Мэнни Пакьяога спарринг шерик бўлган ёхуд Амир Хонни нокдаунга учратган ўзбекистонлик боксчини биласизми?

Мэнни Пакьяо ва келиб чиқиши покистонлик бўлган, британиялик боксчи Амир Хонни барча бокс ихлосмандлари яхши билишади. Шунинг учун, уларга ортиқча таъриф бериш фикридан йироқман. Бугун, аксинча уларнинг ғалабалари замирида ўзбек ўғлонининг ҳам ҳиссаси борлиги ҳақида сўз юритиш ниятидаман. Хоразм бокси тарбияланувчиси Алишер Раҳимов ҳақида эшитганингиз аниқ. Чунки, ушбу чармқўлқоп устаси ўз вақтида юртимизнинг кўзга кўринган, умидли боксчиларидан эди. Фаолиятида ажойиб ғалабаларни ҳам қўлга кирита олган. Бир неча йиллар аввал фаолиятини якунлаган мазкур ҳамюртимиз айни вақтда Непал мамлакатининг бокс бўйича бош жамоасига устозлик қилмоқда.

Биз ушбу юртдошимиз билан боғланиб, унинг фаолиятига оид саволлар билан мурожаат қилдик.

- Ассалому алайкум. Ва ниҳоят вақт ажрата олдингиз... Иш кўп шекилли?

- Во алайкум ассалом. Хабарингиз бор, Непал мамлакатида мураббийлик фаолияти билан машғулман. Айни вақтда жанубий Осиё ўйинлари бўлиб ўтмоқда. Шунинг учун, бош қашишга ҳам вақт топиш қийин бўляпти.

photo_2019-12-03_21-09-45

- Демак шогирдларингиз ушбу турнирда иштирок этишмоқда?

- Албатта.

- Ўзбек мураббийининг шогирдлари ёмон натижа кўрсатмаётгандир?

- Яратганга шукр! Ҳар ҳолда имконият даражасида ҳаракат қилишмоқда.

- Аниқлик киритсак?

- Бугун, иккита шогирдим олтин медални қўлга киритди. Эртага, беш нафари яна финал жангларида рингга кўтарилади.

- Ушбу турнир асосан Ҳиндистон атрофидаги мамлакатлар ўртасида бўлишини инобатга олсак, асоссий фаворит ҳамда шогирдларингиз учун жиддий рақиб ушбу юрт боксчилари бўлса керак?

- Худди шундай. Ҳиндистон бокси қандай ривожланаётганлигини барча гувоҳ бўлмоқда. Уларнинг иккинчи, учинчи таркибидан ўрин олганлари ҳам жуда кучли.

- Келинг энди, боксчилик даврингизга қайтамиз... Филиппинлик Мэнни Пакьяога спарринг шерик бўлган экансиз?

- Ҳа, Пакьяо билан уч йил мобайнида бирга ишлаганмиз.

- Ушбу йиллар орасида қайси жангларини ўтказган эди?

- Антонио Маргарита, Оскар де ла Хойя, Рикки Хаттон, Мигел Готто, Жошуа Клоттиларга қарши рингга кўтарилиб, уларни мағлубиятга учратган.

photo_2019-12-09_19-06-28

- Том маънодаги юлдузли онлари экан. Демак, у билан спарринг жанглар сиз учун жуда қийин бўлган бўлса керак?

- Дарҳақиқат унинг жисмоний ҳолати ажойиб кўриниш олганди. Осон ишни ўзи бўлмайди. Лекин унга муносиб қаршилик кўрсата олган эканман шекилли машҳур Фредди Роуч ва Пакьяо менинг ҳаракатларимдан қониқиш хосил қилишар эди.

- Умуман олганда, филиппинлик тирик афсона билан танишиш ва спарринг шерикликка сизни танлаши қандай юз берган?

- Мен аввал Амир Хонга ҳам жангларидан аввал машғулотларда ёрдам берганман. Уни нокдаунга учратганимни  мураббий Фредди Роуч кўриб қолиб, Пакьяо билан ишлашни таклиф қилган.

Наҳотки?! Бу шахсан мен учун кутилмаган янгилик бўлди. Ажабланишим, у билан ҳам ишлаганиз учун. Нокдаун масаласида эса, шуни айтишим мумкинки, ўша вақтлар буни сиздан кутиш мумкин эди...

- Рахмат. Ҳа, у билан ҳам бевосита тайёргарлик жараёнларида бирга ишлаганмиз. Спарринг шерикликка АҚШда пул тўлашади. Машғулотлар жараёнида эса ёрдам бераётган рақибингизни нокдаун ёки нокаутга учратсангиз, умуман олганда яхши ҳаракатлар учун қўшимча бонус тўланарди. Ўзига хос мотивация десак тўғри бўлади. Юқорида айтиб ўтганимдек, Амир Хон билан бўлган жанглардан бирида уни нокдаунга учратганман. Ўшанда Фредди Роучни назарига тушиб қолгандим.

photo_2019-12-09_19-06-26

- АҚШга бориб қолишингиз, ва Амир Хон билан учрашиш тарихи қандай бўлган?

- Биз россиялик промоутер Герман Титов билан ҳамкорлик қилардик. Ўшанда Герман мени, Дмитрий Пирог ва Руслан Проводниковни кўрик учун океан ортига олиб борган. У вақтда машҳур боксчиларнинг барчаси ҳозир бироз ёдимдан кўтарилибди профессионал бокс оламидаги кўзга кўринган клубда машғулотлар олиб борарди. Биз ҳам ўша ерга борганмиз ва Амир Хон билан шу тарзда танишган эдик.

- Сиз спарринг шериклик даврингизда Амир Хон кимларга қарши жанг ўтказган эди?

- Марк Антонио Баррерага қарши рингга кўтарилиб, уни мағлубиятга учрата олганди.

- Амир Хон анчадан буён Менни Пакьяо билан жанг қилиш истагида эканлигини айтади. Сизнингча, мазкур қарама-қаршилик амалга ошса, жанг ғолиби ким бўлади?

- Шубҳасиз, Пакьяо. У Амир Хондан анчагина кучли боксчи.

Афсуски, шу ерга келганда зарур иш юзасидан "қаҳрамон"имизни чақириб қолишгани туфайли, суҳбатимиз ўз якунига етди. Лекин тез кунларда тўлиқ ва батафсил интервью беришга ваъа берди.

Маълумот учун: Алишер Раҳимов профессионал боксда 28 бор жанг ўтказган, уларнинг 25 тасида ғалаба қозонади. Уч бора эса мағлубиятга учраган.

photo_2019-12-09_19-06-27