Микаэль Секейра:

“Андижон” – “Локомотив” (1:2) ўртасидаги ўйиндан кейинги матбуот анжуманида меҳмонлар устози Микаэль Секейра ўз фикрларини билдирди.

- Бугун чиройли ғалаба бўлди. Уч кун олдин “Бунёдкор” билан ўйнагандик. Дам олишга умуман вақт бўлмади. 72 соат давомида тинмай ишладик. Бунинг устига ҳозир Рамазон ойи. Жамоамизда рўзадор футболчилар бор. Шунга қарамай, йигитлар қўлларидан келганича ғалаба учун курашишди ва бу жуда аҳамиятли эди.

- Сиз учун майдон кўнгилдагидекми?

- Майдон яхши, менга маъқул келди, ёқди. Стадион ҳам чиройли. Мухлислар ҳам яхши қўллаб-қувватлашди. Андижон бизни жуда яхши қабул қилгани учун уларга раҳмат айтмоқчиман. Бугунги ғалаба бизга жуда зарур эди. Жамоамни ҳам бугунги ютуқ билан табриклайман. Қийинчиликларга қарамай, уч очкога эга бўлдик.

- “Локо”даги футболчиларнинг рўза тутаётгани кун тартибингизга халақит қилмаяптими? Европадан келган мутахассис сифатида балки бундай ҳолатга илк бор дуч келаётгандирсиз...

- Рамазон ойи келаётганини билардим. Олдин ишлаган жамоаларимда ҳам шунга дуч келганман. Рўза пайтда одатда йигитларга уч кун дам берардик. Лекин ўйин бўлгани сабабли футболчиларимиз ўзларини шунчалик кўрсатишдики, бундан хурсанд бўлдим. Ҳеч бўлмаса бир кун бўлса ҳам ўйинчиларимиз яхшилаб дам олишлари керак эди. Агар бугунги ўйиннинг бошланиш вақти кечроққа қўйилганида ҳам яхшироқ бўларди. Рамазон ойида рўзадор йигитларимиз учун 16:00 ёки 16:30 да тўп суриш қийин.

- Жамоангиз ўз дарвозасидан кўп гол ўтказяпти. Бу ҳимоячиларнинг сусткашлиги билан боғлиқми?

- Йўқ. Ўйинчиларимиз яхши ўйнашяпти. Бугунги учрашувда пенальти белгиланди. Аммо фикрим бўйича, у вазиятда пенальти бўлмаган.

- Голдан кейин бешинчи ҳимоячини туширдингиз. Бу ҳисобни ушлаб қолиш учун қилинган режами?

- Бунинг сабаби шундаки, дуранг ўйнаш учун эмас, балки ҳимоячиларни бештага етказиб, иккита қанот ҳимоячиларининг ҳужумкорлигини ошириш эди. Ўзгаришлардан кейин Шуҳрат Муҳаммадиев гол уришга муваффақ бўлди. Одатда 4-3-3 схемаси бўйича ўйнаймиз. Асосий мақсадимиз ҳужумкорликка мўлжалланган. Ҳимоявий ўйинни ўйламагандик. Агар ҳимояни ўйлаганимизда Мухторов билан Муҳаммадиев қанотлардан ҳужумга ўтмасдан жойида ўйнаган бўлишарди.

- “Локомотив” билан шартнома имзолаган пайтингизда футболимиз ва чемпионатимиз ҳақида қандай тасаввурга эга эдингиз? Эндиликда қарашларингиз қанчалик ўзгарди?

- “Локомотив” олдингидан кўра, ўзини анча яхши кўрсата бошлади. Биз яна ишлашда давом этамиз. Кейинги ўйинда “Турон” билан куч синашамиз. Уларга қарши қийин ўйин бўлади. “Андижон”ни ҳам табриклаб қоламан. Улар кўп ҳаракат қилишди. Насиб қилса, чемпионат доирасида яна Андижонга қайтиб келамиз. Лекин “Андижон” яхши жамоа экан.

- “Андижон”даги қайси футболчи сизга ёқди?

- 10-рақамдаги ярим ҳимоячининг ўйини менга ёқди. Жамоа сардори бугун ўйнагани йўқ, уни ҳам яхши ўйинчи деб ўйлайман. Бутун жамоа бўйича “Андижон”да яхши ўйинчилар йиғилган. Андижонда ғалабага эришиш жуда қийин.

Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter)

Минбар

Барча блоглар