Отабек Холматов муваффақиятининг сири нимада? Тимур Ибрагимов жавоб берди

Собиқ профессионал боксчимиз Тимур Ибрагимов ҳозирда АҚШда истиқомат қилиши баробарида менежерлик фаолиятини ҳам олиб бормоқда.

У бир қатор ўзбекистонлик чармқўлқоп усталарини океан ортига таклиф этганди. Жумладан, Отабек Холматов,  Козимбек Мардонов,  Фазлиддин Мелибоев,  Билолбек Мирзараҳимов ва Сардор Ёрмуҳаммедов айни вақтда АҚШда ўз омадларини синаб кўрмоқда.  

Улар орасида биргина Отабек Ҳолматов тез суръатларда юқорилашга эришиб, ярим енгил вазн(57,123 кг)  тоифаси рейтингида 2-ўринга кўтарила олди. 

Биз бу борада Тимур Ибрагимовга боғланиб, Холматовнинг бу омадли юриши ҳамда қолган ўзбекистонлик боксчиларимизнинг фаолияти билан қизиқдик.

- Биласизми, Отабекнинг бу муваффақиятли одимида жамоанинг ҳаракатлари катта ўрин тутади. Яъни, Отабек рингга чиқиб, ўз ишини қилмоқда. Унинг атрофидаги ишларни эса, промоутер, менежердан тортиб мураббийлар ва бошқа ишчилар тўғри бажаришмоқда. Шунинг учун ҳам у рейтингда иккинчи ўринга кўтарилди ва тез орада биринчи рақамли Патрик Томас билан жанг қилади. Ғалаба қозонса, чемпионлик жангида иштирок этади. Икки ой ичида бу даражага кўтарилиш осон иш эмас. 

Шунингдек, Козимбек Мардоновга ҳам катта умид қилгандик. Дастлабки жангда ўзини ҳар томонлама кўрсата олганди. Бироқ, кейинчалик унда иштиёқ йўқолгандек, Фазлиддинда эса соғлиқ билан муаммо юзага келди. Қисқа қилиб айтганда биргина Отабек ўз олдига жиддий мақсадлар қўйган. 

Кўпчилик боксдаги фаолиятдан кўра, пул топиш йўлига ўтиб кетмоқда. Шу туфайли, бизни промоутерлар ҳам ўзбекистонлик боксчилар билан ишлаш борасида ўйланиб қолишди. 

Шундай бўлса-да,  юртимиздаги истеъдодлар билан яхши натижалар қайд этишга ҳаракат қиламиз. Аввало,  ўзимизнинг промоутерлик клуби орқали боксчиларни чемпионлик даражасига олиб чиқмоқчимиз,  шунингдек профессионал бокс оламида ўз номига ва ўрнига эга бўлган PBC билан ҳам қўшма ҳамкорликни йўлга қўйиш ниятидамиз. Чунки Отабек агар, Патрик Томасни мағлуб этса, чемпион Лео Санта Крусга дуч келиши мумкин. Бу боксчи PBC билан ишлайди. Улар шунчаки чемпионликни бериб юбормайди. Шунинг учун улар билан ҳамкорлик режада бор. Менда Отабекдан ташқари грузиялик Отар Еронасян ҳам бор,  у ҳам жуда кучли ва чемпионлик даражасига чиқа олади. Ўйлайманки,  муваффақиятларимиз ҳали олдинда... 

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!
Baxil Alihuja
26/04/2022 12:47
Темурни фаолиятига омад тилайман! Чемпионлик насиб килсин!