Бекободнинг “Металлург” клуби яқинда Туркиядаги йиғинини якунлаб қайтиб келди ва эндиликда янги мавсумнинг дастлабки тури учун сўнгги тайёргарлигини давом эттирмоқда. Куни кеча эса бекободликлар сафида айрим йўқотишлар юз берди. Аввалига мураббийлар штабида самарали ишлаб келган Мурод Исмоилов “Металлург”ни тарк этди. Кейин эса унинг ўғли, жамоа етакчиларидан бири Музаффар Музаффаров ҳам жамоани тарк этиб, “Қўқон-1912”га йўл олди. Бизнинг бугунги суҳбатдошимиз эса Мурод Исмоиловдир. У икки йил давомида бош мураббий Андрей Шипиловга яқиндан ёрдам берди ва жамоанинг ғалабаларида ҳам ўз ҳиссасини қўша олди. Аммо ажабланарлиси, Исмоилов янги мавсум бошланиши арафасида кетиш қарорини эълон қилди.  

- Биринчи навбатда “Металлург” жамоасидан нима учун кетганлигингизнинг сабабини келтириб ўтсангиз?

- Бунга оилавий сабабларни айтишим мумкин. Гапнинг очиғи йўл узоқлик қилаверди. Барибир оилани ҳам унутиб қўймаслик лозим. Тўғриси, анча олдин, ўтган йилги мавсум якунланганидан кейин клубдан кетмоқчи бўлиб тургандим. Аммо яна бироз ишлаб кўрайчи, деган хулосага келгандим. Лекин, барибир уйга қайтиш истаги кучлилик қилди.

- Қизиқ, нима учун айнан мавсум бошланаётган маҳалда бундай қарорга келдингиз?

- Эртароқ кетсам ҳам бўларди. Айтдим-ку, ўтган мавсум якунидан кейин шу ҳақда ўйлагандим. “Металлург” анча йўлга тушиб олди. Бош мураббий Андрей Шипилов клубда янги иш бошлаганида унга қўлимиздан келганича ёрдам бердик. Энди эса ўзи бемалол мустақил қарорларни қабул қиляпти, ҳаммаси яхши. Ўз йўлини топиб олди. Шу боис эндиликда у ердан кетса бўладиган пайт эди.

- Сизнинг кетишингизга Шипиловнинг ўзи қандай муносабатда бўлди?

- Унга оилавий шароитимизни тушунтирганимдан кейин вазиятни тўғри қабул қилди.

- Кейинги режаларингиз қандай?

- Ҳозирча дам олиб тураман. Боя айтганимдек, “Металлург”да ишлаш мен учун узоқлик қилди. Шунинг учун айни пайтда яна узоққа чиқиш ниятим йўқ. Энди бироз нафасимизни ростлайлик, Худо ўзи бир йўлни кўрсатар.

- Агар кейинги иш жойингиз яна узоқроқда бўлса, бунга қандай қарайсиз?

- Ҳозир бу ҳақида бир нарса дейиш қийин. Аммо футболда ҳамма нарса бўлиши мумкин.

исмоилов2

- Янги мавсумда “Металлург”нинг имкониятларини қандай баҳолайсиз? Клуб нималарга қодир деб ўйлайсиз?

- Жамоа яхши. Улар анча-мунча ўз йўлини топиб олишди. Икки йил давомида клуб 5-ўринни эгаллаб келяпти. Бу эса ўзидан-ўзи бўлиб қолмайди. Селекция ишлари яхши олиб борилди. Қолгани эса мавсум давомида кўринади. Ўйлайманки, клуб яхши натижалар кўрсата олади. Бу йўлда эса улар омад тилайман. Бу жамоада яхши ижрочилар борлиги учун кўнгил хотиржам. Бунинг устига яхши мураббийлар штаби ҳам бор. Раҳбарият ҳам клубни ҳар тарафлама қўллаб-қувватлаяпти. Ўйлашимча, бу жамоада катта муаммолар бўлмаса керак.

- Клубдан норози бўлиб кетмадингизми?

- Йўқ, бир-биримизни тўғри тушундик ва илиқ муносабатда хайрлашдик. Барчаларига раҳмат айтдим ва бу борада видеомурожаат орқали ҳам ўз миннатдорчилигимни билдирдим. “Металлург”да олиб борган икки йиллик фаолиятим давомида нимадир ўргандим ва нимадир ўргатдим. Ўйлайманки, бу кичкина муддат эмас. Икки йиллик меҳнатимиз бежизга кетмади, самарали бўлди деб ҳисоблайман. Ҳеч ким менинг ишимдан норози бўлмаган ва мен ҳам улардан норози бўлмаганман.

- Бунга қадар сизга бошқа клублардан ҳам таклифлар бормиди?

- Ўтган йили бўлганди. У пайтда эса “Металлург”ни ташлаб кета олмасдим.

- Қишда ўғлингиз Музаффаровни хорижга кетиши кутилаётганди. Аммо кейинчалик бу борадаги хабарлар ўз тасдиғини топмади...

- Албатта, Музаффарга икки-учта таклифлар бўлди, аммо бу унинг ўзига ёқмади. Чемпионат савияси пастроқ бўлгани сабабли пулига ҳам қараб ўтиргани йўқ. Ундан кўра ўзимизнинг чемпионатда фаолиятини давом эттиришни маъқул деб топди.

- Музаффарга қайси жамоалардан таклиф бўлганди?

- Малайзия ва Жанубий Кореянинг биринчи дивизионидан вариантлар бўлганди.

- Ота сифатида ўғлингизнинг легионерга айланишини хоҳлаганмидингиз ёки...

- Нима бўлганда ҳам унинг ўсишда давом этишини хоҳлаганман. Ҳали унинг ўрганадиган нарсалари кўп. Дуч келган жойга кетавермасди. Қолаверса, ўзи энди мустақил қарорлар қабул қиляпти.

исмоилов3

- Яна бир ўғлингиз Ислом Исмоилов про-лигада “Турон” жамоасини бошқариб келмоқда. Ота ҳамда мутахассис сифатида унинг ҳам ишларини кузатаётган бўлсангиз керак...

- “Турон” жамоасининг тутаётган йўлига эътибор бериш керак. Ташқаридан қараган холис одам сифатида айтишим мумкинки, улар тўғри йўлдан кетишяпти. Клуб ташкил қилишда ҳам шошилишмади. Ҳаммасини иккинчи лигадан бошлашди ва чемпион бўлишди. Сўнг про-лига “Б” минтақасида ҳам ўзини кўрсатди. Энди эса про-лига “А” минтақасига қўшилди. Улар босқичма-босқич ривожланишяпти. “Турон”нинг ниятлари катта. Инфратузилма борасида яхши ишларни бажаришяпти. Суперлигага чиқиш ниятида ишлашяпти. Шу боис таркибга Суперлигада ўйнаган яхши савиядаги ўйинчиларни ҳам таклиф қилишяпти. Фарғонадаги “Ҳоким Кубоги”да финалгача етиб боришди. Фақат “Нефтчи”га пенальтилар сериясида ютқазиб қўйишди. Менимча, “Турон” жамоасининг келажаги бор. Клубнинг раҳбарлари ҳам шижоатли, иштиёқманд, мақсад сари курашадиган инсонлар экан. Улар билан бир-икки марта гаплашгандим. Мақсадлари чиндан ҳам жиддий.

- Янги мавсумда ҳам яна “Пахтакор”нинг гегемонлиги кузатиладигандек туюлмоқда. Сиз ушбу чемпионатдан нимани кутяпсиз?

- “Пахтакор”нинг Осиё Чемпионлар лигасидаги иккита ўйинини кўриб, қолган жамоаларимизни хафа қилмаган ҳолда айтишим мумкинки, бу клубнинг ҳар томонлама имконияти юқори ва яққол етакчи. Буни ҳеч ким рад эта олмаса ҳам керак. Қолган жамоаларимиз эса бир хил. “Пахтакор”га рақобат кўрсатишга ҳаракат қилишади. Барибир “Пахтакор” ҳамма томонлама кучли.

- Балки чемпионатимиз савияси тушиб кетгандир?

- Мен бундай демаган бўлардим. Савия тушгани йўқ, балки “Пахтакор” кучайиб кетди. Моддий барқарорлиги, таркибдаги футболчиларнинг ва захирасининг кучлилиги эвазига ҳаммадан илгарилаб кетди. Клуб академияси ҳам ишлаяпти ва Ўзбекистондаги энг яхши ижрочилар ҳам ўша ерда. Лекин бошқа жамоаларда ҳам қандайдир ишлар бажариляпти. Лекин “Пахтакор” барибир анча кучайиб кетди. Шу боис чемпионат савияси тушиб кетди деб айтмаган бўлардим. Гўёки четдан қараганда бошқалар пасайиб кетгандек кўриниши мумкин. Боя айтганимдек, қолганлар ҳам ҳаракат қиляпти, аммо “Пахтакор” тезлашиб кетди.

 

Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter)

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!
&
Asqar Xan
22/02/2020 22:57
To'g'ri ijobiy tarf'
&
Shaymardonov Nurbek Nasimovich
23/02/2020 00:50
Kim aytadi bularni kuchli mutahasis deb. Pahtakor. qerdan kuchayib ketdi. kuchsyterib. yuborishdi di. undan kura. hech kim utkan yul yoshlarni oyogiga nagli. bolta urib. uzbek fudbolini. rasvo qildi deb. ayt undan kura. mana oqibati nima buldi. yoshlarmiz. yulammani ololmadi.