Ўруновнинг трансфери нима бўлади?

Россия премьер-лигасининг 26-турида энг кутилмаган натижа Москвада қайд этилди. Чемпионлик учун курашиши кутилган “Спартак” ўз майдонида, клуб ташкил этилганининг 99 йиллиги нишонланаётган куни лигада қолиш учун ҳаракат қилаётган “Уфа”дан қақшатқич мағлубиятга учради.

Бу икки жамоа ўйини принципиал аҳамиятга эга эди. “Спартак” ёзда “Уфа” бош директори Шамиль Газизовни ишга олиб, беш ойдан сўнг бўшатиб юборди. “Уфа”дан олинган Остон Ўрунов ҳам уфаликларга ижара асосида қайтариб берилди.

large

Кўпчилик мухлису мутахассислар “Уфа”да етакчилик қобилиятларини намойиш этиб келаётган Остон Ўрунов ўзи ҳуқуқий жиҳатдан тегишли бўлган “Спартак”га қарши қандай ўйнашини кўрмоқчи эди. Бироқ, легионеримиз жароҳатидан тикланиб улгурмади ва учрашув қайдномасига киритилмади.

Остон Ўрунов ёрдамисиз қолганига қарамай, “Уфа” футболчилари “Спартак”нинг байрамини буза олди. Владислав Камиловнинг дубли ва Филип Мрзлякнинг битта аниқ зарбаси москваликларни 3:0 ҳисобида енгишга кифоя қилди. Меҳмонлар яна бир неча вазиятни қўлдан чиқарди.

Учрашувдан сўнг, “Уфа” бош директори Шамиль Газизов саволларга жавоб қайтарар экан, Остон Ўрунов масаласига ҳам тўхталди.

- 3:0 ишонарли ҳисоб, лекин биз янада кўпроқ гол уришимиз мумкин эди. Биз “Спартак”га қараганда яхшироқ ўйнадик. Жамоамни табрикладим, - деди Шамиль Газизов.

- “Уфа”нинг янги бош мураббийи Алексей Стукалов ҳамкасби Доменико Тедескони енгди, деган фикрга қўшиласизми?

- Бугунги баҳс бизнинг футбол ўйнай олишимизни кўрсатди.

- Улар Чемпионлар лигаси йўлланмасидан қуруқ қолиши мумкин. “Спартак”га нима етишмаяпти?

- Бошқа клубларни муҳокама қилмайман. Фақат “Уфа” ҳақида гапираман.

- Клубингиз премьер-лигада қолишига ишончингиз комилми?

- Жамоамга ишонч доим бор. Бу уларга туртки бўлади, деб умид қиламан.

- Ўруновнинг ижарасини узайтиришни устайсизми?

- Биз мамнуният билан Остон Ўруновни олиб қолишни истаймиз. Лекин кўп нарса “Спартак” раҳбариятига боғлиқ бўлади.

large (1)

Таъкидлаш жоизки, Остон Ўруновнинг “Спартак” билан 2025 йилнинг ярмигача шартномаси бор. Москваликлар ҳамюртимизни мавсум охиригача “Уфа”га ижарага берган. Уфаликларда уни ёзда 3 миллион еврога трансфер қилиш ҳуқуқ бор. Газизов бу борада чемпионат якунлгач, бир қарорга келишини айтган. Чунки клуб премьер-лигада қолиш учун курашмоқда ва кўп нарса уфаликлар юқори лигадаги ўрнини сақлаб қолишига боғлиқ.

Бундан ташқари, “Спартак”да бош мураббий ўзгариши кутилмоқда. Остон Ўруновга етарли даражада ишонч билдирмаган ва имконият бермаган Доменико Тедеско ўрнига келадига мутахассис ҳамюртимизни “Спартак”да олиб қолиши ҳам мумкин. Хуллас, Остоннинг пойтахт клубидаги тақдирига ёзда аниқлик қиритилади. Унгача легионеримиз “Уфа”да тўп тепиб туради.

Шомуродовнинг устози Ўруновни “Спартак” юлдузига айлантириши мумкин!

Газизов Ўрунов ҳақида тезкор хабар айтди

Абрамов легионеримиз ўйинига отланган эди, аммо...

Ҳакам ўзбекистонлик легионер бурнини синдириб, уни нокаут қилганини айтди!

Ўрунов бўйича муҳим янгилик!

Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter)

Минбар

Барча блоглар