Ўзбек бокс мактабида камол топиб, Қозоғистон сафида жаҳон чемпиони бўлган чармқўлқоп устаси билан танишинг

 Хабарингиз бор, Ўзбекистонда таваллуд топган ҳамда ўзбек бокс мактабида камол топган бир нечта чармқўлқоп усталарининг кейинчалик Қозоғистонга кўчиб кетиб, у ерда ажойиб натижалар қайд этганлиги ҳақида сўз юритиш баробарида улар ҳақида маълумот беришни бошлаган эдик. Дастлабкиси 2008 йилги Олимпиада чемпиони Бахит Сарсекбоев бўлган эди. Бу сафар эса, Қозоғистон терма жамооаси сафида жаҳон чемпиони бўла олган Ердос Жанабергенов бўлади.

жана

Ердос Усенович Жанабергенов

 Ушбу чармқўлқоп устаси 1984 йил 17 январда Қорақалпоғистон Республикаси, Хўжайли шаҳрида таваллуд топади. 1998-2001 йиллар Чирчиқ Олимпия заҳиралари билим юрти бокс бўлимида таҳсил олган. Ердос ўсмирлар ва ёшлар ўртасида Ўзбекистон чемпионлигини қўлга киритади. Ангренда бўлиб ўтган 1983-1984 йилларда таваллуд топган ўсмирлар ўртасида ўқувчилар Спартакиадаси чемпиони ҳам бўла олганди. Мазкур натижалари орқали у "Спорт устаси" даражасига эришади.

 2001 йил оила аъзолари билан Қозоғистон Республикасининг Ақтўбе вилоятига кўчиб кетади ва у ерда янада ажойиб натижаларни қайд этади. Жумладан, 2004 йил Қозоғистон чемпиони, 2005 йил Россиянинг Москва шаҳрида бўлиб ўтган Жаҳон Кубогида 3-ўрин ва “Энг яхши боксчи” номинациясини қўлга киритади. Шунингдек, 2005 йил Вьетнамнинг Хошимин шаҳрида ташкил этилган Осиё чемпионати ғолиби, 2005 йил Хитойнинг Маньянг шаҳри мезбонлигидаги жаҳон чемпионати олтин медаль соҳиби, 2006 йилги Алматида бўлган талабалар ўртасидаги жаҳон чемпионати ғолиби, 2011 йил Америка Қўшма Штатларида ташкил қилинган ҳарбийлар ўртасидаги жаҳон чемпионатида 2-ўринни қўлга киритади. Унга мазкур натижалари туфайли "Қозоғистонда хизмат кўрсатган спортчи" унвони берилади.

 Жанабергенов асосан 81 кг вазн тоифасида рингга кўтарилган. Хуллас Ердос ҳам ўз вақтида жуда маҳоратли боксчи бўлганди. Қолаверса, унинг кучли зарбаси ва жанг олиб бориш услуби профессионал боксга хос бўлиб, у мазкур йўналишда ҳам жиддий натижалар қай эта олиши мумкин эди. Афсуски, унинг фаолияти жиддий жароҳат орқали бироз эрта якунига етади. Ҳозирда у Қозоғистоннинг Ақтау шаҳрида истиқомат қилмоқда.
Дарвоқеа, Ердос 2005 йил Жаҳон Кубогида биринчи оғир вазн тоифасида IBF ҳамда WBA Regular камари соҳиби кубалик Юньер Дортикос (24-1-0,22 КО) ни нокаутга учратганди. 

Қуйида ушбу воқейлик акс этган видеолавҳани томоша қилишингиз мумкин.

 

Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter)