Ўзбек дзюдосида тарих ярата олган Ришод Собиров ҳақида фактлар

Ўзбекистон дзюдоси ва спорти тарихидан жой олишга муваффақ бўлган, Олимпия ўйинларининг уч карра бронза медали совриндори, икки карра жаҳон чемпиони, Осиё чемпиони Ришод Собиров ҳақида нималарни биламиз?

Rishod_Sobirov_Rio_2016

Ришод Рашидович Собиров - 1986 йилнинг 11 сентябрида Бухоро вилоятининг Жондор тумани, Бурбоғи қишлоғида дунёга келган. Дзюдо билан 11 ёшида тажрибали мураббий, Олот дзюдо мактаби асосчиларидан бири Рустам ака Тўраев қўл остида шуғулланишни бошлаган. Халқаро мусобақаларга Фурқат Солиев ва Борис Григорьев каби мураббийлар қўл остида тайёргарлик кўрган ҳамда иштирок этган.

Ришод халқаро миқёсдаги илк совринини 2006 йилда қўлга киритган. Ўшанда қаҳрамонимиз Хитой Тайпейида бўлиб ўтган ёшлар ўртасидаги Осиё чемпионатида биринчи ўринни эгаллаганди. Орадан бир йил ўтиб эса, у катталар ўртасидаги Осиё чемпионатида финалгача етиб борган ва кумуш медаль соҳибига айланган.

2008 йилда Ўзбекистон чемпионига айланган спортчимиз мамлакат терма жамоаси таркибидан ҳам жой олди ва табиийки, Олимпиадага йўлланмани қўлга киритди. Пекинда бўлиб ўтган Олимпия ўйинларида -60 кг гача бўлган вазн тоифасида у бронза медали соҳибига айланди.

2010 йилда Ришод Собиров дзюдо ватани - Японияда бўлиб ўтган жаҳон чемпионатида ғолибликни қўлга киритди. Орадан бир йил ўтиб, Парижда ушбу муваффақиятини яна такрорлади ва чемпмионлик унвонини муносиб тарзда ҳимоя қилди.

2012 йили Лондонда бўлиб ўтган Олимпиадада дзюдочимиз ярим финалгача етиб борди ва якунда яна бронза медали билан тақдирланди.

d341b532d7ca9b89dfc2ccc53348e40d

2016 йили Бразилияда бўлиб ўтган Рио Олимпиадасида спортчи яна бронза медалига сазовор бўлди ва учта Олимпиадада медаль қўлга киритган кам сонли дзюдочилардан бирига, Ўзбекистонда эса яккаю-ягона дзюдочига айланиб олди.

Профессионал спортдаги фаолиятини якунлаганидан сўнг, Тошкентда Ришод Собировнинг дзюдо мактаби очилди. "Динамо" спорт мажмуасида фаолият юритаётган дзюдо мактабида янги Ришод Собировлар камол топмоқда.

Ўйлаймизки, яқин йилларда ушбу мактабдан янги юлдузчалар етишиб чиқади. Ришод Собиров спортдаги кўп йиллик самарали фаолияти учун ҳукуматимиз томонидан "Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган спортчи", "Ўзбекистон ифтихори" фаҳрий унвони соҳиби, "Эл-юрт ҳурмати" ордени билан тақдирланган.

Совринлари:

Олимпиада: 3 та бронза

Жаҳон чемпионати: 2 та олтин, 1 та бронза

Жаҳон кубоги/Гран-При/Улкан тож: 10 та олтин, 4 та кумуш, 1 та бронза

Осиё чемпионати: 1 та олтин, 1 та кумуш, 2 та бронза

Ёшлар ўртасидаги Осиё чемпионати: 1 та олтин

Мукофот ва унвонлари:

Халқаро тоифадаги спорт устаси (2003)

"Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган спортчи" фахрий унвони (2008)

"Ўзбекистон Республикаси Мустақиллигига 20 йил" эсдалик нишони соҳиби (2011)

"Ўзбекистон ифтихори" фахрий унвони соҳиби (2012)

"Эл-юрт ҳурмати" ордени соҳиби (2016)

Ўзбекистон дзюдо федерацияси матбуот хизмати

Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter)