Мухлислар хавотирда:

“Андижон”нинг ушбу мавсумдаги иштироки қониқарсиз давом этаётгани доимгидиек, унинг ашаддий ишқибозларини дарғазаб қилмоқда. Боиси, ҳали ғалаба қозонишни уддалай олгани йўқ, рақибларига эса очколарни улашмоқда. Ахир бундай вазиятда қайси мухлис қониқиш ҳосил қилсин?!

Вазиятни ўнглаш учун клубда бош мураббий алмаштирилганини ҳам биласиз. Александр Хомяковдан сўнг Виктор Кумиков “Андижон”ни бошқаришга киришди. Аммо ҳали бунинг натижаси кўринмаяпти. Тўғри, энг кўп дуранг ҳозирча андижонликларга тегишли бўлиб турибди. Аммо умумий маънода айтганда, ғалабасиз сериянинг давом этаётгани ва таркибнинг рақобатбардош эмаслиги эвазига ҳам жамоа катта қийинчиликларга дуч келяпти.

10 августдан трансфер ойнаси очилган бир маҳалда бошқа клублар таркибларини кучайтириш ишлари билан банд. Лекин бу борада “Андижон”да бирор-бир ҳаракат кўзга ташланмаяпти. Ҳолбуки, таркиб кучайтирилишга муҳтож, бироқ ҳали жамоани кучайтира оладиган ўйинчилар қўшилгани йўқ. Ҳайронмиз, бундай таркиб Виктор Кумиковни қониқтиряптими? Унинг режалари қандай? Жамоани кучайтириш учун нималар қиляпти? Ҳозирги вазиятдан келиб чиққан ҳолда Виктор Балютовичга бериладиган саволларимиз тўпланиб қолганди. Кумиков эса суҳбатлашиш таклифимизга ижобий жавоб қайтарди.

-  Виктор Балютович, тайёргарлик ишлари қандай кетяпти? Афтидан, кайфиятингиз ҳам яхши эмасдек кўринади...

-  Машғулотлар - ҳаммаси режа асосида кетмоқда. Барча жон-жаҳди билан машқ қилмоқда. Бундай жараён қандай кетишини эса ўзингиз яхши биласиз. Таркибга кимлар келиб қўшилгани, кимлар кетиши ҳали мавҳум. Айни пайтда ихтиёримизда бор бўлган футболчилар билан шуғулланяпмиз холос.

-  Айтинг-чи, ҳозиргача клуб таркибига кимлар келиб қўшилди?

-  Ҳозир бу хусусида батафсил гапиришга ҳожат йўқ, назаримда. Асосан жанговор кайфиятдаги ёш йигитларни кўрикдан ўтказяпмиз. Уларнинг бирортаси билан ҳали тўлақонли келишувга эришилгани йўқ.

кумиков_4

-  Кечирасиз, таркибдан Ислом Абдуллаев, Жаҳонгир Абдумўминов ва Мишел Ибе каби футболчилар кетди...

-  Абдумўминовнинг кетгани аниқ. Абдуллаев билан боғлиқ масала ҳали тўла ечим топмаган. Биласиз, у ижара асосида “Андижон”да ўйнади. Эшитишимча, унга қўнғироқ қилишган. Унинг “Қўқон-1912”га қайтиши энди фақат ўзигагина боғлиқ эмас. Очиғи, билмайман, балки қайт, деб қўнғироқ қилишган бўлса, Абдуллаев Қўқонга қайтиши мумкин. Абдуллаев Қўқонга кетган, бу ёғи қандай бўлишини мен эмас, балки раҳбарлар ҳал қилишади. Ибе ҳақида ҳам сизга тайинли гап айтишим даргумон. Унинг “Андижон”да қолиш ё қолмаслиги ҳақида аниқ гап айта олмасам керак.

-  Нима сабабдан таркиб кучайтирилмаяпти? Масалан, ҳужум чизиғида муаммолар яққол кўзга ташланиб турибди...

-  Кучли ҳужумчиларни таркибга жалб қилиш учун пул керак. Бизда эса молиявий ҳолатимиз у қадар зўр эмас. Шунинг учун ҳам таркибда ҳужумчилар билан боғлиқ муаммо юзага келган.

-  Жамоа таркибидаги молдавиялик Артём Литвяков ишончни оқлаяпти, дейиш қийин. Чунки у “Андижон” таркибида ҳали ўзини кўрсатгани йўқ. Айтинг-чи, гол урмаётган ҳужумчи сизга керакми?

-  Қулоқ солинг, ҳозирча бизда бошқа ҳужумчи йўқ. Агар янгисини топиб беришса у билан хайрлашишим мумкин. Биласиз, бирор-бир клуб ҳужумчиларсиз ўйнай олмайди. Уни ким олиб келган бўлса, тақдирини ҳам ўзи ҳал қилиши керак. Айни чоғда бизда ҳужумчилар муаммоси яққол кўзга ташланиб тургани боис ундан воз кеча олмасак керак.

кумиков5_2

-  Виктор Балютович, бу сизнинг мураббийлик фаолиятингиздаги энг қийин дамлардан бири, дейиш мумкинми?

-  (Кулганча) Ҳа, шундай деса ҳам бўлади, бу масалада унчалик адашганингиз йўқ. Шунақаси биринчи бор кузатиляпти.

-  Пандемия футболчиларга қандай таъсир ўтказяпти?

-  Бу ҳақида гапиришга ҳожат йўқ. Ахир карантин туфайли футболчиларнинг ўйин амалиёти деярли издан чиқиб бўлган. Албатта, уларга карантин чоғида индивидуал тарзда шуғулланиш бўйича топшириқлар берилган. Энг асосий муаммо шундаки, ўйинларнинг йўқлиги футболчиларга ҳам руҳан, ҳам жисмонан салбий таъсир ўтказмасдан қолмаяпти. Устига-устак карантин ҳали тўлақонли ниҳоясига етгани йўқ.

-  Шундай таркиб ва молиявий вазият билан “Андижон”нинг Суперлигада ўз ўрнини сақлаб қолишига ишонасизми? Қолаверса, клубнинг ғалабасиз серияси анча чўзилиб кетди...

-  Гапингиз рост, ғалабасиз сериянинг чўзилиб кетгани, устига-устак карантин чоралари туфайли юқорида айтганимдек, ҳаммаси ўйинчиларимизга акс таъсир кўрсатмасдан қолмаяпти. Учрашувлар қайта бошланиб, бир-икки беллашувда ғалаба қозонадиган бўлсак, ишонаманки, ҳамма ишларимиз изига тушиб кетади.

-  Шу пайтгача шогирдларингизнинг ўйинини трибунада кузатиб келдингиз. Бу ҳол уларга салбий таъсир кўрсатган бўлса керак?

-  Бўлмасам-чи! Бунинг устига кийим алмаштириш хонасига ҳам тушишимга рухсат йўқ эди. Трибунада ўтириб бақирганча нималарнидир тушунтиришга ҳаракат қилдим. Мен учун энг қулай жой захира ўриндиғида ўтирганча жамоам ўйинини бошқаришдир.

-  Жамоа ишқибозлари “Андижон”нинг тақдиридан хавотирга тушиб қолишган. Уларга нима деган бўлардингиз?

-  Хавотирланишга асос йўқ, чамамда. Муҳими, биз ишлаяпмиз. Зиммамиздаги ўз вазифамизни бажаряпмиз. Пулларнинг йўқлиги барчамизга салбий таъсир кўрсатяпти холос. Қийин даврдан биргаликда чиқиб кетамиз, деб умид қиляпман. Бундай шароитдан ишқибозлар, ўйинчилар ва биз мураббийлар штаби вакиллари биргаликда чиқиб кетамиз. Шунга ҳаракат қиламиз.

-  Аммо бизга жонкуяр мухлислар тез тез қўнғироқ қилиб, “Андижон” клубидаги вазият қандай эканлиги, таркибда қандай ўзгаришлар борлиги ҳақида сўраб туришади. Сиз бунга нимани қўшимча қилган бўлардингиз?

-  Ҳозирча аниқ бир нарса дейишим қийин. Лекин таркибда ўзгаришлар бўлган заҳоти бу ҳақида сиз журналистларга албатта айтиб бераман. Ўзгаришларни мухлислар матбуот орқали билиб олишади.

-  Ғалабасиз ўйинлар серияси туфайли истеъфоингиз тезлашиб кетиши мумкинлигидан хавотирга тушмайсизми?

-  Бу ҳол мени унчалик хавотирга солмайди. Чунки бундай ҳолат исталган мураббий билан содир бўлиши мумкин. Ҳозирча буни ўйламаяпман. Аксинча, вазиятни ўнглаш мақсадида бор кучим билан ишлаяпман. Албатта, биз ғалаба қозонишни, бу билан мухлисларни қувонтиришни истаймиз. Аксига олиб сира бунинг иложи бўлмаяпти. Бироқ ҳаммаси ўткинчи. Ҳаётда барча иш киши истаганидек кечавермайди. Асосийси, мен ўз ишимни иложи борича сидқидилдан бажаришга ҳаракат қиляпман.

кумиков4_2

-  Демак, жамоани ҳозирги ҳолатидан қониқиш ҳосил қиляпсиз экан-да?..

-  Йўқ, албатта. Агар биз машқ қилаётган бўлсак, лекин натижалар кўнгилдагидек чиқмас экан, бундан қандай қилиб кўнгил тўлиши мумкин?! Айниқса, уйдаги учрашувлардан айримларини бой берганимиз кўнглимизни хира қилди. Шу боис хатолар устида ишлашга ҳаракат қиляпмиз. Йўл қўйилган камчиликлардан тўғри сабоқ чиқарсак, ишларимиз ўз самарасини беришига ишонаман. Яна қайтараман, анчадан бери молиявий масалада ишларимиз кўнгилдагидек эмаслиги барчамизга салбий таъсир кўрсатяпти. Ким ҳам бепул ишлашни истарди...

-  Устига-устак биринчи даврадаги охирги учрашувлар Тошкентда ташкил этилади. Бу ҳолат жамоага янада салбий таъсир кўрсатмайдими?

-  Вазиятдан хулоса чиқарган ҳолда иш тутиш ўринлидир. Ўйнамасдан юришдан кўра Тошкентда тўп суриш албатта яхши. Олдинда тўртта ўйин турибди. Уларни Тошкентда иложи борича яхши натижалар билан якунлашга ҳаракат қиламиз. Сўзим охирида яна шуни такрорлашни истардимки, биз аввало мухлисларимизни қувонтириш мақсадида ишлаяпмиз. Умид қиламанки, жамоадаги вазият ижобий томонга ўзгаради ва натижалар ўз-ўзидан яхшиланади.

Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter)