Мустақиллик йилларида ўзбек футболи ютуқлари
Ads

Бугун Ўзбекистон Республикаси Мустақиллигининг 28 йиллиги юртимизда кенг нишонланмоқда. SPORTS.uz  сайти ижодкорлари ушбу байрам билан барчани муборакбот этади.

Ортда қолган давр мобайнида бошқа соҳалар каби спорт, жумладан футболда ҳам катта ютуқлар ва эътиборга молик натижалар қайд этилди.

Қуйида ана шулар ҳақида сўз юритамиз.

Хиросимо-1994даги муваффақият

Ўзбекистон мустақиликка эришганидан сўнг ғалабалар узоқ куттириб ўтирмади. 1994 йили Япониянинг Хиросима, Ономити ва Миёси шаҳарларида ўтказилган ёзги Осиё ўйинлари ҳозиргача ёрқин хотиралар билан ёдга олинади. Сабаби ушбу мусобақада қатнашган Ўзбекистон терма жамоаси чемпионликни қўлга киритган.

Uzbekistan-1999-GRAND-SPORT-away-kit-blue-blue-blue-line-up_1

Ҳамюртларимиз “В” гуруҳида Саудия Арабистони, Малайзия, Гонконг ва Таиландни мағлуб этиб, юз фоизлик натижа билан чорак финалга йўл олишди. Ушбу босқичда Туркманистон ҳам йирик ҳисобда таслим этилди. 1/2 финалда вакилларимиз Жанубий Кореяни мағлубиятга учратишди. Ҳал қилувчи беллашувда Хитой ҳам доғда қолдирилди ва жамоамиз бош совринни юртимизга олиб келди.

 

Эътирофлар

Маҳмуд Раҳимов

Маҳмуд Раҳимов 1955 йил 1 июнь куни таваллуд топган. Футболчилик фаолиятида асосан иккинчи лига жамоаларида тўп тепган ушбу бўлажак мураббий, миллий футболимиздаги карьерасининг дастлабки қисмини ташкилотчи сифатида бошлади. Маҳмуд Раҳимов 1996 йилда «Дўстлик» клуби раҳбари этиб тайинланди. Унинг мураббийликдаги ёрқин дамларининг бошланиши 1995 йилга тўғри келади. Ўша йили мутахассис Тошкент вилоятининг "Дўстлик" жамоасига бош мураббий сифатида таклиф этилади ва қисқа вақт ичида шогирдларини кучлилар қаторига чиқаради. Бу муваффақиятлар эвазига Раҳимов 1998 йилда Ўзбекистон миллий терма жамоасида жамоа бошлиғи бўлди. Бир йилдан сўнг миллий терма жамоамизга мураббийлик қила бошлади. Маҳмуд Раҳимов қўл остидаги илк мусобақа – Осиё чемпионати саралаш босқичида вакилларимиз ажойиб натижаларга эришди. Терма жамоада етти учрашувдан олтитасини ғалаба билан якунлаганди. Биргина ҳеч нарсани ҳал қилмайдиган ўйинда Таиландга ютқазилганди (0:1). Ўзбекистон терма жамоаси ўз тарихида биринчи маротаба ФИФА рейтингида 55-ўринга кўтарилди. 1999 йили Осиё футбол конфедерацияси томонидан “Йилнинг энг яхши мураббийи” деб топилди. Афсуски, автоҳалокат уни бу ёруғ оламдан эрта олиб кетди.

 

Рауф Инилеев

Рауф Инилеев 1950 йил 8 октябрь куни Тошкентда таваллуд топган. Футболчилик фаолиятида Тошкентнинг “Пахтакор” ва “Старт”, Жиззахнинг “Меҳнат” ҳамда “Звезда” жамоалари шарафини ҳимоя қилган.

Мураббийлик карьерасини “Звезда” клубида бошлаган. 2006 йили Ўзбекистон ёшлар терма жамоасини бошқарди. Бир йилдан кейин эса миллий терма жамоамиз устозига айланди. Шу йили Қатардаги Осиё ўйинларида қатнашган.

Жамоамиз 2007 йили Осиё Кубогида иштирок этиб, Эрон жойлашган гуруҳда иккинчи ўрин билан плей-оффга йўл олди. Чорак финалда Саудия Арабистонига битта тўп фарқи билан ютқазиб қўйдик. Аммо ҳамюртларимиз чиройли ва мазмунли ўйинлар намойиш этган. Шу йили Рауф Инилеев Ўзбекистон ва ОФК томонидан “Йилнинг энг яхши мураббийи” деб топилган.

 

Сервер Жепаров

Тажрибали футболчи, ҳали ҳам фаолиятини олиб бораётган Сервер Жепаров 1982 йил 3 октябрь куни Тошкент вилояти Чирчиқ шаҳрида таваллуд топган. 36 ёшда ҳам тўп тепаётган ярим ҳимоячимиз фаолиятини “Навбаҳор”да бошлаган, айни пайтда “Металлург” шарафини ҳимоя қилмоқда.

2008 йили “Бунёдкор”га кўчиб ўтган ҳавбек ёрқин ўйинлар намойиш этиб, жамоаси билан ОЧЛ ярим финалига етиб борган ва ОФК томонидан “Йилнинг энг яхши футболчиси” деб топилганди. 2011 йили ҳам ҳамюртимиз қитъа миқёсида эътироф этилди. Бу билан Сервер Жепаров Осиёда икки карра “Йилнинг энг яхши футболчиси” деб топилди илк ўзбекистонлик бўлиб турибди.

Қолаверса, 2008 ва 2010 йиллари Ўзбекистонда ҳам энг яхши футболчи сифатида тан олинганди.

mitnyyb9fqiwfzzjjb0h

 

Достонбек Ҳамдамов

2015 йили Тошкентнинг “Бунёдкор” клуби шарафини ҳимоя қилган Достонбек Ҳамдамов “Осиёнинг энг яхши ёш футболчиси” деб топилганди.

Хиндистоннинг Деҳли шаҳрида Осиё қитъасининг 2015 йилдаги энг яхшиларини тақдирлаш маросимида “Йилнинг энг яхши ёш футболчиси” соврини “Бунёдкор” футболчисига топширилиши аниқ эди. Чунки ушбу номинациянинг якуний учлик рўйхатидан “қалдирғочлар”нинг бир йўл уч вакили Достонбек Ҳамдамов, Забиҳилло Ўринбоев ва Элдор Шомуродов жой олганди.

Учала футболчи ҳам ортда қолган мавсумни жуда яхши ўтказишганди. Уларнинг ҳар бири энг яхши бўлишга лойиқ ва муносиб эди.

ОФК совринни Достонбек Ҳамдамовга топширди. Ҳамдамов Янги Зеландияда ўтган ЖЧда Ўзбекистон ёшлар терма жамоаси сафида ажойиб ўйинлар кўрсатганди.

 

Энг йирик ғалаба

Ўзбекистон терма жамоаси 1998 йили навбатдаги ёзги Осиё ўйинларида иштирок этди. Ҳамюртларимиз “G” гуруҳида Қувайт ва Мўғулистон билан куч синашишди. Биринчи турда вакилларимиз қувайтликларга қарши баҳсда 3:3 ҳисобида дуранг қайд этишди. Кейинги ўйинда эса Мўғулистон дарвозасига жавобсиз 15 та гол уришди. Эътиборлиси, бу натижа футболимиз тарихидаги энг йирик ғалаба бўлиб турибди.

Чорак финалда терма жамоамиз Эронга имкониятни бой бериб, мусобақа билан хайрлашганди.

 

“Fair play” соврини

Охирги йилларда футболимиздаги ютуқлар Мираброр Усмонов футболимиз раҳбари бўлиб турган пайтда қўлга киритилган. Улардан бири ФИФАнинг “Fair play” совринидир. Ушбу совриннинг қадри анча баланд. Чунки бу дунё бўйича кам сонли давлатларга насиб этган. 2013 йил 7 январь куни Швейцариянинг Цюрих шаҳрида Мираброр Усмонов ҳалол футболни тарғиб қиладиган ва унга амал қиладиган федерацияга топшириладиган совринни қабул қилиб олганди.

11020494

 

Замонавий стадионлар

2005-2017 йиллар Ўзбекистон футболи раҳбари бўлган Мираброр Усмонов клубларнинг инфратузилмасига катта эътибор қаратди. Жумладан, стадионларга. Эскириб қолган ареналар қайтадан таъмирланди, ўйингоҳи йўқ жамоаларга стадионлар қурилди. Барча футбол майдонлари замонавий кўринишга келтирилди. “Бунёдкор” клубига энг охирги стандартлар асосида ўйингоҳ барпо этилди. Ўша йиллари “Бунёдкор” аренаси Марказий Осиёдаги энг зўри сифатида эътироф этилгани бор гап.

Шунингдек, вилоятларда ҳам ҳавас қилса арзигулик стадионлар бор. Мисол учун, Қарши ва Намангандаги “Марказий” ўйингоҳлар шулар жумласидан.

Футболимиз ривожи йўлида катта ишларни амалга оширган Мираброр Усмонов ўзи айтганидек бир армон билан кетган. У ҳам бўлса Ўзбекистон миллий терма жамоасининг жаҳон чемпионатига чиқишини кўра олмади. ЎФФни тарк этганидан сўнг Усмонов 2019 йил 15 март куни оламдан ўтди.

 

Ҳамдўстлик чемпионлар кубоги

Юртимизнинг байроқдор жамоаси “Пахтакор” нафақат ички чемпионатда, балки халқаро майдонда ҳам соврин соҳибига айланган.

2007 йили Ҳамдўстлик чемпионлар кубогида тошкентликлар “С” гуруҳида Латвия, Арманистон ва Украина клублари билан куч синашиб, биринчи ўрин билан плей-оффга йўл олишди. Чорак финалда ҳамюртларимиз Сербиянинг “ОФК Белград” жамоасини доғда қолдирди. Ярим финалда Молдавиянинг “Шериф” клуби таслим этилди. Ҳал қилувчи беллашувда эса латвияликлар билан дуранг қайд этилгач, пенальтилар сериясида омад “Пахтакор” вакилларига кулиб боқди. Шу тариқа, пойтахтликлар кубокни қўлга киритишди. “Пахтакор”нинг кейинги йили ҳам финалга чиққани эътиборга молик. Шунингдек, 1994 йили Фарғонанинг “Нефтчи” клуби ҳам финалда ўйнаган.

 

ОЧЛ ярим финаллари

Қитъамизнинг энг нуфузли биринчилиги бу шубҳасиз – ОЧЛ. Ушбу мусобақада юртимиз шарафини кўплаб клубларимиз ҳимоя қилишган. Бироқ ҳозирча чемпион бўлиш ҳеч кимга насиб этмади. Тошкентнинг икки жамоаси – “Пахтакор” ва “Бунёдкор” икки мартадан ярим финалга қадар етиб борган.

“Пахтакор”

“Шерлар” 2002-2003 йили анча кучли жамоалар билан бир гуруҳдан жой олишганди. Кейинги босқичга ўтиш учун вакилларимиз Эроннинг “Персеполис”, Ироқнинг “Ал Талаба” ва Туркманистоннинг “Ниса” жамоалари билан куч синашган ва биринчи ўринни қўлга киритганди.

Плей-оффда ҳамюртларимиз Таиланднинг “Теро Сасана”сига икки ўйин натижасига кўра имкониятни бой бериб қўйган ҳамда финалдан мосуво қолишганди.

2004 йили “пахтакорчилар” Эроннинг “Зоб Аҳан”, Қатарнинг “Қатар СК” ҳамда Баҳрайннинг “Риффа” клублари билан гуруҳдан чиқиш учун куч синашган.

Биринчи ўрин билан чорак финалга йўл олган “Пахтакор” БААнинг “Ал Ваҳда”сини ортда қолдирди. Ярим финалда эса Жанубий Кореянинг “Соннам Ильхва Чхунма” клуби тўсиғидан ўта олмай мусобақадаги юришини тўхтатганди.

“Бунёдкор”

2005 йили “Қурувчи” номи билан ташкил этилган “Бунёдкор” қисқа вақт ичида ном қозонди. Ички чемпионатда етакчиликни қўлга олди. Халқаро майдонда ҳам шов-шувларга сабабчи бўлди. Айниқса, ОЧЛдаги дебют иштирокнинг ўзидаёқ ярим финалгача борди.

2008 йили анча мураккаб гуруҳидан жой олган “қалдирғочлар” Саудия Арабистонининг “Ал Иттиҳод”, Эроннинг “Сепахон” ва Суриянинг “Ал Иттиҳод” жамоалари билан беллашиб, гуруҳда биринчи ўринни эгаллади.

Чорак финалда Эроннинг яна бир клуби “Сайпа” таслим этилди. Ярим финалда эса Австралиянинг “Аделаида Юнайтед” жамоасига рўбаро келган тошкентликлар икки учрашув натижасида кўра финалга чиқа олишмади.

“Қалдирғочлар” 2012 йили “ўлим гуруҳи”дан омон чиқишди. Австралиянинг “Аделаида Юнайтед”, Жанубий Кореянинг “Поханг Стилерс” ва Япониянинги “Гамба Осака” клублари орасида иккинчи бўлди.

Плей-оффда Жанубий Кореянинг “Соннам Ильхва Чхонма”си мағлуб этилди. Чорак финалда ҳам “Аделаида Юнайтед” билан куч синашган “бунёдкорчилар” аввалги ярим финал аламини олишди. Кейинги босқичда эса Жанубий Кореянинг “Ульсан Хёндэ” жамоасига имконият бой берилди.

 

ОФК кубогидаги ғалаба

Осиёда иккинчи рақамли мусобақа ҳисобланган ОФК кубоги бир марта юртимизга келтирилган. Бу 2011 йили юз берганди.

Ҳиндистоннинг “Демпо”, Ливаннниг “Ал Ансар” ва Яманнинг “Ал Тиляль” клубларини мағлубиятга учратган “Насаф” гуруҳда юз фоизлик натижа билан биринчи ўринни эгаллади.

Плей-оффда Иорданиянинг “Ал Файсали” жамоаси таслим этилди. Чорак финалда Таиланднинг “Чонбури”си, ундан кейинги босқичда Иорданиянинг “Ал Вихдат” клублари ортда қолдирилди.

Финални ўз уйида ўтказган қаршиликлар Қувайтнинг “Эл Қувайт” жамоасини битта тўп фарқи билан ютиб, бош соврин соҳибига айланишган. Ушбу муваффақият “Насаф” тарихида янги саҳифа очганди.

 

Осиё чемпионлари

U-16 Осиё чемпионати

Ҳаёт жуда қизиқ. 2008 йили Ўзбекистон 16 ёшликлар ўртасидаги Осиё чемпионатига мезбонлик қилганида, Эрон чемпионликка эришган. Орадан тўрт йил ўтиб, Эронда ўтказилган мусобақада бизникилар ғолибликни қўлга киритишган.

Дилшод Нуралиев бошқарувидаги терма жамоамиз гуруҳда Сурия, Хитой ва ҳиндистонлик тенгқурлари билан баҳс олиб бориб, иккинчи ўринни эгаллаганди. Чорак финалда Жанубий Корея, ярим финалда Эрон таслим этилди. Ҳал қилувчи беллашувда эса Япония мағлубиятга учратилди ва чемпионлик қўлга киритилди.

Эътиборлиси, 2010 йил ҳам U-16 ёшгача бўлганлар ўртасидаги қитъа биринчилиги юртимизда ўтказилган ва ўшанда ҳам терма жамоамиз финалда иштирок этганди. Аммо ҳакамларнинг хатоси сабаб иккинчи ўрин билан кифояланганмиз.

 

U-23 Осиё чемпионати

Хитой майдонлари ҳам биз учун омадли ҳисобланади. Бу давлатни ёрқин хотиралар билан ёдга оламиз. Чунки 2018 йили 23 ёшгача бўлганлар ўртасидаги Осиё чемпионатида терма жамоамиз ажойиб ўйинлар намойиш этиб, чиройли ғалабалар эвазига шоҳсупанинг энг юқорисидан ўрин эгаллашганди.

Чин юртидаги мусобақада Равшан Ҳайдаров шогирдлари 1-турда Қатарга имкониятни бой беришди. Аммо кейинги учрашувларда ғалаба қозониб, иккинчи ўрин билан гуруҳ босқичини якунлашди.

Чорак финалдан иштаҳаси очилган вакилларимиз Япония дарвозасига жавобсиз 4 та гол уришди. Ярим финалда Жанубий Кореяни 4:1 ҳисобида енгдик. Финалда эса Вьетнамга қарши баҳс олиб борган ҳамюртларимиз қўшимча таймларнинг охирги дақиқасида киритилган гол эвазига бош соврин соҳибига айланганмиз. Ушбу ўйин мухлисларнинг хотирасидан “қорли финал” номи билан сақланиб қолганлиги аниқ.

“Пахтакор” клуби билан Ҳамдўстлик чемпионлар кубогида ғолиб чиққан Равшан Ҳайдаров орадан бир неча йил ўтиб, Ўзбекистон олимпия терма жамоаси билан Осиё чемпионатида зафар қучди.

b23bbe95151c8212a894a6c162b5919d

 

Равшан Эрматов – жаҳон рекордчиси!

Ўзбек футболи дунёга Равшан Эрматов номи билан кўпроқ ёйилмоқда. Эрматов миллий терма жамоамиздан фарқли ўлароқ жаҳон чемпионатида мунтазам тарзда иштирок этмоқда. Ҳамюртимиз мундиалларда 11 учрашувни бошқариб, мутлоқ рекордчига айланган.

Дастлаб Жанубий Африкада ўтказилган 2010 йилга дунё биринчилигида Равшан Эрматов 5 та беллашувда ҳакамлик қилди: гуруҳ босқичида 3 та, чорак ва ярим финалда биттадан.

2014 йили Бразилия майдонларида 4 та ўйинда ишлади: гуруҳда 3 та ва чорак финалда битта.

Охирги ЖЧда эса Равшан Эрматов гуруҳ босқичидаги 2 та беллашувда ҳакамлик қилди. Қанот ҳакамининг эски жароҳати қайталагани боис  Эрматов бригадаси бошқа учрашувларда ишлашмади.

Шунингдек, Равшан Эрматов қитъа миқёсидаги ўйинлардан ташқари бошқа нуфузли турнирларда ҳам ишлаган. Жумладан, 2008 йили клублар ўртасидаги чорак ва финал учрашувини бошқарган.

2011 йили клублар ўртасидаги жаҳон чемпионатида 5-ўрин учун баҳс ва финалда ишлади. 2017 йили эса ушбу мусобақанинг иккинчи босқичидан ўрин олган ўйинида ҳакамлик қилди.

2013 йили Конфедерациялар кубогида битта баҳсни бошқарган.

ФИФА рефериси ҳисобланган Равшан Эрматов 2015 йили дунё миқёсидаги “Globe Soccer Awards” совринини қўлга киритгани эътиборга молик.

 

5 карра чемпион

Имконияти чекланган футболчилардан ташкил топган Ўзбекистон ампутантлар терма жамоаси дунё футболида ўз обрўсига эга.

Ампутантларимиз 1990, 1991, 2007, 2010, 2012 йилги жаҳон чемпионатлари ғолиби ҳисобланишади.

2007 йилги мусобақа финалида ўзбекистонлик футболчилар Россияни мағлубиятга учратган бўлишса, 2010 йили Аргентинада бўлиб ўтган турнирда ҳамюртларимиз ҳал қилувчи ўйинда мезбонларни 3:1 ҳисобида таслим этишган. 2012 йилги ЖЧда ҳам россияликлар билан куч синашган термамиз 1:0 ҳисобида ғалаба қозонганди.

 

Футзалчиларимизнинг дебюти

Футзал мамлакатимизда футбол каби ўз мухлисларига эга. Юртимизда ушбу спорт турига эътибор яхши эканлиги боис 1999 йилдан бошланган қитъа биринчилиги Ўзбекистонга 3 бор ишониб топширилган. Барчасида футзалчиларимиз финалга қадар етиб келишган.

Умуман олганда, 3 марта 3-ўринни эгаллаганмиз. 4 та финалда қатнашган вакилларимиз шуларнинг 3 тасида Эронга ютқазишган. Агар форслар бўлмаганда, камида 3 марта Осиё чемпионлигини қўлга киритармидик?!

Терма жамоа ўйнаганда, ареналарга ишқибозлар сиғмай кетган пайтлар кузатилган. Айниқса, охирги марта Тошкентда ўтказилган Осиё чемпионатида ҳамюртларимиз анча ишончли ўйин намойиш этиб, финалга қадар етиб боришганди ва томошабинлар ажойиб тарзда терма жамоамизни қўллаб туришган. Ҳал қилувчи беллашувда ҳамюртларимиздан омад юз ўгирган. Аммо 2016 йилнинг кузида ўтказилган жаҳон чемпионати йўлланмасини қўлга киритилган.

Колумбия мезбонлик қилган ўйинларда футзалчиларимиз гуруҳда Португалия ва Панамага имкониятни бой беришган. Аммо мезбонлар билан дуранг қайд этилгани аҳамиятга молик. Жамоамиз жаҳон чемпионатидаги дебютида бир очко ишлаганди.

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!
&
JASUR3838
01/09/2019 18:31
Nasaf uzbda osiyoda 1 bulgan yagona jamoa ekan qoyil. Nasaf haqiqiy xalq jamosi olg'a yigitla.

Минбар

Барча блоглар