Эртага Тожикистон пойтахти Душанбе шаҳрида ОФК Кубоги гуруҳ баҳсларига старт берилади.

“F” гуруҳидан жой олган “Насаф” жамоаси Қирғизистоннинг “Олой” клубига қарши илк турни ўтказади. Мазкур беллашувга иккала жамоа ҳам жиддий тайёргарлик кўрмоқда. Албатта, ушбу беллашувда вакилларимиз фаворит саналади.

Ўйиндан олдин “Олой” бош мураббийи Нўъмонжон Юсупов sports.uz мухбирининг “Насаф”ни мағлуб этиш йўлини топдингизми, деган саволига шундай жавоб қайтарди:

- Айтишим мумкинки, биз олдимиздаги ўйинга жуда яхши тайёргарлик кўряпмиз. Аммо бу ниҳоятда оғир учрашув бўлишини ҳам билиб турибмиз.

Биз “Насаф”ни юта оламизми? Бу саволга жавобни фақат ўйин бера олади. Мен сизга олдин ҳам айтганман: “Насаф” кучли рақиб. Бу клуб нафақат гуруҳнинг, балки ОФК Кубогининг фаворити ҳисобланади. Лекин биз ҳар қандай вазиятда ҳам “Насаф” жамоасига муносиб қаршилик кўрсатишга уриниб кўрамиз, - деди бош мураббий.

Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter)