Муроджон Аҳмадалиев, Шаҳрам Ғиёсов, Исроил Мадримов ва яна 5 нафар боксчиларимиз жанги олдидан... (превью)

Ҳозирги кунда профессионал боксда ҳам бир қанча ҳамюртларимиз улкан муваффақиятларга эришмоқда. Ушбу йўналишда биринчи ярим енгил вазн тоифасида (-55,2 кг) WBА ва IBF чемпиони Муроджон Аҳмадалиев ўз чемпионлик камарларини 3 апрель куни пойтахтимиздаги муҳташам "Ҳумо Арена"да япониялик даъвогар Рёсуке Ивасадан ҳимоя қилади. Жанг кечаси "Matchroom" ва "World of Boxing" промоутерлик компанияси томонидан ташкил этилмоқда. Шу билан биргаликда, ушбу оқшомда Санжар Турсунов, Иқболжон Холдоров ва Миразизбек Мирзахалилов ҳам рингга кўтарилади.

Шубҳасиз, бу ҳақида эшитганингиз бор. Биз мазкур жанг аввалида баъзи бир маълумотлар билан ўртоқлашиш ниятидамиз. 

                                                 Жанг ташкил қилинувчи арена

Мусобақани қабул қилувчи "Ҳумо Арена" муз саройи 2019 йил 15 март куни фойдаланишга топширилди. Ушбу арена нафақат муз устидаги спорт турлари, балки бошқа шоулар, мусобақаларни қабул қилувчи универсал жой десак муболаға бўлмайди. Арена 12,500 минг мухлисни ўз бағрига сиғдира олади. 3 апрель кунги шоуга пандемия сабаб 6 минг мухлис учун жой ажратилган.

хумо

 Асосий ташкилотчи

Жангни ташкил қилаётган "Matchroom" промоутерлик компанияси 1987 йилда британиялик Барри Хирн томонидан асос солинган бўлиб, ҳозирда унинг ўғли Эдди Хирн томонидан бошқариб келинмоқда. Ушбу компания ҳозирда дунёдаги энг етакчи промоушен дея эътироф этилади. Энтони Жошуа, Сауль "Канело" Альварес, Олександр Усик, Геннадий Головкин каби юлдуз даражасидаги боксчилар "Matchroom" билан ҳамкорлик қилиб келишмоқда.

Марказий жанг иштирокчилари 

Муроджон Аҳмадалиев (8-0, 6 КО) 2020 йил январь ойида Даниэль Роман устидан 12 раундлик жангда очколар ҳисобида ғалаба қозонган ва Леон Спинксдан (1978 йил 15 февраль куни Спинкс ўзининг 8-жангида бокс афсонаси Муҳаммад Алини мағлуб этиб, WBC ва WBА жаҳон чемпионлик камарларини қўлга киритган) кейин 8 жанг билан икки йўналиш чемпиолигинини қўлган киритган иккинчи боксчига айланган эди.

Аҳмадалиев ҳаваскор боксда ҳам кўплаб ютуқларга эришган. У 2015 йил жаҳон чемпионати ва 2016 йилги Рио Олимпиадасида бронза медалга сазовор бўлган бўлса, 2017 йил пойтахтимизда ўтказилган Осиё чемпионатида олтин медалга эга чиққан.

Рёсуке Иваса (27-3, 17КО) собиқ жаҳон чемпиони ҳисобланади. У 2017 йил ўз ҳамюрти Юкинори Огунини муддатидан олдин мағлуб этиб IBF чемпиони бўлган. Кейинчалик эса ўзининг ҳимоя жангида Ти Же Дохенига имкониятни бой берган. Охирги жангини 2019 йил декабрда ўтказган Иваса, Марлон Тапалесни 11-раундда нокаутга учратиб, вақтинчалик IBF чемпиони ва мажбурий даъвогар номига сазовор бўлди.

Мур

Ўзбекистонлик "ғаройиб бола" ва ...

Кечанинг асосий баҳсларидан бирида супер енгил вазн тоифасида (-63,5 кг) WBA International камари соҳиби Шаҳрам Ғиёсов мексикалик Патрисио Лопес Моренога қарши рингга кўтарилади. Ушбу жанг 10 раундлик қилиб белгиланган.

Профессионал боксда "Wonderboy" (ғаройиб бола) таҳаллуси билан танилаётган Ғиёсов, инстаграм саҳифасида 1 миллиондан ортиқ кузатувчиларга эга ва Ўзбекистонда машҳурлик даражаси юқори бўлган боксчиларидан бири ҳисобланади. Ҳаваскор боксда 2016 йил Рио Олимпиадаси кумуш медалига эга чиққан Ғиёсов учун 2017 йил бир мунча омадли келиб, Осиё ва жаҳон чемпиони деган номга сазовор бўлди.

У 2018 йилда ҳамюртларимиз орасида энг биринчилардан "World of Boxing" компанияси билан шартнома имзолади. Қисқа муддат ичида промоутерлар ишончига сазовор бўлиб, ўзининг 8-жангида Эмануэль Тэйлорни мағлуб этган ҳолда, WBА International камари эгасига айланди. Кейинги жангларида собиқ жаҳон чемпиони Дарлей Пересни 40 сонияда, Уистон Кампосни 3-рaундда муддатидан олдин мағлуб этган. Ғиёсов ҳозирда WBА рейтингида 7-ўринда бормоқда.

Патрасио Морено анчагина тажрибали бўлиб, шу кунгача бўлган фаолияти давомида 32та жанг ўтказган ва уларнинг 28тасида ғалабага эришган. Ғалабали жангларининг 20тасида рақибларини муддатидан олдин мағлуб этган. Шунингдек, 4та жангда мағлубият аламини тотиб кўрган.

Морено 2019 йил 5 октябрь куни украиналик енгилмас боксчи Денис Беринчикка очколар ҳисобида имкониятни бой бергач, 2020 йилда 2 та жанг ўтказиб, Хосе Мигель Лопес ва Даниэль Армандони таслим этган. Ушбу баҳсда тажриба ва маҳорат ўзаро тўқнаш келади десак муболаға бўлмайди.


ша
Эдди Хирн эътирофидаги "Монстр"

Яқиндагина елка жароҳатидан тикланиб, яна катта рингга қайтаётган Исроил Мадримов жиддий рақибга қарши жанг олиб боради. 3 апрель куни Мадримовга 10 раундлик жангда нокаутчи боксчи конголик Эммани Каломбо рақиблик қилади.

Супер ярим ўрта вазн тоифасида (-69,8 кг) жанглар ўтказиб келаётган Мадримов (6-0, 5КО) 2018 йил ноябрда профессионал дебют жангидаёқ WBA Intercontinental минтақавий камар учун рингга кўтарилиб, барчанинг диққат марказида бўлиб улгурган. У ўтган йили илк маротаба 12 раундлик жангда Эрик Уокер билан WBА йўналишида элиминатор жангида иштирок этиб, очколар ҳисобида ғалаба қозонди. 4-раундда елкасидан жароҳат олишига қарамай, у ўз иродасини намойиш этиб, жангнинг охирига қадар устунликка эришди. Шу ўринда ҳамюртимиз "Matchroom" раҳбари ва асосий ташкилотчи Эдди Хирн билан илиқ муносбатга эга эканлиги ва ушбу промоутер унинг маҳоратига юқори баҳо беришини ҳам айтиб ўтиш жоиз. Хирн Исроилни "Монстр" деб атагани ҳам бунга мисол бўла олади.

Унга рақиблик қилувчи конголик Эммани Каломбо ўзи қатнашган барча 14 жангида жами 44 раунд ҳаракат қилган. У барча рақибларини муддатидан олдин таслим этиб, мағлубият нималигини билмай келмоқда. Каломбо ҳозирда WBО рейтингида 12-ўринда бораётган бўлса, Исроил Мадримов WBА йўналишида 1-ўринда ва жаҳон чемпионлик камари учун мажбурий давогар бўлиб турибди. Бир сўз билан айтганда олдинда Мадримовни жиддий синов кутиб турибди.

мад_1
                                         Ҳасанбой Дўсматовнинг навбатдаги юриши

Ушбу кечада Рио Олимпиадаси қаҳрамонларидан бири ҳисобланган, профессионал бокснинг биринчи ўта енгил вазнида (-48,9 кг) Ҳасанбой Дўсматов ҳам ўзининг 3-жангини ўтказади. 10 раундлик баҳсда Дўсматовга Танзания вакили Муҳсин Кизота рақиблик қилади.

Ҳасанбой ҳаваскор боксчи сифатида улкан ютуқларни қўлга киритган. У -49 кг вазн тоифасида Рио Олимпиадаси чемпиони ва “Энг яхши боксчи”га топшириладиган “Вел Баркер” кубоги эгасига айланган. Шунингдек, Дўсматов 2 карра осиё чемпиони, Осиё ўйинлари ва Жаҳон чемпионати кумуш медали соҳиби ҳамдир. 2019 йил 16 ноябрида ўзининг профессионал дебют жангида мексикалик Хесус Сервантес Виллануевага қарши рингга кўтарилиб, 2-раундда рақибини нокаутга учратган ҳолда ўз ғалабасини нишонлади.

Бир йиллик танаффусдан сўнг, 2020 йил декабрида Одилжон Сотқиновга қарши Россияда жанг олиб борди ва ушбу жангни ҳам муддатидан олдин ғалаба билан якунлади.

Кизота профессионал боксда 13 та жанг ўтказиб, 11 тасида зафар қучган. 2 та жангда эса имкониятни бой берган. Кизота аслида 20 март куни Хекки Батлерга қарши жанг қилиши белгиланган эди. Аммо у ўз вақтида тиббий кўрикка етиб келмагани учун жангдан четлатилган. Кизота ўзининг охирги жангини 2020 йил 29 февралда Мбарака Мчонга қарши ўтказиб, 3-раундда рақибини нокаутга учратган.

ха
Ушбу жанг WBА таснифидаги минтақавий камарлардан бири учун бўлиши кутилмоқда. Режага кўра Дўсматовни 5 жангга қадар жаҳон чемпионлик камари учун чиқариш режа қилинган.
Шунингдек, ушбу кечада жанг олиб борувчи бошқа боксчиларимиз Баҳодир Жалолов, Элнур Адураимов, Санжар Турсунов, Иқболжон Холдаров ва Миразизбек Мирзаҳалиловнинг рақиби расман эълон қилингани йўқ.

                                                      Рейтинг жанг иштирокчилари

+91кг вазнда жанглар ўтказувчи Баҳодир Жалолов 2015 йилги Доҳада бўлиб ўтган жаҳон чемпионатида бронза медалини қўлга киритган. 2016 йил Рио Олимпиадаси байроқдори бўлган Жалолов мусобақанинг чорак финалгача етиб борди ва британиялик Йозеф Жойсга имкониятни бой берди. Кейинги йиллар эса Жалолов учун омадли келиб, икки карра осиё чемпиони (2017 ва 2019 йил) ҳамда Жаҳон чемпиони (2019 йил) деган номга сазовор бўлди. 2020 йил март ойида бўлиб ўтган Олимпиада саралаш мусобақасида чемпионликни қўлга киритиб, лицензияга эга чиққан.

Жалолов профессионал боксадаги фаолиятини 2018 йилда бошлаган ва ҳозирга қадар 7 та жанг ўтказиб, барчасида рақибларини муддатидан олдин мағлубиятга учратган. Жалолов “Ҳумо Арена”да 8 раундлик рейтинг жангида рингга кўтарилиши кутилмоқда.

Бу борада Санжар Турсуновнинг натижалари ҳам чакки эмас, -91 кг вазнда жаҳон чемпионати (2017 йил) бронза, Осиё чемпионати кумуш (2019 йил) медали унинг ҳисобида мавжуд. Қолаверса, Турсунов ҳам Олимпиада саралаш мусобақаси бронза медалига эга чиқиб, йўлланмага ҳам сазовор бўлди. У профессионал бокснинг биринчи оғир вазн тоифасида (-90,8 кг) 2 та жанг ўтказиб, Мигель Кубос ва Юрий Быховцев устидан зафар қучган. Навбатдаги жангги эса рейтинг мақомида 6 раундлик қилиб белгиланган.

Дебютантлар

Иқболжон Холдоров ва Миразизбек Мирзахалилов учун ушбу жанг оқшоми алоҳида аҳамият касб этади. Чунки ушбу икки боксчиларимиз профессионал боксда дебют жангларини ўтказади. Иқболжон ҳаваскор боксдаги фаолияти давомида -64 кг вазнда Осиё чемпиони (2017 йил), Осиё ўйинлари ғолиби (2018 йил) ва жаҳон чемпионати кумуш медалчиси (2017 йил) саналади. У 4 раундлик профессионал дебют жангини эса супер ярим ўрта вазн (-69,8 кг) тоифасида ўтказади. Кейинчалик асосий жанглар учун ярим ўрта вазн (-66,6 кг) тоифасига тушиши ҳақида маълумот бериб ўтган.

Миразизбек Мирзахалилов бу борада анча катта ютуқларга эриша олган. Мирзахалилов -57 кг вазнда Осиё чемпиони, Осиё ўйинлари чемпиони, жаҳон чемпиони, Олимпиада саралаш турнири чемпионидир. У шу вақтга қадар ўзи қатнашиб келган барча йирик мусобақалар чемпионлигини қўлга киритган. Унинг коллекциясига Олимпиада медали етишмаяпти ҳолос. Токио Олимпиадасига қадар, профессионал боксда ўз ватанида дебют қилиш таклифи берилган Мирзахалилов буни мамнуният билан қабул қилди. Мирзахалилов ҳам Холдоров каби 4 раундлик жанг ўтказиши белгиланган. Жанг биринчи ярим енгил вазнда (-55,4 кг) бўлиб ўтади.

Шу ўринда, барча ҳамюртларимизга муҳим жангларда ғалаба қозониб, муваффақиятли одимини давом ээтиришларига тилакдошмиз!

Жалол Аҳмедов тайёрлади.

Санжар Турсунов Тошкентда Украина вакилига қарши жанг қилади

Миразизбек Мирзаҳалиловнинг ҳам дебют жангидаги рақиби маълум

Иқболжон Холдоров 3 аперль куни Африка вакилига қарши рингга кўтарилади

Баҳодир Жалоловнинг Тошкентда ким билан жанг қилиши маълум бўлди

Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter)

Комментарии

Для написания комментариев пройдите авторизацию