Отабек Ғуломхўжаев:

Бугун Ўзбекистон Кубоги “А” гуруҳи, 1-тур доирасида “Андижон” клуби ўз майдонида “Локомотив”ни қабул қилди. Ушбу учрашувда мезбонлар 1:2 ҳисобида мағлуб бўлди.

Беллашувдан кейин “Андижон” бош мураббийи Отабек Ғуломхўжаев журналистларнинг саволларига жавоб қайтарди.

- “Локомотив”ни ғалаба билан табриклайман. Бугун шиддатли ўйин бўлди. “Локомотив”нинг мавсум бошида ишлари унчалик юришмади. Кейин кетма-кет ғалабаларни қўлга киритишни бошлади. Кўриниб турибдики, жамоа аста-секин ўз ҳолатига қайтяпти. Биз ҳам ушбу учрашувга максимал даражада тайёргарлик кўргандик. Ўзимиз яратилган вазиятлардан фойдалана олмадик, аммо хатоларимиз эвазига голлар ўтказиб юбордик.

- Кубок баҳсида “Андижон”га қандай мақсад қўйилган?

- Имкон қадар узоқроққа боришга ҳаракат қиламиз. Минимал вазифамиз гуруҳдан чиқиш.

- Биринчи бўлимда жамоа ўйини чиқмади. Иккинчи бўлимда пенальтидан гол ургач, ўйин яхши шаклланди. Аммо футболчиларга мотивация етишмаётгандек...

- Жамоанинг ички муҳитида айрим майда деталлар бор ва уларни йўлга қўйиб олишимиз керак. Таркибда кўпчилик футболчиларни ёшлигидан ўзим тарбиялаганман. Улар мени ҳали ҳам ёшлигимиздаги мураббий деб ўйлашяпти, шекилли. Қаердадир қаттиқроқ турсангиз хафа бўлиб олишади. Ўйин амалиётига кам эга бўлаётган футболчиларга ҳам имконият беряпмиз. Биринчи бўлимда уларнинг ҳужумларига чидашимиз керак эди. Мақсадимиз гол ўтказмаслик эди ва иккинчи бўлимда ҳужумкорликни оширишни ўйлагандик. Кўрдинглар, имкониятлар бўлди, фойдалана олмадик. Аммо ҳимояда болаларча хато қилдик. Дарвозабонимиз Жавоҳир Қиличевдан охирги марта қачон ўйнаганини сўрасангиз ўзи ҳам билмайди. Йўқ жойдан иккита гол олиб келдик.

- Жасур Жалолиддиновга голгача шижоат етишмади. “Локомотив”дек жамоада ўйнаб келди. У жамоа ўйинини қўлга олиши керак эмасми?

- “Локомотив”да у қуруқ машғулот билан чекланди, менимча. Унга имконият беришмади, худди шундай “Тамбов”да ҳам. Уни ёнини олмоқчи эмасман. Бироқ Жасурнинг бошидан қандай кечинмалар ўтганини мен биламан. Унинг олдида Ўзбекистоннинг бошқа клубларидан ҳам вариантлар бор эди. Жалолиддиновни эркалатмоқчи эмасман, керак пайтда уни жойига қўямиз. Лекин у албатта ўз ҳолатига тушиб олади. Етакчилик хусусияти бор. Аммо уни ҳали ёшлигини ҳам унутмаслик керак.

- Голлар стандартдан уриляпти...

- Масалан, Дониёр Абдуманноповнинг индивидуал маҳорати эвазига пенальти ишладик. Яхши комбинациялар қиляпмиз. Фақат охирги нуқтани қўядиган футболчи топилмаяпти. Машғулотларда ҳам фақат дарвоза олдида ишладик, у ерда ҳамма гол уради, асосий ўйинда эса...Менимча, омадга ҳам боғлиқ.

Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter)

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!
&
Bek 56
20/04/2021 21:47
Жалолиддинов етакчи бу'лишига 5 _6 йил бор .мартинга етакчиликни бериш керак майдонда барча футблчилар унга бу'йсинишлари керак

Минбар

Барча блоглар