“Бавария”нинг энг зўр ҳужумчиси Роберт Левандовски 29-тур учрашувида “Фортуна” дарвозасини икки маротаба ишғол қилиб, жорий мавсумдаги голлари сонини 29 тага етказди. Бу кўрсаткични қайд  этиш учун польшалик форвад 27 та учрашувда иштирок этди. Бундан ташқари, Бундеслига иштирокчилари орасида Левандовски гол урмаган жамоа қолмади. 

“Фортуна” дарвозасидан жой олган мазкур икки гол Левандовскини кучли бешлик мамлакатлари чемпионатлари тўпурарлари баҳсида биринчи ўринга олиб чиқди. Шу орқали Роберт Европа миллий лигаларида гол уриш бўйича энг кўп очко жамғарган футболчига бериладиган “Олтин бутса”га асосий даъвогарга айланди.

“Олтин бутса” соврини УЕФАга аъзо мамлакатларнинг бир мавсумдаги энг зўр тўпурарига берилади. Ғолиб киритилган голлар сонини чемпионат коэффицентига кўпайтириш орқали аниқланади. 1997 йилдан буён амал қилаётган ушбу қоидага кўра, кучли бешлик чемпионатларида ҳар бир киритилган гол учун икки очко тақдим қилинади.  Чемпионатлар рейтингида  6-ўриндан 21-поғонагача жойлашган лигаларда ҳар бир гол 1,5 очко келтиради. Қолган чемпионатларда бир гол бир очко берилади. Якунда энг кўп очко жамғарган тўпурарга “Олтин бутса” соврини топширилади.

2010 йилдан буён бу соврин фақат уч футболчи – Лионель Месси, Луис Суарес ва Криштиану Роналдуга насиб қилмоқда.

goldboots

Жорий мавсумда ҳам Месси ва Роналду бош совринга даъвогарлар қаторидан жой олган. Лекин Месси ҳам, Роналду ҳам бу йил Левандовскидан анча ортда қолиб кетди.

“Олтин бутса” рейтинги билан танишинг:

  1. Роберт Левандовски («Бавария») — 29 голов (58 очко)
  2. Чиро Иммобиле («Лацио») — 27 (54)
  3. Тимо Вернер («РБ Лейпциг») — 24 (48)
  4. Эрлинг Холанд («Боруссия») — 26 (44)
  5. Криштиану Роналду («Ювентус») — 21 (42)
  6. Лионель Месси («Барселона») — 19 (38)
  7. Джейми Варди («Лестер Сити») — 19 (38)
  8. Килиан Мбаппе («Пари Сен-Жермен») — 18 (36)
  9. Виссам Бен-Йеддер («Монако») — 18 (36)
  10. Ромелу Лукаку («Интер») — 17 (34)
Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter)