Ўзбек миллатига мансуб футболчи Шомуродов ортидан Италияга ўтишга яқин!

Италия клублари МДҲ мамлакатлари футболида ўзини кўрсатган чарм тўп усталари трансферига алоҳида эътибор билан қарай бошлади. Ана шундай ўйинчилардан Элдор Шомуродов, “Женоа”да, Александр Кокорин “Фиорентина”да, Генрих Мхитарян “Рома”да, Алексей Миранчук, Руслан Малиновский, Виктор Коваленко “Аталанта”да тўп тепмоқда.

Энди улар қаторига ўз вақтида “Ростов”да Элдор Шомуродов билан бирга ўйнаган ва кейинчалик ЦСКАга ўтиб кетган Бахтиёр Зайнутдинов қўшилиши мумкин. Бу футболчига айни пайтда “Аталанта”дан жиддий қизиқишлар бўлаётгани ҳақида хабарлар тарқалмоқда. Италия клуби чап қанот ҳимоячиси қидирмоқда. Буни футболчининг агенти Евгений Новиков ҳам тасдиқлади.

- Бахтиёр “Аталанта” қизиқаётган футболчиларнинг қисқартирилган рўйхатига киргани ҳақидаги хабарлар рост. Агар томонлар келишувга эришса, трансфер амалга ошади. Муҳими, италияликлар ЦСКАга расмий таклиф юбориши керак, - деди Новиков.

Қозоғистон миллий терма жамоаси шарафини ҳимоя қилаётган истеъдодли футболчи этник ўзбеклардан. Буни журналистларга унинг отаси Ботиржон Зайнутдинов маълум қилган.

- Биз этник ўзбеклармиз. Лекин Қозоғистоннинг Тараз шаҳрида туғилганмиз. Бобомнинг отаси бу ерларга Намангандан кўчиб келган. Ҳаётимиз футболга боғланган. Мен ўзим саломатлигим туфайли тўп тепмаганман. Шундай бўлса-да, ашаддий мухлисларданман. Ўғилларимнинг ҳаммаси футболчи. Тўнғич фарзандим Бобир 25 ёш ва дарвозабон бўлган. Жароҳат туфайли футболчилик фаолиятини эрта тугатди. Шифокорлар шуни талаб қилишди. Ҳозир “Тараз” академиясида мураббий. Кенжа ўғлим Баҳром “Тараз” ўринбосарлари сафида ўйнайди. Ўртанчаси Бахтиёрни яхши танийсизлар, - деган эди Ботиржон Зайнутдинов.

79542263_508402063364875_6414936098599599291_n

Sports.kz интернет-портали бу масалага ойдинлик киритиш учун Ultimate Sport футбол агентлигининг Италия департаменти раҳбари, украиналик таниқли футбол агенти Алекс Великихга мурожаат қилди.

- Матбуотда “Аталанта” Зайнутдиновга қизиқаётгани ҳақидаги хабарлар тарқатилаётгани рост. Бунга асосан рус тилидаги оммавий ахборот воситалари муаллифлик қилмоқда. Замонавий спортда ўйинчи олишнинг ўзи қоидалари бор ва бу бозор талаблари билан ҳамоҳанг.

“Аталанта” Бахтиёрни Робин Гозенс ўрнига олиши мумкинлиги айтилмоқда. Гозенс қанот бўйлаб, ҳимоядан ҳужумга катта тезликда қўшила оладиган, меҳнаткаш, чидамли ва гол ура оладиган футболчи сифатида Европа футболида ўз ўрнига эга. Унга “Ювентус”дан ташқари Италия ва Англия жамоалари қизиқмоқда.

Бахтиёр Зайнутдинов ҳам Гозенснинг позициясида ишончли ҳаракат қила олади ва ўйин характеристикаси ҳам ўхшаш. “Аталанта” Италияда катта клуб ҳисобланмайди. Улар селекция, футболчилар захирасини яратиш ва мураббийнинг тактик маҳорати туфайли ном қозонмоқда. Шу боис, сўнгги йилларда бу клуб ўз юлдузларини етиштириб, уларни қиммат нархларга сотишни уддаламоқда.

Ҳозир, кучли бешлик чемпионатларидан ўйнамаган ва кўпчилик танимайдиган футболчиларни трансфер қилиш тенденцияси кузатилмоқда. Бунда асосий эътибор, мураббийлар томонидан ўша ўйинчиларнинг янги қирраларини очишга қаратилади.

Аслида Италия Шарқий Европа, Лотин Америкаси, Бенилюкс давлатлари футболчиларига эътибор қаратар эди. Кейиги пайтда МДҲ футболчиларига қизиқиш ошмоқда. Бунда собиқ Иттифоқ мамлакатларида тарбияланган ўйинчиларнинг меҳнаткашлиги, характери ва турли можаролардан узоқлиги муҳим аҳамият касб этмоқда, - деди Алекс Великих.

photo_154009

22 ёшли Бахтиёр Зайнутдинов Россиядаги фаолияти давомида “Ростов”да 31 та учрашув ўтказиб, тўртта гол урган. Жорий мавсумда ЦСКАда барча турнирларда 29 та ўйинда майдонга тушиб, рақиблар дарвозасига битта тўп киритди. Унинг трансфери 3,5 миллион еврога баҳоланмоқда.

Шомуродовдан янгилик кутамиз!

Шомуродовнинг трансфер нархи қанчага кўтарилди?

Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter)

Минбар

Барча блоглар