Отабек Ғуломхўжаев: Айрим ўйинчилар майдонга тушганидан кейин футболчи эканлигини эсдан чиқариб қўйди, шекили

Суперлиганинг 3-туридан ўрин олган "Бунёдкор" ва "Андижон" жамоалари ўртасидаги ўйиндан кейинги матбуот анжуманининг биринчи қисмида "бургутлар" бош мураббийи Отабек Ғуломхўжаев иштирок этди.

"Бунёдкор"ни ғалаба билан табриклаймиз. Ўйин учун тузилган режамиз амалга ошмади. Баъзи футболчилар билан гаплашиб олишим керак. Улар майдонга тушганидан кейин футболчи эканлигини эсдан чиқариб қўйди, шекилли.

Ҳеч қачон ҳакамларга эътирозим бўлмаган. Ҳакамлар ҳафа бўлмасин, VAR футболнинг жозибадорлигини бузиб қўймоқда. "Андижон"нинг ўйинларида VAR бўлмаслигини хоҳлардим. Шунча тўхталиш бўлди, бироқ якунда 3 дақиқа қўшиб берилди. Менимча, 7 дақиқа қўшиб берилиши керак эди. Қолаверса, VAR ўйин темпини бузиб қўймоқда. Ўзи VAR нимага аралашиши керак? Бугун ҳатто аутда ҳам ҳакам VAR'га мурожаат қилди. Бу баҳона эмас. Қолаверса, биринчи голда ҳам тўп майдон ташқарисига чиқиб кетгандек кўринди.

Қирғизистонлик легионер? У иккита ўйинда майдонга тушди. Тўғриси, ушбу учрашувлар ҳақида эслашни ҳам хоҳламайман. Унинг ўзи билан гаплашиб олдик. Исмини айтмайман, улар "Бунёдкор" академияси тарбияланувчиси ҳисобланади. Лекин айримлари майдонда ўзидан бошқа футболчи йўқдек ҳаракат қилишди. Эртага ўйинни таҳлил қилиб, хатоларини ўзларига кўрсатамиз. Уларнинг ёшини ҳам инобатга олиш керак. Аммо мен учун 18-19 ёшдаги футболчи ёш эмас. Балки, тажриба етишмагандир", - дея мураббий сўзларини келтирмоқда SPORTS.uz нашри мухбири.

Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter)

Минбар

Барча блоглар