Ольга Забелинская яна бир Олимпиада йўлланмасини олиш учун яхши имкониятга эга

24-26 январь кунлари Канаданинг Милтон шаҳрида велотрек бўйича Жаҳон кубогининг сўнгги босқичи бўлиб ўтди. Эътиборлиси, унда терма жамоамиз вакили Ольга Забелинская ҳам иштирок этди.

Юртдошимиз мусобақа давомида гарчи совринли ўринлардан бирига илина олмаган бўлса-да, асосий вазифа – икки йўналишда (омниум ва очколар пойгаси) жаҳон чемпионатига йўлланмани қўлга киритди. Аҳамиятлиси, келаси ой Германияда ўтадиган трек бўйича дунё биринчилиги Токио-2020 Олимпия ўйинлари учун рейтинг очколарини берувчи сўнгги мусобақадир.

Регламентга кўра, омниум йўналишида 2019 йил 6 июлидан бошлаб, 2020 йил 1 мартига қадар Олимпиада рейтингида кучли 20 таликдан жой олган атлетлар Токио-2020 йўлланмасига эга бўлишади.

Эслатиб ўтамиз, Ольга Забелинская ҳисобида шосседаги гуруҳ пойгаси йўналишида Токио-2020 лицензияси мавжуд. Бўлажак мусобақада ҳамюртимиз яна бир Олимпиада йўлланмасига эга бўлишини тилаб қоламиз.

Манба: olympic.uz

Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter)