Олимпиячиларимизнинг муваффақиятсизлиги, футболдаги тезкорлик, АГМКнинг янги мақсадлари - Мухтор Қурбонов билан суҳбат

АГМК клуби ўтган йилги иштирокидан хулосалар чиқарган ҳолда янги мавсум учун астойдил тайёргарлик кўрмоқда. Клубда эса бир қатор футболимизда кўзга кўринган мутахассислар ишлаётганини яхши билсангиз керак. Масалан, АГМКда спорт директори сифатида ишлаб келаётган Мухтор Қурбоновни ҳам ишқибозлар жуда яхши билишади. Ўз вақтида тажрибали футболчи бўлган ва миллий терма жамоамизда ҳам муҳим ўйинчилардан бири бўлганди. Эндиликда эса у АГМК клубида меҳнат қилиб келмоқда. У билан эса бир қатор қизиқарли мавзуларда суҳбатлашса бўлади. Масалан, клуб ҳақида. Шунингдек, яқинда олимпия терма жамоамизнинг Таиланддаги иштироки борасида ҳам Мухтор Қурбонов ўзининг шахсий қарашларига эга. Биз эса мутахассис билан иккита мавзу - олимпия терма жамоамизнинг иштироки ва АГМК клуби ҳақида суҳбатлашдик.

"Йигитларимиз йўлланмани қўлга киритишга қодир эдилар"

- Олимпия терма жамоамизнинг Осиё чемпионатидаги иштироки барчанинг муҳокамасида бўлиб турибди. Бу масалада сизнинг фикрларингиз қандай?

- Терма жамоамиз Таиландда олтита ўйин ўтказди. Барча учрашув турлича кўринишда ўтди. Масалан, биринчи турда Эрон билан дуранг ўйнадик. Ўшанда футболчиларимизда ҳаяжон бўлди, босим сезилди, каби турли сабаблар келтирилди. Кейин иккинчи учрашувда Хитойни мағлуб этдик. Тўғри, ҳужумдаги ишларимиз ёмон бўлмади, тўпни ўзимизда назорат қилдик. Лекин ҳимояда муаммоларимиз кўзга ташланиб турди. Нафақат ушбу ўйинларда, балки бутун мусобақа давомида ҳимоячиларимизда ўзларига бўлган ишонч кўринмади. Кўпчиликда Ойбек Бозоров яхши таассурот қолдирди, шахсан менда ҳам. Жасур Яхшибоевдан эса кўп нарса кутилганди. Бироқ у ўз даражасида ўйнай олгани йўқ. Ҳужумда эса биргина Бобур Абдиҳолиқовга ишониб қолинди. Натижада турнирнинг охирига қадар битта ўша ҳужумчи билан ўйнадик. Бобир эса бир қатор имкониятларни йўққа чиқарди. Тўғри, ора-орада Мираҳмадовни ҳам майдонга туширишди. Лекин асосий таркиб аъзоларидаги чарчоқ аломатлари билиниб турди. Шу боис Осиё чемпионатида терма жамоамиз деярли 11-12 футболчи билан ўйнади. Мусобақа ҳам бўлиб ўтди, терма жамоамизнинг ўйинини ҳамма кўрди. Боя айтганимдек, ҳимояда муаммоларимиз кўриниб қолди. Кўпчилик ишонч билдирган айрим ўйинчиларимиз эса ишончни оқлай олишмади. «Насаф» аъзоси Шароф Муҳитддиновдан ҳам умидимиз катта эди. Уни ўзим ҳам клубдаги ўйинларини кузатганман. Қисқа қилиб айтганда, у ҳам яхши футболчи. Мураббийлар эса турнир давомида Муҳитдиновдан ҳам етарли даражада фойдаланишлари керак эди. Лекин бундай бўлмади. Аброр Исмоилов ҳам жамоамизга ёрдам бера оладиган даражада эди. Аммо у ҳам фақат захирада ўтирди холос. Таркибимизда имконияти кўпроқ бўлган йигитларимиз бор эди. Жамоамиз мусобақа давомида 100 фоиз ўзини кўрсата олмади. Йигитларимиз ўз кучи билан Олимпиада масаласини ҳал қилишга қодир эдилар. Афсуски, яна бир қадам, ярим қадам билан қолиб кетдик, деган гаплар айтилди. Лекин бизда босим борган сари кучайиб борди. Саудия Арабистони билан учрашувда ҳаммасини ҳал қилиб қўйишимиз керак эди. Аммо ўша баҳсда биз ютқаздик. Ҳаммаси учинчи ўрин учун ўйинда ҳал бўладиган бўлди. Натижада футболчиларимиздаги босим икки ҳисса кучайиб кетди. Бундай пайтда эса ғолиб чиқиш қийин эди. Тўғриси, имкониятларимиз 50х50 эди. Айниқса, руҳий томондан жамоамизга қийин эди, чунки бизникилар оғир аҳволга тушиб қолишганди. Шунга қарамай, йигитлар ҳаракат қилишди. Барибир футболчиларимиз ёрқин жиҳатларини кўрсата олишмади. Ваҳоланки, уларнинг қўлидан кўп нарса келарди. Агар Австралия билан бошқа пайт ўйнаганимизда бемалол юта олардик. Аммо учинчи ўрин учун курашда жамоамизни босим ҳар томонлама қийин аҳволга солиб қўйди. Бундан ташқари, футболчиларимиз декабрь ойида жўнаб кетишди. Аввал БААда йиғин ўтказишди, кейин Таиландга кетишди. Бир ойдан кўпроқ вақт давомида уйда бўлишмади. Менимча, футболчиларимиз турнир бошланишидан олдин ҳеч бўлмаганда икки кунга уйларига келиб кетишлари керак эди. Ўзим ҳам яхши биламанки, биз четга чиқадиган бўлсак, 10 кундан кейин уйни, ватанни соғинишни бошлаймиз. Катта мусобақаларга кетишдан олдин шундай жиҳатларга ҳам эътибор қаратиш керак. Чунки бунда бир-иккита ўйинчи эмас, балки бутун жамоа бор. Кимдир бундай жараёнга тайёр, яна кимдир тайёр бўла олмаган. Аслида эса бу терма жамоамизда энг сараланган, яхши футболчилар йиғилганди. Энди ушбу терма жамоадан кўплаб ўйинчиларимизни миллий термага жалб қилиш керак. Шу билан бирга навбатдаги Осиё чемпионати учун янги таркибни бугундан шакллантириб бориш лозим.

Мухтор Қурбонов3

- Бош мураббий Любинко Друлович ҳақида нима дея оласиз? Бу борада ҳам турли фикрлар билдирилмоқда.

- Мен ҳам кўпчиликнинг фикрига қўшиламан. Равшан Ҳайдаров ўзимизнинг мураббий, яхши савияга эга. Ёмон мураббий бўлганида шунча йиллардан бери терма жамоаларда ишлармиди? «Пахтакор»да ҳам қандай ишлар олиб борганини биламиз. Икки йил олдин эса олимпия терма жамоаси бош мураббийи сифатида чемпион бўлиб қайтишди. Раҳбарият хориждан мураббий олиб келсак яхши бўлади деб ўйлашгандир. Лекин ўша пайтда Равшан Ҳайдаровнинг ўзига жамоани топширишганида балки ҳозир Олимпиада йўлланмасини қўлга киритган бўлиши ҳам мумкин эди. Яна бир хатоларимиздан бири миллий терма жамоада ҳам хорижлик мураббийнинг ишлагани бўлди. Унинг келиб кетиши орқали қанча муаммоларга учрадик. Натижада бир, бир ярим йил вақтимизни йўқотдик. Бизнинг футболчилар техник жиҳатдан яхшироқ ва ҳужумкорликни хуш кўришади. Шунга яраша мураббийни танлаб олиб келишса мақсадга мувофиқ бўлади. Купер келганида эса бошиданоқ унинг фалсафаси фақат ҳимоявий футбол эканлиги билиниб турганди. Бизнинг футболчилар эса ҳеч қачон ҳимоявий ўйинга мослашишмаган. Яқинда Москвага бориб «Локомотив» клубида малака ошириб келдим. Уларнинг ишлаш услубини кўрдим. Биласизми, у ерда футбол тез. Масалан, академиядаги болалари ҳам футболни тез ва ақл билан ўйнашади. Шунда ўзимизга-ўзимиз савол берамиз, нимага бизнинг футболчиларимиз секин ўйнашади, майдонда худди пиёда юргандек таассурот қолдиришади. Нима учун шундай? Ҳаммаси қанақадир куч ёки бошқа нарсада эмас, балки барчаси миянинг ишлашида! Агар мия тез ишласа, футболни ҳам шунча тез ўйнайди. Бизда эса жисмоний томондан кучи етмаяпти деб айтамиз-у, аммо аслида бу умуман бошқа нарса. Тўғри, клубларимиз декабрдан бошлаб машғулотларга киришишади. Бундай пайтда жисмоний томондан ҳам ва яна бошқа жиҳатлар устида ҳам ишлашади. Аммо буларнинг бари бошқа нарсалар. Аслида эса тезлик миядан бошланади. Майдонда қанча тез фикрласангиз, футбол ҳам шунга яраша тезлашиб бораверади. «Локомотив»нинг асосий жамоаси ва академиясидаги машғулот жараёнларини кузатдим. Агар ўзимиздаги 14 ёшдаги футболчиларимизни ўша ерга олиб бориб, уларни қўлига топширсак, 3-4 йилдан кейин бемалол катта мусобақаларда ўйнай оладиган даражага чиқадилар. Бизда техника бор, тўп билан ишлашни биламиз. У ерда эса мия билан тезкор фикрлаш, футболни тез ва сифатли ўйнашни ўрганадилар. Бизнинг йигитларимизда эса барибир жиддий турнирларда тезлик ва тўғри футбол ўйнаш етишмаяпти. Ҳаракат қилишяпти-ю, аммо, барибир секин ўйнашяпти. Ўйин пайтида қарор чиқариш, тез фикрлаш ҳам секин бўляпти. Боя айтганимдек, қанча тез фикрлаб ўйнаса, футбол ҳам тезлашади. Афсуски, ўйинчиларимизга шу нарса етишмаяпти.

Мухтор Қурбонов

- Бизда ҳам иқтидорли ёшлар бор, йўқ эмас. Аммо уларнинг ривожланиши қандайдир чегарагача бўлиб қолмоқда. Натижада кейинчалик уларни йўқотиб қўйяпмиз. Масалан, Европанинг кучли чемпионатларида япониялик ва жанубий кореялик футболчиларнинг тўп суришлари одат тусига кирган. Бизнинг тизимда эса хатолик бор...

- Тўғри, йигитларимиз 19-20 ёшгача нималарнидир ўрганишяпти-ю, аммо кейин тўхтаб қолишяпти. Демак, ривожланиш учун аниқ тизим бўлмаса қийин бўлаверади. Масалан, Японияни оладиган бўлсак, улар доим кейинги режаларини тузиб юришади. Бирор мусобақада қатнашишса ҳам албатта бўлажак турнирларни унутиб қўйишмайди. Шунинг учун Японияда 2030 йилгача бўлган футбол стратегияси ишлаб чиқилган. Ёки Қатарни олайлик, улар 15 йил олдин футболда ривожланишни бошлашган. Бу эса миллий терма жамоасида ўз мевасини берди. Испаниялик мутахассисларни олиб келишди ва натижада қатарликлар битта тизим бўйича ишлашни бошлашди. Ҳамма нарса тизимга боғлиқ.

- Бизда асосий муаммо нимада?

- Менталитет. Қандайдир кўнгилчанмиз. Масалан, икки жамоа ўртоқлик ўйнаётган бўлса ёки бир жамоа вакиллари машғулотларда қатнашишаётган бўлса, футболчи шеригига «подкат» қилиб қўйса, дарҳол секинроқ ўйна, эртага ўйинимиз бор деб хадиксираб туришади. Лекин майдонга чиқдингми, ҳаммасини унут. Бу сен учун иш. Керакли пайтда «подкат» қилиш керакми, марҳамат шуни қил ёки туртиш керак бўлса туртсин. Ўзига яраша қаттиққўллик билан ўйнаш лозим. Агар жамоадошига тўпни бироз қаттиқроқ узатса, дарҳол секинроқ узатмайсанми деб бақиришади. Аммо аслида ундай эмас. Тўпни қаттиқ ёки кучли узатдими, уни тўхтатиб олиш энди сенинг ишинг бўлади. Тўпни қаттиқ узатдими, ўз-ўзидан ўйинчи ҳам тез чопишига тўғри келади. Ўз-ўзидан эса футбол ҳам тезлашади. Европада ҳаммаси қатъий. Футболчилар эрталаб 9 да базага келишади ва ҳаммасини бажариб, кечки пайт 7 да уйга қайтишади. Бизда қанақа? Футболчи машғулотга кетди, аммо кун давомида яна бошқа юмушларини ҳам қилиб юради. Болани мактабга ёки боғчага олиб бориш, бозорга чиқиш ваҳоказо. Лекин футболчи бўлишни истайсанми унда ҳаммасига қатъий амал қилиш лозим. Бошқа ишларга чалғимаслик керак. Футболчи бутун эътиборини фақат ўз ишига ва ўйинига қаратсин. Бошқа ишлар эса унинг хаёлини чалғитади. Шундай экан, керак пайтда менталитетни ҳам ўзгартира олиш керак. Бизда эса характеримиз юмшоқ. Спортда эса бирор нимага эришмоқчи бўлсангиз, бундай нарсалар сизга халақит қилади. Футболчи қатъиятли, тартиб-интизомли ва тезкор бўлиши керак.

қурбонов4

"АГМК Осиё Чемпионлар лигаси учун курашади"

- Янги мавсумда АГМК олдига яна катта мақсадлар қўйилаётгани ҳақида эшитяпмиз...

- Ҳар йили мақсад жиддий бўлади. Аммо доим қанақадир сабаблар бўлиб қолади. Мисол учун ўтган йили таркибимиз 90 фоизга ўзгарди. Мураббийга эса бир жамоани шакллантириб, нимагадир эришиши учун уч йил вақт керак. Ўтган йилги хато ва камчиликларимиз кўринди. Энди шунга қараб ожиз нуқталаримизни кучайтиряпмиз. Масалан, Йован Жокични қайтардик. Шунингдек, Мате Ватсадзе, Арсланмират Аманов, Санжар Турсунов каби футболчиларни олиб келдик. Бу йил ҳам мақсадимиз жиддий. Айниқса, Осиё Чемпионлар лигаси йўлланмасини қўлга киритиш асосий вазифамиз. Жамоамиз БААда йиғин ўтказяпти. У ерда 4-5 та назорат учрашувларини ўтказиш режамиз бор.

- Клубда легионерлар лимити тўлди. Умуман олганда, селекция ишлари яна давом этяптими? Таркибда яна янгиларни кўрамизми?

- Трансфер йил давомида бўладиган жараён. Янги ўйинчиларни жалб қилганимиз билан селекция ишлари тўхтаб қолмайди. Трансфер ойнаси ёпилгунича селекция ишлари давом этади.

- Клубга бир қатор ўйинчилар таклиф этилди. Айтинг-чи, қайси футболчинининг музокараси қийин кечди?

- Футболчилар билан музокараларда у қадар қийинчиликлар бўлмади. Мисол учун Жокич «Локомотив»га ўтишдан олдин АГМКда ўйнаган. Ўзи билан гаплашганимизда яна Олмалиқда ўйнашни хоҳлашини айтди. Элгужа Григалашвили АГМКда ярим йил ўйнади ва жамоа унга ёқди. Натижада у билан ҳам шартномани узайтириш қийинчилик туғдирмади. Арсланмират Аманов ҳам илгари АГМКда тўп суриб кетганди. Эътибор берган бўлсангиз, биз янги, ҳеч кимга таниш бўлмаган ўйинчиларни олмадик. Ҳаммаси тажрибали, чемпионатимизда ўйнаган ўйинчилар. Чунки ўтган йили легионер масаласида биз хатоликларга йўл қўйдик. Бу йил ҳам ўша хатоларни такрорламаслик мақсадида бу йил ўзимиз кўрган, билган, чемпионатимизда ўйнаб, футболимизни тушуниб олган легионерларни таклиф қилдик. Улар билан музокараларда ҳеч қанақа муаммо бўлмади. Биз уларни таклиф қилдик ва ўзлари ҳам жамоамизда ўйнаш бўйича хоҳишлари борлигини маълум қилишди. Барчаси клубга ёрдам бериш ниятида келишган. Аммо қуруқ гаплар билан чекланмасдан энди амалда ҳам исботлашга ҳаракат қилишади.

Мухтор Қурбонов4

- АГМКда молиявий ҳолат бўйича ишлар қониқарли эканлиги ҳақида кўп эшитамиз. Айтинг-чи, янги мавсум учун клубнинг бюджети қандай?

- Ёмон эмас, яхши. Бизда ҳаммаси меъёрида. Кўп ҳам эмас, кам ҳам эмас. Албатта, клуб раҳбарлари катта эътибор беришяпти. Шароитлар ҳам яхши.

 

Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter)