“Насаф” иқтидорли ёшларга бой клуб ҳисобланади. Унинг академиясидан доимо келажаги порлоқ ёшлар етишиб чиқади ва бу анъана давом этмоқда. Ана шундай иқтидор эгаларидан бири косонлик Ойбек Бозоровдир. Январда 23 ёшгача бўлган футболчилар ўртасидаги Осиё чемпионатида ҳам ушбу ўйинчи олимпия терма жамоамиз сафида ҳаракат қилди. Тўғри, вакилларимиз асосий вазифани бажара олишмади. Бироқ Бозоров ўзидан яхши таассурот қолдирганди. Эндиликда эса у “Насаф”нинг асосий таркиб аъзосига айланди ва Бозоров мисолида клуб яна бир бўлажак етакчисига эга бўлди дейишимиз ҳам мумкин. Биз эса ушбу ёш иқтидор эгаси билан суҳбатлашишга қарор қилдик.

- Ойбек, авваламбор футболга қандай кириб келганингиз ҳақида гапирсангиз. Бу борада кимдир сизга туртки берганми?

- Уйимизнинг олдида мактаб бор. Мактабимиз стадионига эса Амин Турсунов деган мураббий келганди. Мен эса футболга қизиқишим туфайли унинг машғулотларида қатнаша бошлаганман. 2009 йили эса “Насаф” клубининг академияси очилди. Натижада 1997 йилда туғилган ўйинчиларнинг кўрик-танлови ўтказилди. Ўшанда Умар Раҳматуллаев билан Сергей Петрович бир қатор болаларнинг орасидан мени ҳам академияга жалб қилишган. Шу тариқа, футбол билан янада жиддий шуғулланишни бошлаганман.

- Ота-онангиз сизнинг футболчи бўлишингизга қандай қарашган? Ёки бошида қаршилик қилишганмиди?

- Тан оламан, уйимдагилар бошида қизиқишмаган. Барибир футболга бўлган меҳрим туфайли бу спорт турига кириб борганман ва шундан сўнг мен туфайли уйимдагиларнинг ҳам қизиқиш ортиб борган. Албатта, улар мен учун қўлларидан келганича ёрдам беришган ва доимо қўллаб-қувватлашадилар.

бозоров3

- “Насаф” академиясига қабул қилинганингиздан сўнг у ердаги ҳаётингиз қандай кечган? Мослашиш қийин бўлмаганми?

- У ерга мослашишим мен учун яхши бўлган. Биз тенгқурлармиз, барчамиз ёш бўлганмиз ва бир-биримизни ҳамиша қўллаб-қувватлаб келганмиз. Албатта, у ерда қизиқарли воқеалар ҳам кўп бўлган.

- У ердаги энг яқин дўстларингиз ким?

- Ўша вақтларда ҳам академиядаги барча йигитлар билан яқин муносабатда бўлганмиз. Аммо ўшанда кўп дўстларим кейинчалик ўзларига бошқа касбни танлашди. 2009 йилдан бери эса менинг иккита дўстим қолди. Яъни, улар билан битта гуруҳда бўлиб, биргаликда ўйнаб келяпмиз. Улар – Бобир Абдуҳолиқов билан Жўрабек Маннонов.

- Академиядаги пайтингиздаёқ сиз “Насаф” устози Рўзиқул Бердиевнинг эътиборига тушгандингиз. Ушбу мутахассис билан дастлаб қаерда танишгансиз?

- 2016 ва 2017 йиллари “Насаф”нинг биринчи лигадаги жамоасида ўйнаганман. Кейин биринчи давра тугаганидан сўнг мени асосий жамоанинг машғулотига жалб қилган.

- Шунингдек, “Насаф” таркибидаги дебют ўйинингиз қачон ва қайси ўйинда юз берган?

- 2018 йилда “Нефтчи”га қарши учрашувда захирадан майдонга тушганман. Ўшанда жуда хурсанд бўлгандим. Қолаверса, менда ўзига яраша ҳис-ҳаяжон ҳам кузатилганди. Кейинги беллашувни эса “Қизилқум”га қарши ўтказганмиз ва ўша баҳсда мени асосий таркибда майдонга туширишган. Ўша онлар мен учун унутилмас бўлиб қолганди, барча жамоадошларим мени қўллаб-қувватлашган.

ойбек3

- Ҳар бир футболчининг ўзига яраша ният ҳамда мақсадлари бор. Бу борада сизнинг орзуингиз қандай?

- Албатта, менинг ҳам орзуларим бор. Ҳамма футболчи доимо яхши ўйин кўрсатишни ва муваффақиятлар қозонишни истайди. Лекин мени камчиликларим ҳали кўп. Шу боис аввало ўз камчиликларим устида кўпроқ ишлашим керак. Ана шунда яхши натижаларга эришсам, менга янада яхшироқ клублардан таклифлар бўлади. Бу эса мени хурсанд қилади. Орзуларим эса кўп. Аммо улардан биттаси афсуски амалга ошмади. Энди миллий терма жамоамиз билан жаҳон чемпионатида ўйнаш орзуим бор.

- Январда Таиланддаги Осиё чемпионатида терма жамоамиз сафида сизни кашфиёт футболчи бўлганингизни кўпчилик эътироф этишди. Бу фаолиятингизда туб бурилиш ясаган дейиш мумкинми?

- Узр, бу саволга жавоб бера олмайман. Бундай гапларни ҳеч қандай қизиғи ҳам қолмаган. Чунки ўша Осиё чемпионатида биз ўз олдимизга қўйилган вазифани бажара олмадик. Жамоамни ҳам муҳим учрашувда қийин аҳволга солиб қўйдим. Ўша ҳолатларни эса эслагим ҳам келмайди. Ўша ўйинларни унутишга ҳаракат қилиб, олдимга бошқа мақсадларни қўйяпман.

- Демак, Осиё чемпионатидан сиз учун аламли хотиралар қолган...

- Ҳа, шундай.

- “Насаф” бу йил асосан ўз тарбияланувчилари билан чемпионатга киришди. Жамоа эса мавсумни ғалабалар билан бошлади ва дастлабки учта ўйинда учта ғалаба қозондинглар...

- Худога шукрки, биз мавсумни яхши бошладик. Насиб бўлса, бундан кейин ҳам барчаси яхши бўлади деган умиддаман. Мураббийларимизнинг кўрсатмаларига тўлиқ амал қилиб ҳаракат қилсак, ижобий натижаларга эриша оламиз деб ўйлайман.

- Эндиликда коронавирус туфайли чемпионатимиз вақтинча тўхтатилган. Бундай пайтда вақтингизни қандай ўтказяпсиз?

- Ҳа, коронавирус туфайли кўплаб чемпионатлар тўхтатилган. Ҳозирги пайтда эса уйда ўзим якка тартибда шуғулланиб турибман. Албатта, бу борада мураббийларимиз билан гаплашиб турибмиз. Улар томонидан берилган вазифаларни эса уйда бажаряпмиз. Агар якка тартибда машғулот ўтказиб турмасак спорт формасидан чиқиб кетамиз ва бу ҳолат фақат ўзимизнинг зараримизга ишлаши мумкин.

ойбек2

- Шунингдек, “Насаф”нинг бир қатор иқтидорли ўйинчиларига хориждан таклифлар бўлаётгани ҳақида эшитиб турамиз. Бу борада сизда ҳам вариантлар бўляптими?

- Агентлар ҳар хил клубларнинг вариантлари ҳақида айтишяпти. Лекин ҳали аниқ бир яхши таклиф билан ҳеч ким чиққани йўқ.

- Ўзингиз учун ёқтирган кумирингиз ким?

- Месси билан Неймар.

 

Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter)