Ўзбек спорти мухлислари учун ажойиб хушхабар

Бугун пойтахтимизда II Тошкент Халқаро марафонига старт берилди. Гарчи ҳаво совуқ бўлишига қарамай, “Humo Arena” муз саройи олдидаги майдон ҳақиқий спорт мухлислари билан ҳар қачонгидан гавжум.

Аслида мазкур марафон шу йил 22 март куни ўтказилиши режалаштирилган эди. Бироқ коронавирус пандемияси сабабли мусобақа кечиктирилди ва 6 декабрда ўтказишга қарор қилинди.

II Тошкент Халқаро марафонининг тантанали очилиш маросимида Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Хавфсизлик кенгаши котиби, Ўзбекистон триатлон федерацияси раиси Виктор Маҳмудов ҳамда Бош вазирнинг ўринбосари Азиз Абдуҳакимов иштирок этди ва мусобақа иштирокчиларига омад тилади.

Иккинчи бор ташкил этилган Тошкент Халқаро марафонида 400 нафарга яқин иштирокчи марафон ва ярим марафон йўналишларида баҳсларга киришди. Шундан қарийб 300 нафар ярим марафонда ўз омадини синаб кўришган бўлса, қолганлар тўлиқ марафонда Токио олимпиадаси йўлланмалари учун стартга чиқишди.

Бу йилги марафон ва ярим марафон трассаси AIMS Халқаро марафон ва югуриш ассоциацияси томонидан сертификатланган. AIMS – World Athletics Халқаро енгил атлетика федерациялари уюшмасининг аъзоси ҳисобланади.

Бироз аввал якунига етган эркаклар ўртасидаги тўлиқ марафон баҳсларида ҳамюртимиз, Рио олимпиадаси иштирокчиси Андрей Петров Олимпия ўйинлари талабини бажарди. Бу ҳақда Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги матбуот хизмати хабар берди.

Маълумки, марафон мусобақаларида эркаклар учун Олимпия ўйинлари талаби 2 соату 11 дақиқани ташкил этади. Петров эса 42 километр 195 метр масофани 2 соату 10 дақиқа ичида босиб ўтди ва амалда Токио олимпиадаси йўлланмасини нақд қилди. Фақат, бу кўрсаткични яқин кунларда Халқаро енгил атлетика федерацияси ҳам тасдиқлаб берса, биз Петровни расман табриклашимиз мумкин бўлади.

Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter)

Минбар

Барча блоглар