Охирги икки мавсумдан бери чемпионатни 5-ўринда тугатаётган «Металлург» клуби ҳам жорий йилдаги тайёргарлик режаларини тасдиқлаган ҳолда ишга киришишди.  Андрей Шипилов бошчилигидаги жамоа 6 январь куни Чирчиқда тайёргарликни бошладилар. Маълумотларга қараганда, жамоа аъзолари 1 февралга қадар бир қатор назорат учрашувларида иштирок этадилар. Сўнгра февраль ойининг бошларида хориж йиғинини ўтказиш мақсадида Туркияга жўнаб кетиши кўзда тутилган.

Таркибда ҳам ўзгаришлар юз бермоқда. Декабрь ойида жамоа сардори ва етакчиси Акбар Исматуллаевни Таиланднинг «Бурирам» клубига кўчиб ўтиши борасида хабар берилганди ва буни футболчининг ўзи ҳам тасдиқлаганди. Лекин шартнома тузиш арафасида кутилмаганда иккала томон ҳам келиша олмай қолди. Натижада Исматуллаев ортга қайтишга қарор қилди. Якунда эса футболчи яна «Металлург»да мавсумни бошлайдиган бўлиб турибди. Ҳар ҳолда у жамоа йиғинларига қайтган.

Шу билан бирга бекободликлар сафига янги ўйинчилар ҳам қўшилмоқда. Жумладан, кеча хабар берганимиздек, «Андижон»да тўпурарлик салоҳиятини кўрсатган ҳужумчи Шаҳзод Убайдуллаев янги мавсумни «Металлург»да бошлайдиган бўлди. Қолаверса, «Андижон»нинг яна бир аъзоси Абдураҳмон Абдулҳақов ҳам бекободликларнинг машғулотига қўшилган. Шунингдек, «Бухоро» клубида жамоа сардори сифатида тўп сурган ярим ҳимоячи Саломат Қуттибоев ва ҳужумчи Мурод Бобожонов ҳам «Металлург»дан тушган таклифни қабул қилди. «Насаф» бош мураббийи Рўзиқул Бердиевнинг куёви, бир неча йиллар давомида қаршиликлар сафида тўп сурган Дониёр Нарзуллаев афтидан клубини ўзгартирмоқчи шекилли. Чунки ҳозирда у ҳам бекободликларнинг машғулотларида қатнашяпти. Қолаверса, ўтган мавсумда «Бунёдкор» шарафини ҳимоя қилган украиналик Евгений Чумак ҳам «Металлург»га таклиф этилган. Яна бир қатор футболчилар билан ҳам музокаралар давом эттирилмоқда.

Шу ўринда клубни тарк этган ўйинчилар ҳақида тўхталиб ўтмасак бўлмайди. Чунки ҳозирга келиб жамоа билан хайрлашган ўйинчилар ҳам бир талай. Наманганлик футболчи Ислом Исоқжонов «Металлург»ни тарк этиб, «Навбаҳор»га кўчиб ўтди. Яқинда хабар берганимидек, ўтган мавсумда «Пахтакор»дан ижарага олинган футболчилар – Баҳром Абдураҳимов, Суҳроб Нуруллоев ҳамда Иброҳим Йўлдошев яна «Пахтакор»га қайтариб юборилди. Эътиборлиси, «Мавсум-2019»да «Металлург» таркибида энг кўп майдонга тушган футболчи Баҳром Абдураҳимов бўлганди. У 26 та ўйинда майдонга тушиб иккита гол урди ва учта голли узатмани бажарди. Энди ушбу ўйинчиларнинг кейинги тақдири қандай кечишини «Пахтакор» ҳал қилади.

Бундан ташқари, ўтган мавсумда жамоанинг россиялик легионери Сергей Тумасян ҳужумчи сифатида рўйхатдан ўтганди. Аммо у 19 та учрашувда фақат битта гол ура олди холос. Андрей Шипилов эса янги мавсумда ушбу легионернинг хизматидан фойдаланмасликка қарор қилди. Натижада Тумасян билан ҳам хайрлашишди. Яна бир йўқотишлардан бири ҳимоя чизиғи билан боғлиқ. 24 та учрашувда 1 та гол урган Шавкат Муллажонов ҳам «Металлург»ни тарк этишга қарор қилди. Энди мураббийлар унинг ўрнини бошқа муносиб ҳимоячи ёрдамида тўлдиришлари керак бўлади. Шунингдек, 6 та беллашувда жамоа дарвозасини қўриқлаган Зафар Сафоев ҳам фаолиятини энди бошқа клубда давом эттириш мақсадида «Металлург»ни тарк этишга қарор қилди. Бу ҳали ҳаммаси эмас. Негаки, бекободликлар икки нафар ҳужумчиси билан ҳам хайрлашиши кутилмоқда. Жумладан, 15 та ўйинда 5 та гол урган  Баҳодир Пардаев «Бунёдкор» билан БАА йиғинида қатнашаётган бўлса, 9 та баҳсда майдонга тушиб гол ура олмаган Дониёр Усмонов ҳам янги мавсумни бошқа клубда ўтказиши кутилмоқда. Шу билан бирга «Металлург» жамоаси бир қатор клублар билан назорат баҳсларини ҳам ўтказиши режалаштирилган.