Нўъмон Ҳасанов мухлислар сабр қилишларини сўрамоқда ёхуд

Coca Cola Суперлига 25-туридан ўрин олган “Навбаҳор” – АГМК (0:0) жамоалари ўртасидаги ўйиндан кейинги матбуот анжуманида мезбонлар бош мураббийи вазифасини бажарувчи Нўъмон Ҳасанов иштирок этиб, ОАВ ходимларининг саволларига жавоб берди. Бу ҳақда наманганликлар матбуот хизмати хабар берди.

- Бугун мухлислар чиройли баҳсга гувоҳ бўлишди. Ҳар икки жамоа мазмунли ўйин намойиш этди. Шогирдларим кўрсатмаларимни тўғри бажарди. Вазиятлар, шунингдек, тўпни бир-бирига аниқ ошириш борасида йигитлар рақибдан устунлик қилди. Ўйиндан – ўйинга футболчиларим анча очилмоқда. “Сурхон”га қарши кечган ҳамда бугунги баҳсда шогирдларимнинг ўйинларида анча ўсиш бўлганлиги кўзга ташланмоқда. АГМК сингари рақиблар билан беллашувда ўсишга хизмат қилади.

АГМК жамоасини жорий мавсумда 3-ўринни эгаллаганлиги билан табриклайман ва кейинги учрашувларда олмалиқларга омад ёр бўлишини тилайман. Бугунги ўйин учун рақибимизга ҳам ўз миннатдорлигимни билдираман.

- Бугунги баҳсда захирадан фақат бир футболчини майдонга туширдингиз, ваҳоланки, таркибда ўйинчилар кўп эди. Балки кўпроқ ўзгаришлар амалга оширилганида, “Навбаҳор” ғалаба қозонармиди? Бундан ташқари, кўплаб вазиятлар яратилганига қарамай, футболчилар улардан фойдаланишда оқсамоқда. Бунга нима халал беряпти?

- Қани энди, уларга нима халал қилаётганини мен ҳам билсам... Бугунги баҳсда ҳам АГМКга нисбатан кўпроқ имкониятларга эга бўлдик. Тўп билан муомала қилишдаям устунликка эришдик, лекин...

Жавлон Иброҳимовнинг жароҳати бор эди, машғулотларга киришганига эндигина уч кун бўлганди, шунга қарамай, уни қайдномага киритгандим. Беллашувга тўлиқ тайёр эмасди, агар саломатлиги жойида бўлганида, албатта, майдонга туширардим. Барча яхши ўйнади, бундай ҳолатда ўзгаришларни амалга ошириб, таваккал қилиш тўғри эмас.

Ғалаба қозонишни мен ҳам хоҳладим, лекин бундай совуқ об-ҳавода кимнидир захирадан тушиб, ўйинни кучайтиришига кафолат йўқ эди. Йигитларга эътирозим йўқ. Уларнинг тезроқ мен хоҳлаётган ўйинга киришиб кетишларига интиляпмиз. Қолаверса, захира ўйинчиси алмаштириб, вақтдан ютқазишни истамадим, чунки ютуққа эришишни хоҳлаётгандик. Футболчиларга айтдим, ҳаммаларини бир хил кўришимни тушунтирдим. Жамоа бошқарувини олганимга эндигина бир ой бўлди.

Кимдир кўрсатмаларимни тезроқ ўзлаштиряпти, кимдир эса аксинча. Ҳамманинг организми ҳар хил бўлади-ку, мени ҳануз тушунмаётганлар бор. Футболчилар билан бирга машғулот ўтказамиз, бир жойда яшаймиз, бирга овқатланамиз, уларнинг қандай ҳолатда эканликларини яхши биламан. Ким ўйинни кучайтира олади, кимни майдонга тушириш керак, хабардорман, сизлардан эса сабр қилишингизни сўрайман. Ўйинимизни топиб олишимиз учун бироз вақт керак. Бугун ҳам мен талаб қилаётган ўйинга мослашганлар асосий таркибдан ўрин олди. Захирадагиларнинг ҳам ўз вақти келади. Имкон қадар ушбу таркибдаги футболчиларни кейинги мавсумда сақлаб қолмоқчиман, чунки улар сўнгги йилларда бирга ўйнашган, бир-бирларини яхши тушунади.

АГМК билан баҳсда асосан бўйи баланд футболчилар майдонга чиқди, чунки рақибнинг аксарият ўйинчилари бўйдор эди. Стандарт вазиятлар пайтида бу яққол сезилди. Шундай паллада бўйи паст футболчини захирадан тушириб, таваккал қилишни истамадим. Захирадан ўйинчи туширишимни талаб қилаётганда, шундай жиҳатларга ҳам эътибор қаратишингизни сўрардим. Чунки бу футболда энг муҳим нарсалардан биридир. Ўтган турда “Андижон” билан беллашувда АГМК 4 та голини ҳам стандарт вазиятдан урди. Шуни ҳисобга олгандик. Фараз қилинг, олмалиқликлар бурчак зарбаси тепишмоқда, жарима майдончамизга уларнинг ҳимоячилари ҳам келганида, бизда фақат Игорь Голбан билан Азим Аҳмедов турса, тўғри бўлмайди-ку. Шунинг учун бундай ҳолатларда ҳужум чизиғидаги бўйдор футболчилар ҳам ёрдамга келишларига эҳтиёж туғилади. Буни ҳам инобатга олиш керак.

Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter)