Музаффар Ражабов ажойиб лойиҳага қўл урди ёхуд Бухорода катта ММА зали барпо этилмоқда

Қарийб 20 йилдан буён ватанимиз шарафини халқаро турнирларда муносиб ҳимоя қилиб келаётган WTKF чемпиони, "Бухоро йўлбарси"  номи билан машҳур Музаффар Ражабовни нафақат Ўзбекистонда балки хорижда ҳам яхши танишади. У ўзи жанг ўтказиш билан бирга мураббийлик фаолиятини ҳам олиб боради.

У "Амир Темур" клубига асос солган. Мазкур клубда кўплаб ёшлар жанговар спорт турларининг сир-асрорларини бевосита Музаффар Ражабовдан ўрганиб келмоқда ва бир қатор муваффақиятларни ҳам қўлга киритишга улгурган.

Маълум бўлишича, Музаффар Ражабов томонидан Бухорода жанговар спорт турларига ихтисослашган зал қурилаётган экан. Биз спортчимиз билан боғланиб, зал қурилиши ва шунга оид маълумотлар билан қизиқдик.

Музаффар

- Катта лойиҳага қўл урганмиз. Насиб қилса, ушбу қурилаётган залимиз Марказий Осиёда ягона бўлади, деган умиддамиз. Яна 10 кунлардан кейин ушбу мажмуамиз тўла қад ростлайди. Янги залимизда ёшларимиз жанговар спорт турлари билан шуғулланиш имкониятига эга бўлади. Кўзларида олов бор, иштиёқи юқори бўлган болаларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаймиз. Бизда барчаси бепул бўлади. Ушбу ишларимиз билан юртимиз спорти ривожига ўзимизнинг оз бўлса-да, ҳиссамизни қўшиш ниятидамиз. Қолаверса, барчаси ўз изига тушиб, одатий ҳаёт тарзига ўтсак, бутун Марказий Осиё мамлакатларининг ММА терма жамоаларини ўқув-машғулот йиғинига таклиф этмоқчиман. Албатта, бу ёш жангчиларимизни маҳоратини ошириш баробарида ўзига хос туризмни ҳам ривожлантиришга туртки бўлади, деб ўйлайман. Мехмонхона, озиқ-овқат умуман барчаси ёнимиздан бўлади. Улар фақатгина чипта масаласини ҳал қилишади. Хуллас, режалар улкан. Бу борада дастлабки қадамларни ташлаб улгурдик ва ўйлайманки, барчаси биз орзу қилгандек кўриниш олади.

 

Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter)