақада Ўзбекистон терма жамоаси аъзолари ҳам тўлиқ таркибда иштирок этади. Жамоа бош мураббийи Марат Қурбонов тайёргарлик жараёни ва олдинга қўйилган мақсадлар ҳақида фикр билдириб ўтди.

"Бизнинг боксчиларимиз Осиё чемпионатидан олдин охирги тайёргарлик сифатида Санкт-Петербург шаҳрида нуфузли "Губернатор кубоги" халқаро турнирида иштирок этди. Шундан сўнг, машғулотларни Тошкентдаги Янгиобод базасида ўтказдик ва Осиё чемпионати биз учун Олимпия ўйинлари олдидан энг сўнги имтиҳон вазифасини бажариб беради.

photo_2021-03-08_12-33-47

Мусобақадан сўнг, яна базамизга қайтиб, 10 кунлик тикланиш жараёнида бўламиз. Энг сўнгги йиғин ва Олимпиадада иштирок этиш учун 6 июлда Японияга жўнаб кетамиз. Барчаси Ўзбекистон бокс федерацияси ва Миллий олимпия қўмитаси билан келишилган.

Президентимиз яқинда боксни янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисидаги қарорни имзоладилар ва бу спорт турига йилдан йилга эътибор ошиб бормоқда. Бокс шахсан Президентимиз томонидан эътироф этилиши бизга икки карра масъулият юклайди. Ўзбекистонда бокс билан шуғулланувчилар сони ортиб бормоқда. Келажакда ҳам ҳозирги юқори натижаларни ва обрў-эътиборни сақлаб қолишга ҳаракат қиламиз", - дейди Марат Галиевич.

Бу сафар мусобақада иштирок этиш учун Ўзбекистон энг кучли чарм қўлқоп усталари билан жўнаб кетди, десак янглишмаган бўламиз.

photo_2021-05-19_07-16-49

Улар билан танишинг:

-49 кг: Нодиржон Мирзаҳмедов – Осиё чемпиони (2019 йил).

-52 кг: Шаҳобиддин Зоиров – 2 карра Осиё чемпионати (2013, 2015 йиллар) ва Осиё ўйинлари (2014 йил) кумуш медалчиси, жаҳон чемпиони (2019 йил), Олимпиада чемпиони (2016 йил). Токио Олимпиадаси йўлланмасини ҳам қўлга киритган.

-56 кг: Миразизбек Мирзахалилов – Осиё ўйинлари чемпиони (2018 йил), Осиё ва жаҳон чемпиони (2019 йил). Токио Олимпиада йўлланмасини қўлга киритган.

-60 кг: Абдумалик Ҳалаков – Ёшлар ўртасида Осиё, жаҳон ва Олимпиада чемпиони (барчаси 2018 йилда).

-64 кг: Элнур Абдураимов – Осиё чемпиони (2017 йил), жаҳон чемпионати бронза медали соҳиби (2015 йил). Токио Олимпиадаси йўлланмасини қўлга киритган.

-69 кг: Бобо-Усмон Ботуров – Осиё ўйинлари (2018 йил) ва Осиё чемпиони (2019 йил), жаҳон чемпионати бронза медали эгаси (2019 йил). Токио Олимпиадаси йўлланмасини қўлга киритган.

-75 кг: Саиджамшид Жафаров - Халқаро турнирлар ғолиб ва совриндори.

-81 кг: Дилшодбек Рўзметов – Жаҳон чемпионати кумуш медалчиси (2019 йил). Токио Олимпиадаси йўлланмасини қўлга киритган.

-91 кг: Санжар Турсунов – Осиё чемпионати кумуш (2019 йил), жаҳон чемпионати бронза медали соҳиби (2017 йил). Токио Олимпиадаси йўлланмасини қўлга киритган.

+91кг: Баҳодир Жалолов – Осиё ва жаҳон чемпиони (2019 йил). Токио Олимпиадаси йўлланмасини қўлга киритган.

Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter)

Комментарии

Для написания комментариев пройдите авторизацию