Ўрунов “Спартак”га қайтмоқда. Энди нима бўлади?

Россия премьер-лигасидаги ягона вакилимиз – Остон Ўрунов учун жорий мавсум муваффақиятли ўтди, дея олмаймиз. Аслида Остон мавсум бошланишидан олдин ўзи орзу қилган шартномага эга бўлган эди.

Ўтган мавсумнинг иккинчи ярмини “Уфа”да юқори савияда ўтказган ўзбекистонлик ярим ҳимоячи ўзига харидор бўлган Россия грандлари орасидан “Спартак”ни танлади. Албатта, ҳамюртимизнинг бу қарорига уни Россия футболига олиб кирган Шамиль Газизовнинг таъсири катта бўлган.

Қизиғи шундаки, охирига бориб, Ўруновнинг хизматлари Газизовга ҳам керак бўлмай қолган кўринади.

Ҳаммасига бир бошдан ойдинлик киритамиз.

RzGRDeH2DZI

Ўрунов мавсумнинг биринчи ярмида “Спартак”да ўз ўрни учун курашди, лекин буни уддалай олмади. Россия кубогида битта ўйинда битта гол урди, премьер-лигада саккиз марта майдонга тушиб, ўзини кўрсата олмади. Балки бунга аксарият учрашувларда бир неча дақиқа ўйнагани сабабдир.

Бош директор лавозимида ишлаган Шамиль Газизовнинг хизматларидан воз кечган “Спартак” раҳбарияти унинг ортидан Москвага келган Остон Ўруновни ҳам жамоадан кетказди. Қишки трансферлар вақтида ўзбек футболчисини сўраган “Рубин”дан олти миллион евро талаб қилиб, бу трансферни йўққа чиқарган “Спартак” хўжайинлари қишда Остонни “Уфа”га ижарага берди ва мавсум охирида 3 миллион еврога сотиб олиш ҳуқуқини тақдим қилди.

Кўпчилик мухлису мутахассислар Остон Ўрунов “Уфа”да яна порлашини кутганди. Шунга яраша ҳамюртимиз ҳам дастлабки баҳсларда анча фаол ҳаракат қилди. Лекин қисқа фурсат ичида бир неча маротаба шикастланиб, ўз даражасига кўтарила олмади. Ҳатто, чемпионатнинг охирги ўйинида ҳам 22-дақиқада жароҳат туфайли майдонни эрта тарк этишга мажбур бўлди.

Умуман олганда, Ўрунов уфаликлар сафида премьер-лигада саккизта, мамлакат кубогида иккита ўйин ўтказиб, айтарли натижа қайд этгани йўқ.

Ўруновнинг трансферини мавсум якунлангач ҳал қилишини айтган Шамиль Газизов футболчи ижара шартномаси тугагани учун “Спартак”га қайтарилишини маълум қилди. Маълумотларга қараганда, томонлар трансфер бўйича келиша олмаяпти. Москваликлар сўраётган 3 миллион евро “Уфа”га қимматлик қилмоқда. Уфаликлар Остон учун шу сумманинг учдан бирини тўлашга тайёр.

- Ўрунов масаласида янгилик йўқ, музокаралар кўнгилдагидек кетмаяпти, - деди Шамиль Газизов журналистлар билан суҳбатда.

- Остон энди нима қилади?

- “Спартак”га қайтади.

- Сиз музокараларни давом эттиряпсизку...

- Буёғига нима бўлишини кутамиз.

unnamed (1)_1

Кўриниб турибдики, Остон Ўруновнинг келажаги ҳамон мавҳумлигича қолмоқда. У “Спартак”га қайтади. Энди кўп нарса “Спартак”ни қабул қилиб оладиган янги бош мураббийга боғлиқ бўлади. Ўруновга етарлича имкон ва вақт беришини таъкидлаб келган ва амалда сўзини устидан чиқмаган Доменико Тедесконинг “Спартак”даги фаолияти якунланди. У ўзи ваъда қилганидек москваликларни чемпионга айлантира олмади ва жамоа иккинчи ўрин билан кифояланди.

Энди “Спартак”га келадиган янги бош мураббий ва у ташкил қиладиган мураббийлар штаби жамоадаги барча ўйинчиларнинг имкониятларини ўрганиб чиқади. Балки, янги мутахассис Остон Ўруновнинг ҳам ҳеч ким илғамаган устунликларини кўра олар...

IMG_9513

Бу ёғига нима бўлишини вақт кўрсатади. Остон эса, яқинда бошланадиган 2022 йилги жаҳон чемпионати ва 2023 йилги Осиё кубогининг қўшма саралаш турнирида Ўзбекистон миллий терма жамоаси шарафини муносиб ҳимоя қилиши керак.

Яхшиям Шомуродов бор экан!

Transfermarkt ўзбекистонлик тўпурарнинг Англия клубига ўтиш имконини баҳолади!

А Серия скаутлари Шомуродовни мақтаяпти!

Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter)

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!
&
Abdushukurov O
17/05/2021 19:17
"Spartak"ga o'tish O'runov uchun ertalik qilardi-da. Bola yoshlik qildi, shoshildi. Bir qancha yil "Ufa"da toblanish kerak edi. Ana undan keyin o'tsa bo'lardi, qayerga bo'lsa ham...

Минбар

Барча блоглар