Муҳсин Муҳаммадиев: Дастлабки режамиз

“Бухоро” клуби Суперлигада қолиш учун қаттиқ курашаётганидан хабардорсиз. Тожикистонлик мутахассис Муҳсин Муҳаммадиев қандай бўлмасин қўл остидаги жамоани Суперлигада сақлаб қолишга жиддий бел боғлаган. Ҳар ҳолда у ҳам ўзидан ёмон таассурот қолдиришни истамайди. Чемпионат тугашига эса учта тур қолди. Демак, охирги турлар Муҳаммадиев ва бухороликлар учун ҳал қилувчи аҳамиятга эга бўлади. Шу мақсадда тожикистонлик мутахассис билан бир қанча масалалар бўйича гаплашдик. Лекин, аввало суҳбатимизни Тожикистон терма жамоаси ҳақидаги саволлар билан бошладик. Чунки шу кунларда терма жамоалар иштирокида жаҳон чемпионати саралаш баҳслари ўтказилаётгани боис барчанинг эътибори айнан терма жамоаларга қаратилган. Табиийки, Муҳаммадиев ҳам Тожикистоннинг ўйинларини синчковлик билан кузатиб бормоқда.

“Тожикистон Қирғизистонга ютқазмайди деган умиддаман”

- Муҳсин Муслимович, Тожикистон терма жамоасини диққат билан кузатиб бораётган бўлсангиз керак. Усмон Тошев бошқараётган жамоанинг иштирокига қандай баҳо берасиз?

- Албатта, мен Тожикистон терма жамоаси учун қайғуряпман. Тожикистоннинг гуруҳдан кейинги босқичга чиқишини жуда ҳам хоҳлайман. Яъни, учинчи босқич йўлланмасини қўлга киритиб, якунда жаҳон чемпионати йўлланмасини қўлга киритишни орзу қиламан. Шунинг учун доим терма жамоага мухлислик қиламан ва ўйинларини диққат билан кузатиб бораман.

- Кўриниб турибдики, Тожикистон билан Қирғизистон гуруҳда иккинчи ўрин учун курашишмоқда. Айниқса, Бишкекда иккала жамоа ўртасидаги ўйин муҳим аҳамият касб этади...

- Ҳа, Тожикистон билан Қирғизистоннинг иккинчи ўринга катта имконияти бор. Умид қилиб қоламизки, Тожикистон бундай имкониятдан фойдаланиб қолади. Шу билан бирга Бишкекда қирғизларга ютқазмайди деган умиддаман.

file

- Яқинда Қирғизистон Тошкентда Ўзбекистон терма жамоасига қарши ўйнади. Ўша учрашувни кўрган бўлсангиз, Қирғизистон ҳақида фикрингиз қандай?

- Ҳа, мен Ўзбекистон – Қирғизистон ўртасидаги ўйинни кузатдим. Айтишим керакки, Қирғизистон ёмон жамоа эмас. Улар яхши футбол ўйнашга ҳаракат қилишяпти. Лекин шу билан бирга уларнинг ҳимоя чизиғида хатолар ҳам йўқ эмас. Лекин бу ўз номи билан ўртоқлик мақомидаги беллашув эди. Шунинг учун одатда бундай даражадаги ўйинлар асосан мураббийлар учун жуда муҳим. Яъни, улар қўл остидаги футболчилари борасида кимнинг қандайлигини билиб олиш учун ҳам керак.

- “Бухоро”да ўйнаётган Фатхулло Фатхуллоев ниҳоят Тожикистон терма жамоасига чақирилди. Айтинг-чи, Усмон Тошев ушбу футболчи ҳақида сиз билан маслаҳатлашдими?

- Фатхулло Фатхуллоев тўғрисида ҳеч нарса демаганман. Уни ўзлари чақиришган. Фатхуллоев тажрибали футболчи ва у бунгача ҳам терма жамоада кўплаб ўйинларда иштирок этган. Албатта, унинг ёрдами тегади деб ўйлайман. Айтмоқчиманки, Фатхуллоев терма жамоада ўйнашга лойиқ.

“Имконият бор экан, охиригача курашамиз”

- “Бухоро” клубида олиб бораётган ишингиз ҳақида нима дея оласиз? Кўриниб турибдики, ўзига яраша муаммолар ҳам йўқ эмас. У ерда ишлаб қийналмаяпсизми?

- Билсангиз, ҳар бир жамоанинг ўзига яраша муаммолари бор. Бундоқ олиб қарасак, биз сафарда яхши ўйнаяпмиз-у, аммо ўз майдонимизда негадир кўнгилдагидек натижа кўрсата олмаяпмиз. Энди биз шунинг устида ишлаяпмиз. Ўз уйимиздаги ўйинларимизни яхшилашимиз керак. Олдинда эса учта ўйин қолди ва уларда ижобий натижалар кўрсатишга интиляпмиз. Бизда имконият бор ва охиригача курашамиз.

- Чиндан ҳам Суперлига тугашига яна учта тур қолди. “Бухоро” ҳисобида эса ҳозирча 19 очко бор ва турнир жадвалида 13-ўринда боряпти. Клубни Суперлигада сақлаб қолишга ваъда бера оласизми?

- Биз “Бухоро”ни Суперлигада олиб қолиш учун бор кучимизни ишга соламиз. Табиийки, биз элитадан тушиб кетишни асло хоҳламаймиз. Шунинг учун қолган учрашувларда максимал натижа кўрсатишимиз талаб этилади. Қолган ўйинларга яхши тайёргарлик кўрамиз. Ҳаммаси жиддий бўлади. Қайтараман, биз жиддий тайёргарлик кўряпмиз.

муҳаммадиев3_1

- Жамоангиз охирги турда нега ўз уйида “Қўқон-1912”га ютқазиб қўйди?

- Ўша ўйин ҳақида гапирадиган бўлсам, биз майдонга шубҳасиз ғалаба қозониш учун чиққандик. Афсуски, вазият шунақа бўлиб қолди ва натижа жуда кўнгилсиз бўлди. Пенальти орқали дарвозамиздан гол ўтказиб юбордик. Ўзимиз эса яратилган голли имкониятлардан фойдаланишни билмадик. Кейин эса шошилишни бошладик. Бунинг оқибатида эса ўйинимизда хатолар келиб чиқишни бошлади. Ўзи футболда шунақаси бўлиб туради. Ўз дарвозангиздан гол ўтказиб юборганингиздан кейин гол уриш учун шошиб ўйнашни бошлайсиз. Аксига олиб, шошилганингда ҳеч нима ўхшамайди. Бунинг натижасида эса хатоликлар ҳам келиб чиқади. Биз хулоса чиқарган ҳолда тайёргарлик кўряпмиз. Айниқса, футболчиларимизнинг руҳий ҳолатини яхшилаш бўйича ҳам ишлаяпмиз.

- Ўша ўйиндан кейинги матбуот анжуманида сиз Бухоро давлат университети ректорига кинояли тарзда салом йўлладингиз. Кўриниб турибдики, қандайдир муаммо келиб чиққан. Аслида нима бўлганди?

- Ҳа, Универсиада тўғрисида гап очдингиз. Ўша пайтларда Универсиада ўйинлари ҳам ўтказилди. Матбуот анжуманида эса шу ҳақида гапирдим. Улар ҳаммасини маслаҳат қилишлари керак эди. Чунки Суперлига ўйини билан Универсиада мусобақаси деярли бир пайтга тўғри келиб қолди. Бундай мусобақаларни чемпионатда танаффус юзага келган пайтда ўтказса ҳам бўларди. Футболчиларимизни Универсиадада ўйнашга мажбурлашди. Мен эса буни нотўғри деб ҳисоблайман. Албатта, менинг Университет раҳбарларига ҳурматим баланд. Лекин бундай вазиятларда маслаҳат билан иш кўриш керак эди. Ўша куни “Бухоро”нинг ўйини бор эди. Мана шу тақвимга қараб Универсиада ўйинларини белгиласа ҳам бўларди. Менимча, профессионал футболчи Универсиада ўйинларида ўйнамаслиги керак. Чунки унинг профессионал жамоа билан шундай мақомдаги шартномаси бор. Ҳа, мен уларни ҳам тушунаман. Бироқ боя айтганимдек, бундай ўйинларни чемпионатда танаффус бўлганда ёки таътил пайтида ўтказиш ҳам мумкин эди. Аммо чемпионат бўлаётган пайтда ўтказилиши эса нотўғри. Ахир футболчиларни амалда ўз клуби билан шартномалари бор. Албатта, Университет раҳбарлари Кубок, соврин ютишни хоҳлашади. Аммо бу мусобақа талабалар ўртасида бўлиши керак. Буни эса футбол ассоциацияси билан маслаҳат қилиш керак.

- “Бухоро” жамоасида айнан қайси футболчилар Университет таркибида ўйнашганди?

- Қайси футболчилар ўйнашгани тўғрисида гапиришнинг фойдаси йўқ. Уларнинг номларини айтиб нима қиламан, энди? Ҳаммаси ўтиб кетди-ку. Энди ҳеч нарсани орқага қайтариб бўлмайди.

муҳаммадиев4

“Афсуски, гол урадиган ҳужумчини топа олмадик”

- Бунгача бошқа жамоаларнинг майдонларини танқид қилган ҳолда футбол ўйнаш учун яроқсиз дегандингиз. Аммо эндиликда кўриб турибмизки, “Бухоро”нинг майдони ҳам шундай аҳволга келиб қолибди. Айниқса, бу ҳолат “Бухоро”нинг “Қўқон-1912”га қарши учрашувида ҳам яққол кўринди. Бу ҳолатга қандай изоҳ берган бўлардингиз?

- Майдон ҳақидаги саволга келсак, Ўзбекистондаги кўплаб жамоаларнинг майдонлари яхши. Фақат бир-иккитасидан ташқари. Масалан, ўша пайтдашги “Андижон”нинг ва ўзимизнинг майдонларимизни айтишим мумкин. Бундай ҳолатда комбинацион ўйнаш ва ҳужум қилиш қийин. Шунга майдон ҳақида гапиргандим, сифатсиз майдонларда ўзимиз истагандек ўйнай олмагандик. Барибир бундай майдонларда ҳужум қилиш қийин. Лекин ҳимояланиш осонроқ. Ўша пайтда “Андижон”даги майдонни танқид қилганимга келсак, эътибор берсангиз, биз ўз уйимиздан кўра сафарда яхшироқ ўйнаяпмиз. Шу боис кўпинча меҳмонлардаги учрашувларда ҳам очко йиғишга ҳаракат қилдик. Балки ўшанда майдон яхши ҳолатда бўлганида ютқазмаган бўлармидик?!

- “Бухоро” Суперлигада энг оз гол урган жамоа бўлиб турибди. Ҳисобида бор-йўғи 15 та гол бор холос. Табиийки, бундай пайтда жамоангизга гол урадиган сермаҳсул ҳужумчилар етишмаётгани кўриниб турибди. Бу сиз учун ташвишли ҳолатми?

- Ҳа, тўғри, бизга гол урадиган ҳужумчининг йўқлиги панд беряпти. Айнан сермаҳсул ҳужумчи жамоамизга етишмаяпти. Аммо, менимча, деярли барча клубларнинг ҳужумчилар билан боғлиқ муаммоси бор. Гол урадиган сермаҳсул ҳужумчилар эса ҳозир кам. Афсуски, биз ҳам барқарор ҳужумчини топа олмадик. Ҳеч бўлмаганда учта имкониятнинг биттасидан гол ура оладиган ҳужумчимиз бўлганида ҳам яхши бўларди. Лекин нима ҳам қилардик, ёш, иқтидорли ҳужумчиларни тарбиялаймиз.

муҳаммадиев5

“Бухоро”ни сақлаб қолсак, келаси йили кучлироқ жамоага айлантирамиз”

- “Пахтакор” муддатидан анча аввал чемпионликни қўлга киритди. Қолаверса, Кубок ҳам “Пахтакор”га насиб қилди. Сизнингча, чемпионатимиздаги интрига барвақт тугагани бу салбий ҳолатми?

- Нега? Мен бу ҳолатни ёмон деб ўйламайман. “Пахтакор” Ўзбекистоннинг энг кучли жамоаси. Уларнинг таркибига қаранг. Шунинг учун ҳам улар биринчи ўринда. Кучли бўлганлиги учун бир неча тур олдин чемпионликни қўлга киритди. Тан олайлик,”Пахтакор” кучли клуб. Қолган жамоаларни қаранг, бошқа ўринлар учун қандай кураш олиб боришяпти. Ана, интрига. Қолаверса, пастдаги жамоалар ҳам қандай курашишаётганини кўринг. Бу ҳам ўзига яраша интрига. Бу дегани ёмон чемпионат эмас.

- Айтмоқчиманки, “Пахтакор” ҳаммадан кучли бўлгани учун ҳеч ким бу клубга тенг кела олмаяпти. Бошқа жамоалар эса шунчаки ўртамиёна даражада кўринмоқда. Қанийди, ҳамма “Пахтакор”дек кучли бўлса... Бироқ бошқаларнинг бу клубга тенг кела олмаслиги бу яхши ҳолат бўлмаса керак.

- “Пахтакор” Ўзбекистонда бошқаларга қараганда, бир бош баланд жамоа. Бошқа клублар эса “Пахтакор”га қараб интилишади. Бошқа чемпионатларда ҳам айтайлик, “Манчестер Сити” ёки “Ювентус” каби клублар катта тафовут билан чемпион бўлишган. Бир вақтлар “Барселона” ва “Реал” ҳам чемпионликни қўлга киритганида бошқалардан очколар борасида катта тафовутни вужудга келтиришганди.

- Муҳсин Муслимович, кейинги режаларингиз қандай? “Бухоро”даги фаолиятингизни давом эттирасизми?

- Режа бўйича гапирадаган бўлсам, аввало биз Суперлигада қолишимиз керак. Бу бизнинг дастлабки режамиз. Шундан сўнг кейинги йил учун режаларни тузиб чиқамиз. Агар Суперлигада қолсак, келаси мавсумга кучлироқ жамоани тузишга ҳаракат қиламиз.

- Суперлигамиздаги формат ҳақида нима деган бўлардингиз? Балки келаси йил учун клублар сонини оширган маъқулмикин?

- Биз буни ассоциацияда муҳокама қилдик. Кўп мураббийлар ҳозирги форматдан қониқишмаяпти. Чунки чемпионат ўртасида узоқ танаффуслар учраяпти. Ўйинлар эса кам. ЎФА раҳбарлари эса бундай гапларни эшитишди. Улар бундан тўғри хулоса чиқаришади деган умиддаман. Мавсум тугасин-чи, кейин ҳаммасига ойдинлик киритилади.