“МЮ” – “Барса” ўйинидан чиқарилган беш хулоса (Эркинжон Ғайбуллаев блоги)
Ads

Ушбу ғалаба каталонияликларга катта устунлик беради. Жавоб ўйини “Камп Ноу”да бўлишини инобатга олсак, Валверде шогирдлари 2015-йилдан бери илк марта ярим финал йўлланмасини қўлга киритиши мумкин. Хўш, ўйиндан қандай дастлабки хулосаларни олишимиз мумкин?

  1. “Пикенбауер”нинг “уй”га қайтиши

Жерар Пике 2003-йилда “Манчестер Юнайтед”га бориб қўшилганди. У ерда ҳимоячи 2008-йилгача (“Сарагоса”да бир мавсум ижара) қолди. Футболчининг  ўзи “МЮ”га болакай сифатида бориб, йигит бўлиб тарк этганини эътироф этди. Ва бу тўғри. Ўшандан бери Пике жаҳоннинг энг яхши ҳимоячиларидан бири бўлиб етишди ва узоқ йиллар юқори даражасидаги ўйинини намойиш қилиб келмоқда.

Кеча у биринчи марта “МЮ”ни тарк этганидан бери “Олд Траффорд”га қайтди. Анча ҳимояга ётиб ўйнаган каталонияликлар сафида айнан у барча масъулиятни ўз зиммасига олди.

Пике “ҳимоя девори”га айланди. “Қизил иблислар”нинг рақиб жарима майдончасига йўллаган ҳар бир узатмаси, зарбаси Пике томонидан бартараф қилинди. Унинг тўп йўналишини ҳис қилиш инстинкти кеча жуда яхши ишлади. Инглиз клуби ҳужумчилари ундан ўтиб кетишнинг чорасини топа олишмади.

Бу Пикенинг “Атлетико”га қарши баҳсдан кейин қаторасига иккинчи марта ўтказган мастер-класси бўлди. Баъзида Пикенбауер деб ҳам аталадиган ҳимоячи “Барса”нинг жавоб ўйинида ҳам муҳим фигурага айланиши турган гап.

  1. Улғай, МакТомини

Моуриньо Пол Погбанинг ўрнида Скотт МакТоминини ўйнатганида, у франциялик ҳамкасбидан анча яхшироқ ўйин кўрсатарди. Аммо Сульшер қўли остида ундаги сифат янада ортиб бораётгандек.

МакТомини Париждаги ўйинда асосий етакчига айланганди. “Барселона”га қарши баҳсда ҳам у ўз ўрнини сақлаб қолди. Ярим ҳимояни мустаҳкамлашда унинг самараси юқори бўлди. Анча тажрибали “Барса” футболчилари ҳужумга ўтишда МакТоминидан қутула олишмади.

Эҳтимол у дунёнинг энг зўр футболчиси бўла олмас, аммо у турган гапки, Даррен Флетчер каби энг фойдали футболчи бўла олади. У саккиз йил олдинги Матичдан ҳам анча ёрқинроқ ўйин намойиш қилмоқда.

  1. Сульшер чарчоқ факторидан унумли фойдалана олмади

“Манчестер Юнайтед” ўтган дам олиш кунлари бирорта ўйин ўтказмади, “кўк-анорранглилар” эса аксинча чемпионлик масаласини барвақт ҳал қилиш учун “Атлетико Мадрид”га қарши ўйнаб анча куч сарфлади. Шу боис каталонияликларда чарчаш фактори юқорироқ эди. Сульшер эса ҳужумкор ўйин услубини танламасдан, яна “автобус ҳимояси”га мурожаат қилди ва рақибга ўйинни топширди.

Мезбонлар шунчаки кўпроқ босим уюштиришни маъқул кўришди. Рақиб ярим ҳимоячиларига ҳужумга тўп етказишни бузишдаги босими албатта иш берди. Аммо ўйин режаси анча хом бўлганлиги ўз сўзини айтди.

  1. Cенсацион Семеду

бу мавсумда Нелсон Семеду катта ўйинларда биринчи марта юқори савиядаги ўйинларини намойиш қилаётгани йўқ. Португалиялик ҳимоячининг асосий таркибда тушиши ягона сюрприз бўлди. “МЮ” футболчиларининг тезлигини инобатга олган ҳолда анча ҳимоявий ўйин кўрсатадиган Семедунинг тушиши энг тўғри вариант эди.

У буни аъло даражада уддалади. У рақиб футболчилари қаршисида довдираб қолмади. “МЮ”нинг энг моҳир футболчилари айнан унинг қанотини синовдан ўтказди. 2-рақам эгаси иккинчи бўлимда ҳатто жамоасининг ягона энг хавфли вазиятини ташкил қилишда иштирок ҳам этди. Аммо уругвайлик жамоадоши Суарес унумли фойдалана олмади.

Семеду ўйин давомида жамоасининг чарчоқ ҳис қилмаган ягона футболчиси ҳам бўлгандир. Чунки у дам олиш кунги ўйинда клубига ёрдам бера олмаган эди.

  1. Вальверде истаганини олди

Эрнесто Вальверде анча ҳимоявий услубни хуш кўрадиганлардан. У таваккал қилишни ёқтирмайди, у тажрибасиз ёш футболчиларга ишонмайди, хатоларни эса кечирмайди. Унинг мақсади “Олд Траффорд”да минимум иш бажариб ғалаба қозониш бўлган бўлса, ажабмас.

Аввалига унинг шогирдлари ўйин стартини анча кўтаринки бошлашганди. Бускетснинг Мессига заргарона тарздаги узатмаси якунда Суаресни топди ва Шоу рақибга истамаган ҳолда ёрдам бериб юборди. Гол “Барселона” футболчиларининг амалга оширган 48-узатмаси билан киритилди.

Бу гол ўйиннинг эндигина 12-дақиқасида киритилгани учун кўпчилик ўйин шиддатла тус олишини кута бошлади. Аммо Вальверде сафардаги битта гол ҳам етади, деб ўйлади шекилли, шогирдларига бундан буёғига анча эҳтиёткор бўлиб ўйнашни буюрди.

Майдон эгалари рақиб дарвозасини аниқ нишонга олишда Пике ва Тер Штеген тўсиғидан ўтишда қийналишди. “Барса” бу ўйинни икки ёки уч голлик фарқ билан ҳам ютиши мумкин эди. Аммо Вальверде буни истамади.

Якунда, “Барса” ғалаба қозонди ва клуб тарихида “Олд Траффорд”да ғолиб чиққан илк мураббийга айланди. Бу катта ютуқ, аммо буни қай йўсинда амалга оширганини оқлаб бўлмайди. Жавоб учрашувида катта устунлик билан ҳаракат қилади. Улар 2013-йилдан бери Европа турнирларида ўз уйида мағлубият нималигини билмай келмоқда. Аммо ўтган йилдагидек, “Рома”га қарши минимум мақсад билан ҳаракат қилиши қимматга тушиши ҳам мумкин. Агарда улар “МЮ” тўсиғидан ўта олишса ҳам, ярим финалда “Ливерпул”га қарши бундай услуб ўз сўзини айтмаслиги мумкин. Шундай экан, таваккал қилиб кўриш керак, Эрнесто!