ММА бўйича профессионаллар ўртасидаги турнир таассуротлари ёхуд промоушенга эҳтиёж борми?

23-25 октябрь кунлари пойтахтимиздаги МҲСК спорт мажмуасида ММА бўйича профессионаллар ўртасида турнир ўтказилди. Мудофаа вазири кубоги учун ўтказилган мусобақа жуда томошабоп ва шиддатли тарзда бўлиб ўтди, десак муболаға бўлмайди. Турнир якунидаги ғолиб ва совриндорларга эътибор қаратсак, чемпион бўлганлар орасида юртимиз ММА оламида ўз номига эга бўлганларини ҳам кўришимиз мумкин. Улар дарҳақиқат, кучли эканликларини исботлади. Шунингдек, янги истеъдодлар ҳам камол топаётганлигини кўришимиз мумкин.

Жумладан, 120 кг вазн тоифасида чемпионликни қўлга киритган, Азамат Нуфтиллаевнинг профессионал рекордига эътибор берсак, 4-0 натижани кўришимиз мумкин. У мағлубиятсиз одимини давом эттирган ҳолда, FFC - Falco Fighting Championship промоушени чемпиони ҳисобланади. 65.8 кг вазнда ғолиб бўлган, Ислом Маҳамматжонов ҳам 3-0 рекордга эга ва аҳамиятли жиҳати у анчагина кучли бўлган, Чехия промоушени XFNда битта жанг ўтказиб, рақибини 35 сонияда нокаутга учратган эди. Анча йиллар аввал фаолиятини бошлаб, 6 йиллик танафуссдан кейин яна октагонга қайтган Шоҳасан Мирзаматов ҳам илк бора ўтказилган ушбу мусобақада ўрта вазн тоифасида (83.9 кг) ғолиб бўлди.

ММа1

Шунингдек, Жаҳонгир Жумаев, Жасур Мирзамуҳамедовлар ҳам қўл жанги ва бошқа яккакураш турларида ўз сўзини айта олган атлетлар ҳисобланади. Демоқчиманки, айнан шундай савиядаги жангчиларнинг иштироки ҳам турнир савиясини ва нуфузини ошириб юборди, десак муболаға бўлмайди. Бир сўз билан айтганда профессионаллар ўртасидаги турнирда том маънодаги профессионаллар ўз сўзини айта олиш баробарида халқаро ареналардаги муваффақиятлари шунчаки тасодиф эмаслигини исботлашди.

Яна бир қувонарли жиҳат юртимизда ушбу спорт тури бўйича ҳам кучли рақобат юзага келаётганлигидир... Турнирда иштирок этган кўплаб ёшларимиз тажрибали рақибларига жиддий қаршилик кўрсатди ва келажакда улардан юқори натижалар кутишимиз мумкинлигига ишонтира олдилар. Супер енгил (56,7 кг) вазнда Ҳасан Ўроқов кучли ва тажрибали рақибларини мағлуб этиб, шоҳсупанинг энг юқори поғонасига кўтарилган бўлса, ўта енгил вазн (61,8 кг) тоифасида Жасурбек Анорбоев ҳам чемпионлик нашидасини сурди. Ярим ўрта вазн (77,1 кг) да Самандар Сатторов, ярим оғир вазн(93.8 кг) тоифасида эса Шаҳбоз Ортиқовга тенг келадигани топилмади.

 Хуллас, ушбу турнир кўрсатдики, бизда етарли хом-ашё мавжуд ва бундан унумли фойдаланиш лозим. Яъни, юртимизда жуда кўплаб, ёшлар ММА оламига кириб келмоқда. ММАнинг оммавийлиги ошиб, чекка-чекка ҳудудларда ҳам ушбу спорт тури ривожланиб бораётганлигини кўришимиз мумкин. Албатта, биз учун бир неча йиллар аввал ассоциациянинг очилиши шунчаки орзу эди. Гарчи, Ўзбекистон ММА ассоциацияси ўз фаолиятини бошлаганига кўп бўлмаган бўлса-да, салмоқли ишларни амалга ошира олди. Илк бора ташкил қилинган ҳаваскорлар ўртасидаги Ўзбекистон чемпионати, Ўзбекистон кубоги ва профессионаллар ўртасидаги турнирлар юқоридаги гапимизга мисол бўла олади. Қолаверса, “GFC 20” турнирининг Тошкентда ташкил этилиши ҳам мухлислар учун ўзига хос тортиқ бўлди.

Аста-секин барча қилиниши керак бўлган ишлар амалга оширилмоқда. Шундай бўлса-да, юртимизда промоушен ҳам очилса, мақсадга мувофиқ бўларди. Эҳтимол, бу борада ҳам ишлар аллақачон бошлаб юборилгандир. Чунки, жаҳон тажрибасига эътибор қаратсак, одатда, промоушенларнинг ўрни юқори саналади. АҚШ ММА федерацияси ёки ассоциациясидан кўра, UFC, «Bellator» кўпроқ машҳурликка эга ёки Россия ММА оламида ҳам федерациядан кўра, ACA, Fight Night, М-1, GFC деган жумлаларни кўп эшитамиз. Қўшни Қозоғистонда ҳам бир нечта шундай промоушенлар мавжуд, улар орасида “Alash Pride»ни алоҳида таъкидлаб ўтсак бўлади ёки Қирғизистоннинг WEF ташкилотини айтиб ўтишимиз мумкин. Хуллас, барча профессионал жангчиларимиз ҳам хориж промоушенлари билан шартнома имзолай олмайди. Шундай экан, уларни тавсия қилиш, бевосита хорижлик менежерлар кузата олиши, қолаверса молиявий жиҳатини ҳам инобатга олиб, ўзимизда ҳам мунтазам шундай жанглар ташкил қилувчи промоушенни ташкил қилиш керак назаримизда...

Мма

 Шубҳасиз, барчаси маблағга бориб тақалади. Лекин маркетинг яхши йўлга қўйилса, бу ҳам ўз ечимини топса керак. Ҳар қандай жанг кечалари пандемия бартараф этилса, мухлислар билан тўлиб-тошиши аниқ. Айниқса, хорижлик жангчиларнинг иштироки йўлга қўйилса, янада қизиқиш ортиши турган гап. Балки, вақти келиб, трансляциядан ҳам катта маблағ топиш мумкин бўлар... Лекин бир нарса аниқки, промоушен ташкил этилиши юртимизда ушбу спорт турини янада ривожланиши, UFC, “Bellator” “One Championship” каби жаҳоннинг энг кучли промоушенларида савияли, кучли жангчиларимиз кўпайишини таъминлайди. Шунингдек, туризм ривожига ҳам қайсидир маънода ижобий таъсир кўрсатиши тайин.

Албатта, “катта карвон” эндигина йўлга тушди. Тез орада бундай воқейликлар ҳам амалга ошишига ишончимиз комил. Зеро, Ўзбекистон ММА ассоциациясининг ташаббуслари ва фаолияти бизни шундай фикр билдиришимизга сабаб бўлмоқда!

Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter)