МЮ -

АПЛ қизигандан қизиб бормоқда. Мавсум аввалида ким ҳам 4-5 тур якунига кўра, "Эвертон" карвонбошилик қилишини, "Астон Вилла" ҳатто "Ливерпуль"га 7 та гол уриб, пешқадамни таъқиб этишини, Манчестернинг ҳар икки клуби йирик ҳисобларда мағлуб бўлишини, ёзда миллионлар сарфлаган "Челси" ва "Сити" стартни кўнгилдагидек бошлай олмаслигини тахмин қилибди дейсиз?! Мана бу биз кутган ва севиб томоша қиладиган Премьер-лига! Ҳозир эса, ушбу мусобақанинг икки гранд жамоаси ўртасидаги беллашувга этиборингизни қаратамиз. Эҳтимол, бугунги "эл-класико"нинг "вазн"и бизнинг ўйиндан каттароқдир. Аммо бизни қизиқарли футбол кутаётгани аниқ!

photo_2020-10-24_03-01-54

"Манчестер Юнайтед"

Сульшер шогирдларининг ҳозирги ҳолати ҳавас қиладиган даражада эмас. 4 ўйин ўтказган "қизил иблислар" уларнинг 2 тасида ғалаба қозонган. Яна шунча мағлубият қабул қилиб олинган. Бироқ ўша ўйинлардаги натижалар МЮ мухлисларининг ғазабини келтириб чиқарди. Дарвоза ва ҳимоя чизиғининг аҳволи оғир. Буни 4 учрашувда ўтказиб юборилган 12 та голдан ҳам сезиш мумкин. Боз устига, олдинги чизиқ ҳам кутилганидек ўйин кўрсатмаяпти. Мавсум аввалида катта умидлар боғланган манкунияликлар ҳужуми рақиб ярим майдонида оқсамоқда. Шунга қарамай, "қизил иблислар", одатда, "Челси"га қарши яхши ўйин кўрсатади. АПЛда кечган сўнгги 5 ўйинда манчестерликлар мағлубият нималигини билмай келмоқда. Сульшер жамоаси ўтган мавсумда ҳар икки ўйинни ўз фойдасига ҳал этган. Тўплар нисбати ҳам ёмон эмас, назаримизда: 6:0. Устига устак, Чемпионлар Лигасидаги муваффақияли старт ҳам "қизиллар"нинг фойдасига ишлаши тайин. Ушбу факторлар муҳим ўйин олдидан "қизил иблислар"га руҳий устунлик беради. Келинг, таркиб ҳақида ҳам фикр юритамиз...

Норвегиялик мутахассис қўл остида жуда кучли таркиб йиғилган. Ҳар бир чизиқда ўз ишининг усталари йиғилганлигини ортиқча эътиборсиз ҳам пайқаш қийин эмас. Жамоага яқиндагина келиб қўшилган ўйинчилар ҳам ўзини кўрсатиши даркор. Алекс Теллес ПСЖга қарши ўйинда дебютини ўтказди ва айтиш мумкинки, бразилиялик ҳимоячи ёмон таассурот қолдирмади. Донни Ван де Бек ҳам аллақачон ўзини кўрсатишни бошлади. Фақат унга кўпроқ имконият берилиши лозим, назаримизда. Нидерландиялик вундеркинд ўйинга тушган дақиқаларида мураббий ишончини оқламоқда. Яна бир футболчи борки, унинг дебютини барча интизорлик билан кутмоқда. Биз айтган, сиз тахмин қилган футболчи - Эдинсон Кавани. Уругвайлик ҳужумчи трансфер ойнасининг сўнгги сонияларида "қизил иблислар" либосини кийди. Бош мураббий аввалги ўйинлар олдидан янги шогирдининг жисмоний ҳолати ҳақида қайғуриб, яқинлашиб келаётган муҳим баҳсларгача унинг қайтишига умид қилган эди. Катта эҳтимол билан, 33 ёшли форвард "Челси"га қарши ўйинда майдонга тушиши мумкин.

photo_2020-10-24_11-20-00

Тахминий таркиб: Де Хеа, Уан-Биссака, Магуайр, Линделёф, Шоу, Алекс Теллес, Погба, Ван де Бек, Бруну Фернандеш, Рэшфорд, Марсьяль.

Оле-Гуннар Сульшер: Футбол ўз ҳолига қайтмоқда. Барча жамоалар ўзларининг оптимал формсини тиклаяпти. Бизни жуда мураккаб ўйин кутиб турибди. Ўтган мавсум уларга қарши 4 марта майдонга тушдик ва уларни яхши биламиз. Рэшфорд кундан кунга ўсиб бормоқда. У қилаётган ишлар кейинги фаолияти янада ривожланишига сабаб бўлади, деган умиддаман".

photo_2019-04-24_12-47-41

"Челси"

Ёз бўйи трансфер бозорини портлатган "аристократлар" бундай старт олишини ҳеч ким кутмаган бўлса керак. Истеъдодларга тўлиб-тошган жамоа улардан тўлиқ фойдалана олмаётгандек, гўё. Ҳар ҳолда, ҳозирча шундай дейишга ҳаққимиз бор. Лэмпард шогирдлари 5 та ўйин ўтказган ва шуларнинг атиги 2 тасида ғалаба қозона олган. Бундай таркиб билан ҳозирги натижаларни яхши, деб бўлмайди. Устига устак, "Челси" катта клубларга қарши кутилганидек ҳаракат қила олмаяпти. "Ливерпуль"га айтарли қаршилик кўрсата олмаган лондонликлар "Севилья"ни ҳам енга олмади. Аммо "кўклар" фойдасига ишлайдиган бир жиҳат бор: АПЛдаги ўзаро ўйинлар статистикаси "аристократлар" томонда. "Туманли альбион"нинг энг шонли тарихга эга клубларидан бири МЮ "Челси" билан ўзаро 56 та ўйинда иштирок этиб, 17 та ғалабага эришган. Лондонликлар эса, 18 бор зафар қучган. 21 баҳсда муроса кўчаси танланган. Демак, Лэмпард ҳам шогирдларига руҳий устунлик топиб бера олади. Ёш мураббий қўл остидаги футболчилар ҳақида ҳам икки оғиз фикр юритсак...

Юқорида таъкидлаганимиздек, "Челси" тобора ўз ўйинини топа олмаётган юлдузлар жамоасига айланиб бормоқда. Шунга қарамай, сўнгги учрашувларда бир қанча футболчилар кутилган даражага чиқаётганини ҳам эътроф этиш жоиз. Охирги баҳсларда Вернер, Хаверц, Чилуэлл каби футболчилар ўзларини ижобий томондан кўрсатаётган бўлса, Зиеш ва Менди асосий таркиб учун жиддий курашмоқда. Жамоа етакчиси бўлиши тахмин қилинган Кристиан Пулишичнинг сафга қайтгани эса, "аристократлар" ўйинини сезиларли кучайтира олади. Фақатгина бир кичкина йўқотиш бор: Кепа жароҳати сабаб бугунги муҳим учрашувни ўтказиб юборади. Бу "кўклар"нинг фойдасига ишлайдими ёки зараригами, баҳс якунида билиб оламиз.

photo_2020-10-23_12-39-12

Тахминий таркиб: Менди, Аспиликуэта, Тьяго Сильва, Зума, Чилуэлл, Жоржиньо, Канте, Хаверц, Маунт, Пулишич, Вернер.
Френк Лэмпард: "Премьер-лиганинг ҳар бир мураббийи ўзининг муаммоларини ҳал қилишга масъул. Шунинг учун Сульшернинг ишини муҳокама қилмайман. Ҳар иккимизнинг ўз жамоамиз бор. Мураббийга тушадиган босимнинг қай даражада эканлигини яхши тушунаман. Мен уни ҳурмат қиламан".

photo_2020-10-24_10-52-17

Таркиблар, принципиаллик, мураббийлар ёндашуви - барчаси бугунги ўйин юқори даражада ўтишини англатмоқда. Ҳар икки жамоада ҳам ҳужум кучли даражада, ҳимояда муаммолар бор. Бу бизга ҳужумкор ва голларга бой ўйин таъминлаши тайин.

Жавоҳир Азимов тайёрлади.

Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter)

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!
&
Maksadbek
24/10/2020 13:45
Xolis fikr bildirilmagan go‘yoki man yunayted bomba o‘yinchilari bor zaxira ham daxshat chelsida baribir yulduzlar o‘ynolmaydi yutqazadi deyayotgandek bo‘lgan