Миллий Паралимпия ассоциациясининг раҳбари ўзгарди
Ads

Бугун МОҚда Ўзбекистон Миллий Паралимпия ассоциациясининг навбатдан ташқари ҳисобот-сайлов конференцияси бўлиб ўтди. Унда Жисмоний тарбия ва спорт вазирининг биринчи ўринбосари Ойбек Касимов, МОҚ вице-президентлари Азиз Камилов ҳамда Сакен Полатов, шунингдек, спорт жамоатчилиги иштирок этди. Конференцияда кун тартибига қўйилган асосий масала ассоциациянинг амалдаги раиси Улуғбек Мирҳайдаровнинг ўз хоҳишига кўра лавозимидан озод этилиши бўйича ёзган аризасини кўриб чиқиш ва унинг ўрнига янги раҳбар сайлаш бўлди, дея хабар бермоқда Миллий олимпия қўмитаси. 

Йиғилиш давомида дастлаб У.Мирҳайдаров аризаси кўриб чиқилди. Конференция иштирокчилари бир овоздан унинг истеъфосини қабул қилишди. Шундан сўнг МОҚ вице-президенти Азиз Камилов сўзга чиқиб, ассоциация раҳбарлиги учун шу пайтгача Ўзбекистон Миллий Паралимпия ассоциацияси раиси ўринбосари лавозимида ишлаб келган Мухторхон Махсудович Ташходжаев номзодини илгари сурди ва йиғилганларга номзод ҳақида қисқача маълумот бериб ўтди. Овоз бериш жараёнида барча бир овоздан янги номзодни маъқуллади ва Мухторхон Ташходжаев Ўзбекистон Миллий Паралимпия ассоциациясига янги раҳбар этиб сайланди.