Месси гол уролмаган ягона жамоани биласизми?

Замонавий футболнинг энг зўр ҳужумчиларидан Лионель Месси фаолиятида ўнлаб рекордларни янгилаган ажойиб футболчи эканини унинг рақиблари ҳам тан олади. Бир неча йиллардан буён юқори савияда тўп сураётган Лео шубҳасиз “Барселона” тарихидаги энг зўр футболчи бўлиб қолади.

Тўғрисини айтганда, Мессининг “Барселона”да эришган натижалари, рекордларини такрорлай оладиган ёки янгилайдиган футболчи бошқа бўлмаса керак. Лео эришган чўққиларга эътибор қаратган ҳар бир одам ана шу фикр келиши аниқ.

Биз Лионель Мессига қарши ўйнаб, “Барселона”дек гранд клубни мағлуб эта олган оддийгина клубнинг тарихий натижаси ва Леонинг фаолиятига оид айрим қизиқарли фактларни эътиборингизга ҳавола этамиз.

                                                               Роналдиньонинг кутилмаган совғаси

Бугун “Барселона” таркибида 10 рақамни ўзиники қилиб олган Месси бу рақамга осонликча эришмаган экан. У жамоага қўшилган вақтда машҳур рақамлар супер футболчиларга тегишли эди. Ўшанда 9-рақамда Это’О ўйнарди. 10-рақам эгаси Роналдиньо эди. Дзамбротта эса “Ювентус”дан келиши билан 11-рақамни олганди. Шунинг учун Месси “Барселона”даги дебютини 30-рақам остида нишонлади.

18 ёшли Месси “Барса”нинг асосий жамоасига қўшилганида рақамини ўзгартирди. У икки мавсум давомида 19-рақамда ўйнади.

Мессига ҳозирги рақамини Роналдиньо берганини кўпчилик яхши билса керак. “Барселона”ни  тарк этишидан бир неча ой аввал, бразилиялик супер юлдуз Мессига 10-рақамни олишни таклиф этди.

Ўша воқеани Месси шундай хотирлайди: “16 ёшингда янги жамоага киришиб кетиў осон бўлмайди. Айниқса, мени характеримдаги одам учун. Мени Роналдиньо қўллаган ва рақамини берган. Мен унинг бу рақамда эришган натижаларига (207 учрашувда 94 та гол) эътибор бермасдан,рақамни олдим. Унинг маъулиятини ўйлаганимда қўл чўзмасдим.

месси роналдиньо

Сир эмас, Месси шу 10-рақам қиролига айланди. Унинг бу рақамда натижалари Роналдиньоникидан бир неча баробар юқори бўлмоқда.

                                                               Бу кемтикни тўлдириб бўлмайди

Лекин Мессидек футболчи фаолиятида ҳам ўзига яраша кемтик бор. Аслида аргентиналик ҳужумчи ўзига қарши ўйнаган 80 дан зиёд жамоалар билан ўйинларда ғалаба нашидасини сурган. Аммо, Санта-Колома-де-Граменет шаҳарчаси шарафини ҳимоя қиладиган “Граменет” жамоасига “тиши ўтмаган”.

Бу воқеа 2004-2005 йилги мавсумда Испания кубогининг 1/32 босқичида рўй берган. Қоидага кўра, бу мусобақанинг дастлабки босқичлари битта ўйиндан иборат бўлади ва кучли жамоалар рақиб майдонида ўйнайди. Лео 2004 йилнинг 27 октябрь куни “Барса” таркибида  Санта-Колома-де-Граменет шаҳридаги учрашувда “Граменет”га  бошланғич таркибда ўйнайди. У билан бирга ҳужумда Хенрик Ларссон ва Людовик Жюли каби юлдузлар тўп суради. Ярим ҳимоя ҳам чакки эмас – Хави, Иньеста  ва ван Бронкхорстга топширилади, ҳимоя қўрғонидан Маркес, Пуйоль, Фернандо Наварро, Олегер жой олади.

Ўша ўйинда ёш бўлишига қарамай, Месси жамоасининг энг фаол ўйинчисига айланган эди. Ҳатто, бир марта дарвозани ишғол қилиш имкониятини ҳам бой беради.

Минг нафар томошабинга мўлжалланган “Мунисипал де Санта-Колома” стадионини тўлдириб ўтирган мухлислар кўз ўнгида “Граменет” гранд клубга қарши қаҳрамонларча курашади ва асосий вақтда ҳисоб очилмайди. Қўшимча вақтда, яъни ўйиннинг 103-дақиқасида “Барса”нинг устидан муздек сув қуйилади – доимо қуйи лигаларда ўйнаган Оскар Ольес гранд клуб дарвозасини ишғол қилади.

                                                               Тарихда абадий қолади

Шу тариқа, “Барса”ни мусобақадан чиқариб юборган “Граменет” Месси енголмаган ягона клуб сифатида тарихга кирди. Бу жамоа доим қуйи лигаларда иштирок этиши боис, Леода бу кемтикни тўлдириш имконияти деярли қолмаган.

Шу ўринда, бир вақтли “Барса”ни муваффақиятли бошқарган Тито Виланова 2001 йили футболчилик фаолиятини айнан “Гранемет” жамоасида якунлаганини эслатиб ўтишни лозим топдик.

process

Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter)