Ads

Яқинда футзал бўйича клублар ўртасидаги Осиё чемпионати ўтказилди ва унда юртимиз шарафини АГМК жамоаси муносиб ҳимоя қила олди. Вакилларимиз мусобақанинг ярим финалига қадар етиб келишди ва бу мазкур турнирдаги вакилларимизнинг энг яхши натижаси сифатида қайд этилди. АГМК таркибидаги энг тажрибали футзалчимиз эса шубҳасиз Рустам Умаровдир. Жамоа сардори ва етакчиси доимгидек ўзининг фаоллиги билан ажралиб турди. Илгари у билан бирга ўйнаган футзалчилар эса фаолиятларини якунлаб бўлишган. Лекин Умаров ҳали ҳамон ўз тажрибаси билан ёрдам беришда  давом этмоқда. 35 ёшли дарвозабондан ёш футзалчилар ўзлари учун ўрнак олиб келмоқдалар. АГМК сафардан қайтиб келганидан сўнг Умаров  айрим масалаларда ўзининг фикр ва мулоҳазалари билан ўртоқлашди.  

«Кўпчилик биздан бундай натижани кутмаганди»

-   Таркибимиз анча ёшартирилди, кўплаб ёши катта футзалчиларимиз кетишди. Шу боис 80 фоиз таркибимиз ўзгариб кетди. Тўғриси, бизда барибир халқаро тажриба етишмаётгандек эди. Осиё чемпионатидан олдин эса бир-иккита халқаро турнирларда ўйнадик. Масалан, Тожикистонга бордик. Ўша ерда футзалчиларимиз ўзлари учун бироз бўлса ҳам тажриба олишди. Тожикистоннинг «Сепар» жамоаси билан ўйнадик. Уларнинг сафида эса беш нафар эронлик футзалчи бор эди. Уларни 9:3 ҳисобида ютдик. Ўша ғалабадан сўнг йигитларимизда ўзларига бўлган ишонч ошди. Осиё чемпионатига кетаётганимизда кўпчилик бизга ишонмаганди. Гуруҳдан чиқишимизга шубҳа билан қарашди. Лекин биз йигитлар билан жуда аҳил эдик. Биринчи ўйинда ютиб тургандик. Барибир ўша баҳсда бизга охиригача тажриба ва мувозанат етишмади. Натижада Вьетнамнинг «Тай Сон Нам» жамоасига ютқаздик. Бу ўйин эса бизга сабоқ бўлди. Иккинчи учрашувда ироқликларга қарши ўйнадик. Учрашувдан олдин рақибнинг ўйинларини кўриб уларнинг кучли ва кучсиз томонларини ўргандик. Ўша ўйинга жуда яхши тайёрлангандик ва биз ютдик. Шундан кейин қувайтликларга қарши хотиржамлик билан ўйнадик, ўзимизга ишонч катта эди ва шу боис яна ғалаба қозондик. Ёшларимизнинг шашти баланд эди. Ҳар учрашувда прессинг орқали ўйнадик. Кейинги босқичда Таиланднинг «Порт» жамоаси билан беллашдик. Уларинг ҳам ўйинларини текширдик ва мураббийимиз қандай ўйнашимизни тушунтирди. Яна прессинг билан ўйнадик ва 5:3 ҳисобида ғалаба қозондик. Ярим финалда эронликлар рақибимизга айланишди. Уларнинг қандай кучга эга эканини ҳамма билади. Уларда футзал бўйича махсус мактаблари бор. Албатта, биз ҳам бу ўйинга жиддий тайёргарлик кўрдик. Яна прессинг қўлладик. Бизда ҳам етарлича имкониятлар бўлди. Аммо рақиб бизнинг хатоларимиздан хотиржамлик билан фойдаланди. Барибир уларда тажриба катта эди. Шундан сўнг 3-ўрин учун яна «Тай Сон Нам» билан тўқнаш келдик. Биринчи бўлимда биз ютаётгандик. Иккинчи бўлимда эса бўшашиб қолдик. Уларнинг япониялик Шимицу деган футзалчиси бор. Ишонасизми, ўша ўйинни вьетнамликлар эмас, балки ўша япон футзалчиси ютди десам ҳам бўлади. У дарвозамизга учта гол урди ва бундан бизнинг йигитлар «синди». Умуман олганда, турнирни ёмон ўтказмадик. Чунки бунгача биз Осиё чемпионатининг гуруҳ баҳсларидан ўта олмаётгандик. Ҳаттоки, зўр, тажрибали футзалчиларимиз билан бу вазифани бажара олмай келаётгандик. Бу сафар нафақат гуруҳдан чиқдик, балки чорак финалдан ҳам ўтиб, ярим финалгача етиб келдик. Бу биз учун футзални янада кучайтириш учун яхши қадам бўлди. Ҳамма билсинки, Ўзбекистонда футзал ҳали ҳам бор.

Рустам Умаров2

«Терма жамоа билан бирга Россия ва Индонезиядаги халқаро турнирга борамиз»

- Футзалга эътибор ҳақида гапирсак, клубларга эмас, балки терма жамоага жиддий қаралмади. Йиғинлар ташкил этилмади. Шу боис охирги икки йил давомида шунчаки йиғинларсиз юрдик. Бошқа термалар ҳеч бўлмаганда ўртоқлик ўйинлари ўтказишди, биз эса йўқ. Осиё чемпионатида Ўзбекистон 2- ва 3-ўринларни олганмиз. Мана, ҳозир футзалга эътибор кучайяпти. Равшан ака Эрматовнинг ўзи ҳам футзал ўйнаган. Масалан, бош котиб Аваз ака Мақсумов билан бирга кўп йиллар давомида футзалда бирга юрганмиз. Ҳаттоки, бизга мураббийлик ҳам қилган. Энди терма жамоамиз билан хориж йиғинларига ҳам кетадиган бўляпмиз. Масалан, Россиядаги мусобақада қатнашамиз. У ерда турнир бор, «Спартак» ва Россиянинг U-19 терма жамоаси билан ўйнаймиз. Ахир яқинда Осиё чемпионатига саралаш баҳслари бошланади. Бундай турнирлар бизга катта ёрдам беради. Россияда учта ўйин ўтказганимиздан кейин тўғридан-тўғри Индонезияга жўнаб кетамиз. У ерда ҳам назорат ўйинларимиз бор, учта ўйинда иштирок этганимиздан кейин 12 сентябрда қайтиб келамиз. Октябрь ойи охирида саралаш баҳслари бошланади.

«Ўз вақтида гандболда ҳам дарвозага турганман»

- Ёшлигимдан катта футболга борганман. Адашмасам, 18 ёшларимда катта футболдан чиқиб футзалга ўтиб кетганман. Болалигимдан эса «Навбаҳор» клубида таҳсил олганман. Биласизми, барча футзалчилар ҳаммасини аслида катта футболдан бошлашади. Ахир бизда мини-футбол бўйича мактаблар йўқ-ку. Шу боис катта фуболга ўта олмаганлар кейинчалик футзалга ўтиб кетишяпти. Менда ҳам 2001 ва 2002 йили шунақа ўтиш даври бўлган. Чунки мактабда ўқиб юрган пайтимда мен гандбол ўйнаганман. Қўл тўпи ўйнашда ҳам футзалники билан ўхшаб кетади. Ўша гандболда ҳам дарвозада тургандим. Айнан шу нарса ҳам менинг футзалда ўйнаб кетишимга ёрдам берган. Мана, 2002 йилдан бери футзалда, терма жамоада ўйнаб келяпман.

Рустам Умаров4

«Яна бир жаҳон чемпионатида ўйнамоқчиман»

- Ҳозирча организмим ўйнашга йўл беряпти. Ҳозир икки ҳисса куч билан ишлаяпман. Ёшимда ҳам 35 га кирди. Машғулотларда қаттиқ ишлаяпман. Фаолиятим давомида 3-4 та авлодни кўрдим. Лекин футзалда дарвозабонларга нисбатан осонроқ. Барибир бу позицияда кўп югурилмайди, муҳими тажриба ва тўғри позиция танлаш. Насиб қилса яна бир-икки йилча ўйнаш иштиёқим бор. Энг муҳими, терма жамоамиз билан бирга яна жаҳон чемпионатида ўйнашим керак. Айнан шуни ўз олдимга мақсад қилиб қўйганман. Кейинчалик клубларда ўйнайвераман, лекин терма жамоадаги фаолиятимни эртароқ якунлашим мумкин.

 

Минбар

Барча блоглар