Мўминжон Абдуллаевнинг Токио Олимпиадасидаги асосий рақобатчилари кимлар? Курашчимизнинг ўзи жавоб берди

Ҳозирги кунга келиб, Токио Олимпиадасига лицензияни қўлга киритган барча спортчиларимизнинг диққат эътибори ушбу тўрт йилликнинг энг нуфузли турнирига муносиб тайёргарлик кўриш ва унда ижобий натижа қайд этишга қаратилган, десак янглишмаган бўламиз.

Албатта, юнон-рум кураши бўйича энг оғир вазн (130 кг) тоифасида самурайлар юртида ўтадиган Олимпиадага йўлланмани нақд қилган ҳамюртимиз Мўминжон Абдуллаев ҳам бундан мустасно эмас. У айни вақтда ушбу турнирга Польшанинг Спала шаҳарчасида терма жамоа аъзолари билан биргаликда ҳозирлик кўрмоқда.

Биз ушбу полвонимиз билан боғланиб, тайёргарлик ва Олимпиадага боғлиқ бир нечта саволлар билан мурожаат қилдик.

мўмин

- Мўминжон аввало, Токио Олимпиадасига лицензияни қўлга киритганингиз билан табриклаймиз!

- Раҳмат.

- Буни қўлга киритиш ҳам осон бўлмади, тўғрими?

- Албатта. Барча ишни ўз қийинчилиги бўлади. Бизнинг вазн тоифамизда жиддий рақобат мавжуд ва улар орасида энг кучли ва омадлилари Олимпиадага йўл олди.

- Келинг, шу тўрт йилликнинг энг нуфузли турнирига йўлланмани қай тарзда қўлга киритганлигингиз билан батафсил ўртоқлашсангиз?

- Токио Олимпиадасига йўлланма берувчи Осиё лицензион турнирида иштирок этдим. Ҳамма рақибларим кучли эди. Илк босқичда ҳиндистонлик спортчига дуч келдим ва уни 8-0 ҳисобида мағлуб этдим. Кейинги босқичда қирғизстонлик рақибимни ҳам 8-0 натижа билан мағлуб этдим. Учинчи рақибим японялик бўлди ва ундан ҳам худди шу ҳисобда устун келдим. Турнир давомидаги тўртинчи рақибни ҳам 8:0 натижа билан мағлуб этганимдан сўнг, финалда жанубий кореялик курашчини устидан зафар қучиб, лицензия билан бирга чемпионликни ҳам қўлга киритдим.

- Энди эса навбат Олимпиадага! Тайёргарлик яхши кетаётгандир?

- Шубҳасиз, жиддий ҳозирлик кўраяпмиз. Польшанинг Врашава шаҳрида рейтинг баллар тақдим этувчи турнир бўлиб ўтди ва унда умумжамоа ҳисобида 1-ўринни қўлга киритдик. Айни кунларда Польшадаги Спала шаҳрида 15 та мамлакатдан ташриф буюрган спортчилар билан биргаликда ўқув-машғулот йиғинидамиз. Умуман олганда барчаси аъло даражада!

- Токиога йўлланмани қўлга киритган эхтимолий рақибларингизни барчаси билан гиламда тўқнаш келганмисиз?

- Барчаси билан эмасу, аксарияти билан мусобақаларда учрашганмиз.

- Улар орасида сиз учун жиддий хавф туғдурувчи, ноқулай рақиб дея қай бирларини айта оласиз?

- Уч карра Олимпиада чемпиони кубалик Михаил Лопес, икки карра Олимпиада совриндори, беш карра жаҳон чемпиони туркиялик Риза Каялп ва россиялик Олимпиада совриндори, жаҳон чемпиони Сергей Семёновни айтишим мумкин. Умуман ҳар бир рақиб катта хавф дегани. Шундай экан барчасига бирдек қараш ва ҳаракат қилиш лозим.

- Юртимиз миқиёсида ҳам сизнинг муносиб издошларингиз етишиб чиқаётганлиги аниқ. Айтингчи, кимларни бу борадаги салоҳиятига юқори баҳо берган бўлардингиз?

- Мамлакатимизда бундай иқтидорлар кўплаб топилади. Мисол учун, укаларимиз Далер Раҳматов, Тимур Насимов яхши даражага чиқиб келмоқда. Бизни тайёргарлигимизга ҳам катта ёрдам бериб келишяпти. Умуман олганда келажаги порлоқ деб айта оламан.

- Токио Олимпиадасидан сўнг ҳам катта спортда қоласизми?

- Албатта. Ҳали Парижда ҳам иштирок этиш истагидаман.

- Олимпиада олдидан мухлисларга қандай сўзларни айта оласиз?

- Албатта, халқимизни олимпия ўйинларидаги ижобий натижалар билан хурсанд қилишга ҳаракат қиламиз. Қўллаб-қувватлаб, дуода бўлинглар ва биз ишончингларни оқлаш умидидамиз!

Маълумот учун, Мўминжон Абдуллаев юнон-рум кураши бўйича Осиё чемпионатининг икки карра бронза ва бир бора кумуш медали эгаси, Осиё ўйинлари ғолиби, Ислом бирдамлик ўйинлари ҳамда Ашхабодда ўтган Ёпиқ иншоотлар ва жанг санъати бўйича Осиё ўйинлари кумуш медали соҳиби.

 

Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter)

Комментарии

Для написания комментариев пройдите авторизацию