Ойбек Усмонхўжаев: Бош мураббийликка чақиришмаяптими, демак ҳали ўзимни кўрсатганим йўқ

Ўз вақтида таниқли футболчи, гол уриш борасида сермаҳсул ҳужумчи бўлган Ойбек Усмонхўжаевни айниқса, ёши катта, зукко мухлислар яхши билишади. Ўша пайтларда кўпчилик ёшлар у каби ҳужумчиларга ўхшашни исташарди. Чунки Усмонхўжаевнинг футболчилик фаолиятидаги муваффақиятли дамлари кўп бўлган. Айни пайтда эса у мураббийлик иши билан шуғулланиб келмоқда. Лекин тан олиш лозимки, футболчи сифатида кўпроқ танилган Ойбек Усмонхўжаевни ҳозирча мураббийлик ролида бундай даражада деб айта олмаймиз.

Мураббийлик фаолияти ҳақида

Чиндан ҳам унинг футболчиликдан кейин мураббийликдаги ишлари қандай кетаётганини кўпчилик яхши билмаса ҳам керак. Чунки бу борада у кўп ҳам кўзга ташланмаяпти. Лекин ўзини тўлиқ мураббийликка бағишлагани рост. Шуни инобатга олганда, Усмонхўжаев аввало мураббийлик фаолияти ҳақида гапирди.

- Футболчилик фаолиятимдан сўнг дарҳол мураббийлик лицензиясига ўқиганман. Бошланишига иккинчи лигадан ишга киришдим. Ўшанда Тошкентнинг «Спартак» жамоасида ишладим. Кейин Марат Кабаев билан 1991 йилда туғилган футболчилардан иборат терма жамоамизда ҳам фаолият кўрсатдим. Қолаверса, биринчи лигада «Дўрмон-Спорт»да ҳам иш олиб бордим. Бундан ташқари, ярим мавсум давомида «Қизилқум»да ҳам ёрдамчи мураббий бўлиб ишладим.  Самвел Бабаян пайтида 2011 йили «Пахтакор» академиясига ишга кирдим. Ундан сўнг Олмалиқ жамоасида тўрт йил фаолият олиб бордим. Ўшанда Игорь Шквириннинг ёрдамчиси бўлганман. Орада эса бир йил ҳеч қаерда ишламадим. Уйда муаммоларим бор эди, рафиқам касал эди, афсуски кейин турмуш ўртоғим вафот этди. Охирги икки йилдан бери «Пахтакор» академиясида ишлаб келяпман. 2002 йилда туғилган болаларга мураббийлик қиляпман.

Қачон бош мураббийга айланади?

Ойбек Усмонхўжаевнинг қандай ҳужумчи бўлганлигини кўпчилик яхши билади. Ўша пайтда у билан бирга ўйнаган тенгқурларининг аксарияти эса ҳозирги пайтга келиб турли жамоаларда бош мураббийлик ролида ишлаб келишмоқда. Ойбек ҳам ўзига яраша таниқли футболчи бўлган ва ўзини мураббийлик соҳасига бағишлади. Лекин ҳозирча унинг бу ишда бош мураббийлик ролида кўзга ташланганини кўрганимиз йўқ. Асосан ёшлар футболида ва академияда ишлаб келмоқда. Хўш, унинг катта жамоаларда бош мураббий бўлиб ишлашига нима тўсқинлиқ қилаётган бўлиши мумкин? Ушбу масала бўйича ўзига мурожаат қилиб, қуйидаги жавобни олдик:

- Менга ҳеч нарса тўсқинлик қилмаяпти. Мураббийлик учун лицензияларим бор. Фақат «Про»га ўқишим керак. Албатта, бош мураббийлик ролида ишлашни хоҳлайман, буни ким ҳам истамайди дейсиз?! Катта-катта жамоаларда ярим ёки бир йил эмас, бутун фаолиятим давомида ишлашни истайман. Ҳаммасини вақт кўрсатади. Айни пайтдаги вазифам эса академиядаги ёш ўйинчиларни Суперлигага етиштириб беришдан иборат.

Кимнидир ёрдами керакми?

Балки бош мураббийлик даражасига кўтарилиш учун қандайдир туртки ёки «поддержка» керакмикин? Албатта, бундай лавозимда ишлаш учун мураббийнинг ўзида ҳам билим ва салоҳият юқори даражада бўлиши талаб этилади…

- «Поддержка» керак эмас. Шунчаки, мураббий ўзининг мутахассислигини, профессионаллигини кўрсатиши керак. Мени ҳеч ким бош мураббийликка чақирмаяптими, демак, бу борада ҳали ўзимни кўрсата олганим йўқ. Бу албатта, менинг тушунчам. Лекин ҳали вақт бор, ишлашда давом этамиз. Кимдир ишонса албатта чақиради. Бундан бошқа бирор нарса айта олмайман, - дея муносабат билдирди Усмонхўжаев.

Футболчилик фаолияти тўғрисида

Айтиш жоизки, Ойбек футболчилик фаолияти давомида кўплаб муваффақиятли, эсда қоларли дамларни ўтказган. Унга ҳаммаси ўзингиз истаган даражада кечганми, дея сўраганимизда шундай деди:

- Ҳа, барчаси ўзим истагандек кечган. Аммо баъзи пайтларда вақтдан ютқазган пайтларим ҳам бўлган. Ўшанда бундан-да, яхшироғини бажаришим ҳам мумкин эди. Аммо бундай ҳолатларни катта бўлганингиздан кейин тушуниб етасиз экан. Албатта, фаолиятим ва ҳаётимдан розиман, ҳаммаси яхши ўтяпти. Олдинги қилган хатоларимдан хулоса чиқариб, қўл остимда шуғулланаётган ёшларга вақтларини зое кетказмасликларини айтиб тўғри йўналишда тушунтириб боряпман.

Ўғи Диёр Усмонхўжаев хусусида

Шунингдек, унинг ўғли Диёр Усмонхўжаев ҳам бошида футбол йўлини танлаганди. Кейин эса унинг учун воқеалар ривожи ўзгариб кетди. Ойбек эса ўғлининг футболчи бўлишини хоҳлаганини айтиб ўтди.

- Ҳа, мен Диёрнинг футболчи бўлишини хоҳлагандим. Лекин ҳеч қачон бу борада уни мажбурламасдим. Билсангиз, у 2011 йили ўсмирлар терма жамоамиз сафида Мексикадаги жаҳон чемпионатига ҳам бориб келди. Шундан сўнг биринчи лигада ва «Олмалиқ»нинг ўринбосарлар таркибида ўйнаб юрди. Ёши 18 дан ошганидан кейин олий лигадан таклифлар бўлса ўйнайман, бўлмаса бошқа футбол ўйнамайман дерди. Мен эса унга ўзи билишини, бўлмаса ўқигин деб айтдим. Ўғлимнинг характери ҳам менга ўхшайди, биров чақирмаса ҳеч қаерга бормайди. Шундай қилиб, футболни тугатди. Ҳозир мураббийлик лицензиясига ўқияпти. Бир йилдан бери «Бунёдкор» академиясида мураббий бўлиб ишлаяпти.

Чемпионатимиз ҳақида

Ойбек Усмонхўжаевда ҳозирги футболимиз ва чемпионатимизни бемалол таққослай олади. Чунки ўзи ҳам илгари чемпионатимизда ўйнаган ҳолда бугунги чемпионатимизнинг ҳолатини ҳам яхши билади. Шу сабабли Усмонхўжаев ўзи ўйнаган даврдаги миллий биринчиликдан келиб чиққан ҳолда ҳозирги чемпионатимиз ҳақида ўз фикрларини билдирди:

- Бу йилги мавсумда қизиқарли ўйинлар кўп бўлди. Клублар бир-бирига рақобатчилик қила олишяпти. Кўриниб турибдики, «Пахтакор» ҳаммадан кучли. Шу боис уларнинг ҳар томонлама бошқалардан кучлилиги айни ҳақиқат. Умуман олганда, чемпионат ёмон эмас. Фақат терма жамоалар ўйнаётган маҳалда чемпионатдаги танаффуслар чўзилиб кетди. Балки бу масалани ҳам ўйлаб кўришса керак. Кейинги йили чемпионатимиз бундан ҳам кучлироқ бўлишини кутяпман.

«Пахтакор» тўғрисида

«Пахтакор»нинг муддатидан анча аввал чемпионликни қўлга киритгани, бошқаларнинг бу жамоага рақобат кўрсата олмагани чемпионат савиясига салбий таъсир кўрсатмаяптимикин?! Бу ҳақида Усмонхўжаевга мурожаат қилганимизда шундай деди:

-  Балки бу нарса савияга таъсир қилаётган бўлиши ҳам мумкин. Лекин ҳозир бу тўғрисида сизга аниқ бир нима дея олмайман. Кучли жамоа ўз номи билан барибир кучли. Чемпионат ҳақида эмас, «Пахтакор» хусусида гапирадиган бўлсам, рақибларни хотиржамлик билан ютаётгани – бу унинг айби эмас ва бу чемпионатга ёмон таъсир қилмайди. Шунчаки, «Пахтакор» ўз ишини қиляпти. Улар ғалабалар қозонишяптими, демак тўғри йўналишда ишлашаётганидан дарак беради. Агар Осиё Чемпионлар лигасида ҳам «Пахтакор» шу ўйинини кўрсатса, бемалол ғолиблик учун курашса бўлади. Фақат бошқа жамоаларимиз ҳам «Пахтакор»га интилиб кучайишга ҳаракат қилишлари керак.

 

Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter)

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!
&
Shaymardonov Nurbek Nasimovich
20/11/2019 17:03
Shahsan manga Pahtakorni kuchli kamanda deb bilmauman. shunchaki chempionatni boshidan. Pahtakorni chempionat qilib quyishdi. bulmasa. Nasaf bilan uyinni boshqargan Sudiya yo jarima tulashi yoki bulmasa. fudboldan nichi yilder ketishi kerak. edi. yoki. Ravshan akamiz ham Andijon Nasaf uyini haqiga aniqlik keritib berishlari kerak edi. usha uyinga ochiqchasiga Kimsan Ravshan akamiz ham uyinni buzib quyuvdila. kimga qanday bilmadim. lekin Kimda kim uzbek fudboli kutarilishi hohlasa. Fijdonam boshqarsa Fudbolimiz shundoq ham kuchli. shunchaki. bizaga haqiqat yuq.