Муҳаммадқодир Абдуллаев қандай ёлғон қурбонига айланганди?

Ўзбек боксининг тирик афсонаси, “Ўзбекистон ифтихори” Муҳаммадқодир Абдуллаев ҳақида жуда кўп сўз юритиш мумкин. Унинг эришган натижаларини барча яхши билса керак. Олимпиада чемпиони, жаҳон чемпионати ва кубоги, Осиё чемпионати, Осиё ўйинлари ғолиби, бир сўз билан айтганда, ҳаваскор боксдаги барча йирик турнирларда зафар қуча олганди.
Сўнги вақтларда ушбу ажойиб чемпионимиз ОАВ да камнамо бўлиб кетди. Биз эса Ўзбекистон бокс тарихида ўчмас из қолдирган ушбу чармқўлқоп устаси билан боғланиб, айни кунда қандай ишлар билан машғул эканлиги ва бир нечта боксчилик фаолиятига оид саволлар билан мурожаат қилдик.

- Ассалому алайкум.

- Во алайкум ассалом. Ассалому алайкум.

- Демак, саволларимизга жавоб беришга тайёрсиз?

- Аввало, эътибор учун хурсандман. Саволларингизга эса имкон қадар жавоб беришга ҳаракат қиламан.

- Ҳали ҳам Ўзбекистон профессионал бокс федерациясида фаолият юритаяпсизми?

- Худди шундай.

- Қандай лавозимда?

- Исроил Юнусов раҳбаримиз... Биринчи вице-президент Абдуллоҳ Сагдиев ҳисобланади. Мен ҳам вице-президент лавозимида фаолият олиб боряпман.

му

- Андижон вилоятининг Олтинкўл туманида ўз мактабингиз ва клубингизни очиш арафасида эдингиз. Ишлар ўз якунига етдими?

- Андижон вилояти ҳокими Шуҳратбек Абдураҳмонов ушбу туманда бўш турган бинони бизга берди. Бу борада ишлар олиб борилмоқда. Қолаверса, мазкур жойда ишлаб чиқаришни ҳам йўлга қўямиз. 400 та иш ўрни яратиш режалаштирганмиз. Насиб қилса, тез орада бокс мактаби ва клубимиз ўз фаолиятини бошлайди. Шу ўринда вилоят ҳокимига бизни қўллаб-қувватлаганлиги учун ўз миннатдорчилигимни билдириб қоламан.

муха

- Қарши шаҳрида ҳам сизнинг номингизда бокс академияси очилиши борасида хабарлар тарқалганди?

- Тўғри, Қарши шаҳридаги “Темурийлар харбий мактаби” қошида бундай лойиҳа ҳам амалга ошиш арафасида турибди.

- “Сидней” дея номланган чойхонангиз ҳам анчадан буён мижозларга хизмат кўрсатмаётган экан. Бу нима билан боғлиқ?

- “Сидней” чойхонасининг ўрнига болалар учун бокс, кураш турларига ихтисослашган мактабгача таълим муассаси очмоқчимиз. Бу ерда нафақат спорт турлари, балки таълимга ҳам катта урғу берилади. Шунингдек, уч маҳал иссиқ овқат билан таъминланади. Умуман айтганда, барча шароитларга эга бўлади. Қолаверса, ўқув марказларини ҳам очиш режамизда бор. Бу борада ҳаракатлар аллақачон бошланиб кетган. Яқин кунларда Муҳаммадқодир Абдуллаев номидаги спортга ихтисослашган мактабгача таълим муассаси ҳам ишга тушади.

мухаммад

- Нега мураббийлик билан шуғулланишни истамагансиз?

- Энди, бу жуда қийин ишлардан бири. Лекин истамаганман десам, нотўғри бўлади. Маълум муддат бу борада ҳам фаолият олиб борганман.

- Бу саволни беришимни боиси, Ҳиндистондан бўлган таклифни рад этган экансиз?

- Ҳа, бундай таклифлар жуда кўп эди. Хитой Тайпейидан ҳам бўлган. Бироқ у вақтда Ўзбекистон профессионал бокс федерациясида иш бошлагандим. Набижон Исмонов, Зуфар Сулаймоновлар билан биргаликда мамлакатимизда профессионал йўналишни ривожлантириш борасида астойдил иш бошлаган эдик. Манфаатли таклиф деб, бошлаган ишни ярим йўлда ташлаб кетишни истамаганман.

- Ўз вақтида кўпкарига қизиқардингиз. Бир нечта зотдор отларингиз бўларди. Ҳозир ҳам борми?

- Тўғри, ўша вақтлар қизиқишим юқори эди. 50 минг АҚШ долларига от ҳам сотиб олгандим. Кейинчалик бу иш менга эмаслигини тушуниб етгандим.

мухаммад1

- Собиқ Андижон ҳокимининг ўғли билан келишмовчилигингиз катта шов-шув бўлганди?

- Буларнинг бариси миш-мишлар эди. Ҳеч қандай уруш-жанжал бўлмаган. У билан ака - укадек эдик десам ҳам бўлади. Ҳалигача муносабатимиз яхши.

- Ҳасанбой Дўстматов билан илк учрашувингиз ва унга яхши ният билан амалга оширилган воқейликлар ҳақида батафсил тўхталиб ўтсангиз?

- Адашмасам, Ҳасанбой 6 ёки 7 синфда ўқирди. Ўша вақт кикбоксинг билан шуғулланар экан. Андижон вилояти Булоқбоши туманидаги Кулла қишлоғига тўйга борганмиз. У ерлик бир акамиз Руслан Чагаевга ҳавас қилиб ўғлини исмини Руслан қўйганди. Шу болакайни тўйига таклиф қилган. Ўшанда Ҳасанбойнинг бувиси олдимга олиб келиб, оғзига туфлаб қўйинг, сизга ўхшаган чемпион бўлсин деганди. Яхши ният билан дуо қилгандик. Яратганни инояти билан у биздан-да яхши натижаларни қайд этди.

мухаммад2

- Келинг энди бироз боксчилик фаолиятингиз ҳақида ҳам суҳбатлашсак. Олимпиада чемпионига ўз вақтида ҳаваскор боксда ноқулай ва жиддий қаршилик кўрсата олганлар бўлса керак?

- Наманганлик Баҳром Қирғизбоев, Тошкент вилоятидан Фарҳод Бакировларни таъкидлаб ўтган бўлардим. Умуман олганда, вазн тоифамда жуда кўп кучли боксчилар бор эди.

- Жаҳон миқиёсидачи?


- Беларуслик боксчи Сергей Быковски эди. У билан жангда қийинчиликка учрагандим.

- Ҳозирги кундаги боксчиларимиз орасида сизнинг услубингизда жанг қиладиганлар борми?

- Ҳасанбой Дўсматов ва Шаҳобиддин Зоировларда қисман бор.

- Профессионал боксдаги мағлубиятларингизни қандай изоҳлаган бўлардингиз?

- Мағлубиятларнинг жуда кўп сабаблари бўлади. Рақибингиз бир бош устун бўлса, тан олиш керак. Мен ҳеч қачон ўзимни оқламайман. Эҳтимол, яхши ҳаракат қилмагандирман. Бироқ ўша вақт мени мағлуб этган рақибларимдан кучсиз эмасдим. Мисол учун, Ганада бўлган жангимда шунчаки рақибга бериб юборишган. Қолган мағлубиятларнинг асосий сабабчилари менежерларим эди. У пайтлар профессионал бокс бизда яхши ривожланмаганди.
Менежерларим жангга оз қолганда промоутер билан келиша олмадик, тушмайсан дерди. Биз бироз машғулотларни бўшаштирардик. Жангга уч-тўрт кун қолганда ҳал бўлди, тушасан дерди. Тайёргарлик жараёнларим, ҳаёлларим бузилган. Тил билмаслигимиз, профессионал бокс атрофидаги қонун-қоидалар ҳақида билимга эмаслигимиз кўп панд берган.
Қанчадан-қанча пуллар менежерларимда қолиб кетган. Шунчаки ёлғонлар қурбонига айлангандим!

- Мазмунли суҳбат учун ташаккур. Бошлаётган ишларингизга ривож тилаб қоламиз.

- Катта раҳмат!

 

Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter)