Ўзбекистон кубоги гуруҳ босқичи 1-туридан ўрин олган баҳсда “Навбаҳор” ўз майдонида Тошкентнинг “Оқ-тепа” клубини қабул қилади.

Мухлислар мазкур жамоа ҳақида кам маълумотга эга бўлишгани боис, "Навбаҳор" клуби матбуот хизмати рақиб борасида батафсил тўхталиб ўтди.

“Оқ-тепа” 2000 йили Ғанишер Шоғуломов томонидан ташкил этилган. 2000-2005 йиллари жамоа Рустам Ҳамдамов мураббийлигида Ўзбекистон чемпионати 2-лигасида иштирок этиб, 2005 йилда биринчи лигага ўтиш турнирида ғолиб чиқиб, Биринчи лига йўлланмасини қўлга киритди.

2006-2008 йилларда Биринчи лигада қатнашган “Оқ-тепа” 2009 йилда айрим сабабларга кўра, ушбу лигада иштирок этолмади. Жамоа 2010 йилдан яна Биринчи лигага қайтди. Шундан сўнг, мунтазам равишда мазкур лигада иштирок этган тошкентликлар Про-лига ташкил этилгач, мазкур лигада қатнашишмоқда.

“Оқ-тепа”да Фурқат Эсонбоев, Элдор Сакаев, Низом Нортожиев, Александр Мочинов, Александр Ежов, Воҳид Холбоев ва Александр Токов сингари мураббийлар фаолият юритишган. Жамоада Элдор Магдеев, Собир Усмонхўжаев, Асилбек Омонов ҳамда Нодир Тешабоев каби Суперлига “ҳавоси”дан баҳра олган футболчилар ўйнашган.

Жорий мавсумдан 9 та жамоа иштирок этаётган Про-лигада қатнашаётган “Оқ-тепа” айни пайтгача 4 та ўйин ўтказиб (“Бухоро”, 1:2, “Олимпик”, 1:2, “Янгиер”, 1:1, “Арал Самали”, 2:2), 2 та дуранг ҳамда 2 та мағлубият қайд этган ҳолда, 2 очко тўплаган ва турнир жадвалининг 8-поғонасини эгаллаб турибди.

“Оқ-тепа”ни ёш мутахассис Сергей Токов бошқармоқда. Жамоа таркибидан бир пайтлари Суперлига клубларида тўп тепган тажрибали ярим ҳимоячи Суннатилло Мамадалиев, шунингдек, тўрт нафар легионер, нигериялик футболчилар – ҳимоячи Опех Самуэль ва ҳужумчи Сандей Лонгжи Сонг, колумбиялик ярим ҳимоячи Хуан Бекерра Оспина ҳамда бразилиялик Карвальо да Сильва ўрин олишган.

“Навбаҳор” ва “Оқ-тепа” жамоалари Ўзбекистон кубоги баҳсларида ўтган йили бир-бирларига рўбарў келишган. Ўшанда 1/8 финал доирасидаги баҳсда “лочинлар” Тошкентдаги ТТЙМИ стадионида тошкентликларни Азимжон Аҳмедов ҳамда Азизбек Турғунбоевнинг голлари эвазига 2:0 ҳисобида мағлубиятга учратиб, чорак финал йўлланмасини қўлга киритишганди.

Эслатиб ўтамиз, “Навбаҳор” – “Оқ-тепа” учрашуви бугун Наманган шаҳридаги “Марказий” ўйингоҳда соат 17:00да старт олади.

Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter)

Минбар

Барча блоглар