Мудофаасида муаммолари бор чемпион Римда меҳмон ёхуд “Лацио” “немис машинаси”га қарши!

Бугун оқшом бутун дунё мухлислари интиқлик билан кутаётган Европа Чемпионлар Лигаси турнири яна қайтади. Деярли барча Европа футболи ишқибозлари учун тун бедорликда ўтади, сабаби, қизғин ўйинлар, кутилмаган натижалар ва ҳаяжонли кечалар бугун ҳам давом этиши шубҳасиз. Бизни сешанба оқшомида 2 та ажойиб ўйин кутиб турибди. Ҳозир улардан бири ҳақида сўзлашамиз.
Бугун Римда “Лацио” Мюнхеннинг “Бавария”сини меҳмон қилади. Ажойиб номлар, кўп томонлама қарама-қаршиликлар мавжуд - шу туфайли, ўйин шиддатли ва томошабоп кечиши тахмин қилинмоқда. Келинг, жамоаларнинг умумий ҳолати ҳамда ўйин ҳақида батафсил фикр юритамиз. Демак, бошладик!

Eu23MFaVgAA4izY

“Лацио”
  Гуруҳ босқичини 10 очко билан “Боруссия”дан кейинги 2-ўринда якунлаган Рим клуби плей-оффнинг илк босқичидаёқ даҳшатли “Бавария” билан тўқнаш келадиган бўлди. Қуръа натижасига кўра, деярли ҳамма бу тўқнашувда мюнхенликлар осонгина ғалабани қўлга киритиб, кейинги босқичга йўл олишини тахмин қилган эди. Бироқ, ҳозир бу фикрлар бирозгина ўзгарган. Мавсум бошида Симоне Индзаги шогирдлари анча ишончсиз ўйин кўрсатаётган эди. Сўнгги учрашувларда кўрсатишаётган ўйинлари ҳақида эса бундай дея олмаймиз. “Бургутлар” росмана маънода кучли ўйин кўрсатишяпти. Сўнгги 10 та баҳсда 8 та ғалаба қозонилган, 2 таси эса мағлубият билан якунланган. Мавсум бошидагига қараганда, анча ишончлироқ ўйин кўрсатишаётгани боис, римликларнинг “Бавария”га муносиб қаршилик қилишига  умид уйғонган. Бунинг устига, немисларда таркиб билан боғлиқ муаммолар бор ва сўнгги ўйинларда бир қанча очко йўқотилди. Бугунги ўйинни “Лацио” таркибида Луис Фелипе, Раду ва Стракоша ўтказиб юборади, бироқ бу йўқотишлар “Бавария”ники сингари жиддий эмас.

Тахминий таркиблар: Рейна; Патрик, Ачерби, Мусаккио; Лазарри, Милинкович-Савич, Лукас, Альберто, Марушич; Корреа, Иммобиле.

Eu2GMreXAAk5VJg

“Бавария”
Ханси Фликнинг “Бавария”си учун эса, ЕЧЛ гуруҳ босқичи идеал тарзда якунланди. “Атлетико”, “Локомотив” Москва, “Ред Булл” Зальцбург жамоалари билан бир гуруҳдан жой олган мюнхенликлар “плей-офф”га 1-ўринни осон қўлга киритган ҳолда йўл олди. Бу йўлда Симеоненинг “Атлетико”си 4:0 ҳисобида мағлуб этилди, Зальцбургнинг “Ред Булл”и эса 6:2 ҳисобида янчиб ташланди, “Локомотив” ҳам 2 баҳсда осон таслим этилди.

 Ўтган мавсумни максимум 5 та соврин билан якунлаган “немис машинаси” Қатарда бўлиб ўтган “Клублар ўртасидаги жаҳон чемпионати”да ҳам чемпионликни қўлга киритиб, титуллар сонини 6 тага етказиб қўйди. Ҳаммаси идеал тарзда бўлиб турган бир пайтда жамоада муаммолар бошланди: асосий таркибнинг 2 футболчиси коронавирусга чалинди, яна бир нечтаси эса кичик жароҳат билан сафдан чиқди. Бундеслига доирасидаги сўнгги баҳслар ҳам кўнгилдагидек ўтмаяпти. Ўтган мавсумни атиги 2 мағлубият билан якунлаган “Бавария” сўнгги 10 та баҳснинг ўзидаёқ худди шунча мағлубият қайд этди. Айниқса, “Арминия” билан бўлган 3:3 ҳамда “Айнтрахт”дан учралган 2:1 ҳисобидаги мағлубият жамоа мухлислари кўнглига ғулғула солган бўлса ажаб эмас. Лекин фанатлар мураббийга ишонади: Флик одатда қийин ўйинлар олдидан куч тежаб, ўйинни бой беришни маъқул кўради, буни УЕФА Суперкубоги арафасидаги мағлубиятда ҳам кузатган эдик. Демак, Фликнинг захира режаси борлигини тахмин қилишимиз мумкин.

Муаммо шундаки, Римдаги баҳсда “Бавария”га асосий таркиб ўйинчилари бўлмиш Серж Гнабри, Томас Мюллер, Бенжамин Павар ҳамда Корентин Толиссо ва Дуглас Коста ёрдам бера олмайди. Уларсиз ҳам мюнхенликларнинг таркиби “Лацио”никидан анча кучли, шундай бўлса-да, бир қанча иккинчи таркиб ўйинчилари билан ЕЧЛда қандай ўйин кўрсатилишини кузатиш анча қизиқ бўлади. Ўйлаймизки, учрашув бизни зериктириб қўймайди.

Тахминий таркиблар: Нойер; Зюле, Боатенг, Алаба, Дэвис; Киммих, Горецка, Мартинез; Сане, Коман, Левандовски.

Eu1VNDTXAAMDE4j

Мураббийлар фикри

Симоне Индзаги: Чемпионлар Лигаси доирасида “Бавария”га қарши ўйин ўтказиш бу ажойиб. Жамоам билан 5 йил бирга ишладим, уларнинг ҳамма яхши ва ёмон томонларини биламан. Шу сабаб, “Бавария”га қарши ўзгача ёндашув қилишга ҳаракат қиламиз. Уларнинг заиф томонлари? Ушбу жамоа ўтган мавсум ЕЧЛни, яқиндагина эса Клублар ўртасидаги жаҳон чемпионатини ютди. Уларнинг салоҳияти-ю кучига шубҳа йўқ. Масалан, мен “Бавария”нинг кучсиз томонларини қидиришдан кўра, “Лацио”нинг кучли томонларига тўхталишни афзал кўраман. Бу энг тўғри йўл. Левандовски ва Иммобиле? Иммобиле бизнинг фахримиз, у “Олтин бутса”ни ўтган йили унда тортиб олганди. Бу мавсум эса кўриниш у даражада эмас. Роберт ҳаммадан ўзиб кетган. Унга қарши алоҳида ҳимоявий тактика қўллашимиз зарур. Ишонаманки, натижага эришамиз”.

Eu1npbUXAAUo8Ot

Ханси Флик: Мен жамоамдан камчилик қидириб, уларнинг руҳиятини синдириш ниятида эмасман. “Айнтрахт” ва “Арминия”га қарши ўйинларда 1-бўлимлар кутганимиздек ўтмагани сабаб, ўйинни бой бердик. Ўйлаймизки, Чемпионлар Лигасида бундай бўлмайди. Бу ўзига хос турнир. Зюле машғулотларда кичик жароҳат олди, шу сабаб Паварнинг ўрнида Киммих ўйнаши мумкин. Горецка ўйинни асосий таркибда бошлайди, умид қиламизки, у “Айнтрахт” билан бўлгани каби яхши ўйинини кўрсатади. У биз учун жуда муҳим фигура. “Лацио”? Биз уларнинг гуруҳ босқичидаги “Боруссия”га қарши ўйинини диққат билан кузатдик ва ўзимизга керакли хулосалар чиқариб олдик. Бир вақтлар уларнинг сафида ўйнаган Клозе ҳозир бизга қўл келиши мумкин, сабаби “Лацио”даги айрим футболчилар билан у тўп сурган. Мураббийни ҳам яхши билади”.

Eu1Vr9VWYAIohDk

Хулоса ўрнида

“Бавария”нинг нималарга қодир эканлигини барча билади. Гарчи ҳимоясида муаммолари бор бўлса-да, Левандовскиси бор экан, гол уришдан тўхтамайди. “Лацио”нинг ҳужум чизиғи анча ишончли ўйнаётгани боис, ҳимоядаги хатолардан унумли фойдаланилиши мумкинлигини тахмин қилишимиз мумкин. Лекин, барибир мюнхенликлар осонликча таслим бўладиганлардан эмас. Шу сабабли, меҳмонларнинг кичик ҳисобдаги ғалабасини тахмин қиламиз. Албатта, бу шунчаки фикр. Барчаси майдонда ҳал бўлади!

Абдулла Маннонов тайёрлади.

Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter)