Олти очколик ўйин олдидан нималарни биламиз?

“Андижон” чемпионатимизда ҳалигача ғалаба қозона олмай келаётган ягона жамоа бўлиб турганини яхши биласиз. Улар ортда қолган 16 та ўйиннинг 7 тасида дуранг ўйнашди ва 9 бор рақибларига ютқазишди.

Ҳозирча чемпионатдаги энг кўп дуранг андижонликларга тегишли бўлиб турибди. 17-турда ўз майдонида “Бухоро”ни қабул қилади. Бу ўйиннинг бир қатор ўзига хос қизиқ жиҳатлари бор. Иккала жамоа турнир жадвалида ёнма-ён боришаётганини ҳисобга олсак, бу аутсайдерлар ўртасидаги баҳс десак тўғри бўлади. Фақат “Андижон”дан фарқли ўлароқ, “Бухоро”нинг ҳисобида битта ғалаба бор.

Шунингдек, “Андижон”ни бошқарган Александр Хомяков ва Жамшид Саидов тандеми энди “Бухоро”да ҳам биргаликда ишлашмоқда. Бу сафар Саидов бош мураббий ролида. Шу боис иккала мутахассис ҳам “Андижон”ни яхши билишади ва ҳозирги таркибининг аксариятини ушбу мураббийлар шакллантиришган.

Биринчи даврада Муборакда ўтказилган учрашувда 2:2 ҳисоби қайд этилган. Аслида ўша ўйинда андижонликлар мавсумдаги дастлабки ғалабасини қўлга киритишга жуда яқин эдилар. Аммо охирги сонияларда бухороликлар мағлубиятдан қутулиб қолишганди.

Умумий ҳисобда ушбу жамоалар 47 марта тўқнаш келишди. Устунлик эса “Бухоро” жамоасида. Улар 21 маротаба ғолиб чиқишган бўлса, андижонликлар 13 та учрашувда устун келишган. Яна 13 бор жамоалар дурангга рози бўлишган.

Эътиборлиси, иккала жамоа бош мураббийлари бўлажак учрашувни олти очколик аҳамиятга эга дея таърифлашмоқда. Чунки иккаласига ҳам ғалаба сув ва ҳаводек зарур. Уларнинг мақсади Суперлигада жон сақлаб қолиш ва бу йўлда уларни хато қилишга ҳаққи йўқ. Шундай экан, Андижонда бўлиб ўтадиган беллашув ҳар жиҳатдан муҳим.

Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter)

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!
Расулжон Тоштемиров
25/09/2020 11:20
Андижон ютади деб умид киламан