Олимпиячиларимиз сони яна биттага ошди

Япониянинг Токио шаҳрида жорий йилнинг ёзида бўлиб ўтадиган Олимпия ўйинларига қиличбозлик бўйича Ўзбекистон миллий терма жамоасида узоқ кутилган биринчи лицензия қўлга киритилди, деб хабар беради Ўзбекистон қиличбозлик федерацияси Матбуот хизмати.

"Токио-2020" Олимпия ўйинларига тайёргарлик дастурига мувофиқ, Ўзбекистон терма жамоаси аъзоси, навоийлик Малика Ҳакимова Жаҳон кубоги ҳамда Осиё кубогида мунтазам равишда иштирок этиб, жаҳон чемпионати саралаш мусобақаси якуний натижаларига кўра, Халқаро қиличбозлик федерацияси — ФИE қарорига биноан, тўғридан-тўғри лицензия олиш имкониятига эга бўлди.

Таъкидлаш лозим, Малика Ҳакимова 2021 йил 21-24 март кунлари Қозон (Россия) шаҳрида бўлиб ўтган якуний саралаш чемпионатида қиличбозликнинг шпага турида иштирок этиб, ўз шахсий ҳисобига қимматли очколар йиғишга эришди. Натижада, Токиодаги Олимпия ўйинларига тўғридан-тўғри лицензия қўлга киритиш учун FIE томонидан рухсат этилган жаҳон рейтингидаги баллар йиғиндиси унга етарли бўлди.

Қувонарли жиҳати, аёллар ўртасида Олимпия ўйинларига тўғридан-тўғри қўлга киритилган қиличбозларимизнинг ушбу биринчи лицензияси қиличбозлик бўйича Ўзбекистон тарихида илк бор қайд этилди.

Малика Ҳакимова Навоий шаҳридаги «Сўғдиёна» спорт комплексида 10 ёшидан қиличбозлик билан шуғуллана бошлаган. Унинг биринчи ва ҳозирги мураббийи Кудаев Руслан. 2012 йилда Малика Республика Олимпия захиралари коллежига ўқишга қабул қилинди.

2013 йилда М.Ҳакимова кадетлар ўртасидаги Осиё чемпионати шахсий баҳсларида биринчи олтин медалини, 2015 йилда ўсмирлар ўртасидаги Осиё чемпионатида иккинчи олтин медалини қўлга киритди. Шунингдек, у Қозоғистондаги халқаро мусобақаларда ҳам олтин медаль соҳиби бўлган.

2019 йилда халқаро «Сателлит» ва И-Марказий Осиё чемпионатида 1-ўринни эгаллаган.

Айни пайтда Малика Ҳакимова Токио Олимпия ўйинлари лицензиясини тўғридан-тўғри қўлга киритиш учун дунё рейтингида белгиланган миқдордаги очколарни йиғишга эришди.

Биз Маликани, шунингдек, Ўзбекистон қиличбозлик терма жамоаси ва барча қиличбозлик спорти мухлисларини "Токио-2020" учун қўлга киритилган биринчи лицензия билан табриклаймиз.

Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter)

Комментарии

Для написания комментариев пройдите авторизацию