Мавсум сўнгида “МЮ”ни кимлар тарк этади?

“Манчестер Юнайтед” келаётган трансфер ойнасининг рамзий маънода “юзига” айланмоқчи. “Қизил иблислар” коронавирус пандемияси туфайли пайдо бўлган инқироздан чўчимаяпти. Аксинча, “МЮ” бу инқироз футболчиларни арзон нархга қўлга киритишга восита бўлишига умид қиляпти.

Бош мураббий Уле Гуннар Сульшер ёзда жамоага бир қанча янги футболчилар сотиб олинишини бир неча бор таъкидлади. Жамоа аллақачон қайси футболчиларни харид қилиш бўйича бир қарорга келган. Янги футболчилар келиши муносабати билан таркибдаги бир нечта футболчилар жамоани тарк этиш эҳтимоли катта. Жамоанинг бу борада ҳам номзодлари бор. Келинг, жамоани тарк этиши мумкин бўлган футболчилар ҳақида суҳбатлашамиз.

Крис Смоллинг

Smolling

“Рома”га ижарага ўтиш Смоллингнинг фойдасига ишлади. Футболчи "Туманли Албион"га қайтиш нияти йўқ. 30 ёшли ҳимоячи катта эҳтимол билан “МЮ”га қайтмайди. Шундай бўлса-да, фаолиятини Англияда давом эттириши мумкин. “Рома” футболчини харид қилиши мумкин эди, аммо римликлар “МЮ” белгилаган нархни тўлай олмайди. Манкунианликлар Смоллинг учун 25-30 миллион евро талаб қилишмоқда. Римликлар футболчининг нархини тушириш учун 2-3 марта ҳаракат қилиб кўришди, аммо “Манчестер Юнайтед” раҳбарияти бунга рози бўлмади.

Смоллинг ва Рохо “МЮ” таркибидаги ҳимоячилар ичида “қария”лари ҳисобланишади. Улар 30 ёшдан ошган. Сульшер жамоа таркибини ёшартириш мақсадида юрганини ҳисобга олсак, Смоллинг жуда кам ўйин амалиётига эга бўлади. Бундан ташқари, у ўйнайдиган позицияда рақобат жуда кучли. “Юнайтед” ёзда яна бир янги ҳимоячи харид қилиш ниятида. Смоллинг эса исталган жамоада асосий таркибда ўйнаши мумкин.

“Рома”да ўтказган мавсуми давомида Крис ҳали ҳам юқори даражада ўйнай олишини исботлади. “Эвертон”, “Арсенал” ва “Тоттенхэм” Смоллингни ўз таркибига қўшиб олиш учун ҳаракат қиляпти. Бу жамоаларнинг ҳар бири футболчи учун асосий таркибдан жойни кафолатлаяпти. Охирги сўзни эса “МЮ” айтади. Смолингнинг шартномаси 2022 йил ёзида якунига етишини ҳисобга олсак, ҳозир уни сотишнинг айни вақти.

Фил Жонс

Jons

Асосий таркибда у учун жой бўлмаган яна бир ҳимоячи. Футболчи энди “МЮ” даражасида эмас. Жонснинг шартномаси 2023 йил ниҳоясига етади. Аммо асосий таркибдан жой ажратилмаяпти. 9 йилдан бери “Юнайтед” таркибида тўп сураётган 28 ёшли Фил Жонснинг “Қизил иблислар” таркибини тарк этиш вақти келди. Сульшер ёшларга эътиборини қаратаётган бир маҳалда, Филга асосий таркибдан жой ажратилмаслиги аниқ.

Англия терма жамоасининг собиқ ҳужумчиси Кевин Филлипс ҳам Жонс “МЮ”ни тарк этиши кераклигини таъкидлади. Англия нашрлари Фил Жонсга “Ньюкасл” қизиқиш билдираётгани ҳақида ёзяпти. Фил Жонс келаси мавсумда қайси жамоада тўп суриши ноаниқ, аммо “МЮ”дан кетиши аниқ.

Маркос Рохо

Roxo

Яна бир ҳимоячи. Юқоридаги номзодлардан кўра, Маркос Рохонинг манчестерликлар сафини тарк этиши ҳақиқатга яқинроқ. Манкунианликлар аллақачон аргентиналик футболчи хизматларидан фойдаланмай қўйишган. Буни қуйидаги статистикадан ҳам кўришимиз мумкин: 2,5 мавсум давомида 17 та ўйинда майдонга тушган. Шу ўйинларнинг 10 тасини асосий таркибда бошлаган.

Қишки трансферда “МЮ” футболчини сотмоқчи эди. Аммо Рохога харидор топилмади. Шунинг учун уни Бруно Фернандеш трансферига қўшишни мақсад қилишди. Натижада, футболчи “Эстудиантес” жамоасига ижара асосида ўтди. Маркоснинг “МЮ” билан шартномаси 2021 йил ёзида ниҳоясига етади. Футболчининг ўзи “Эстудиантес”да қолишни хоҳлаяпти. Катта эҳтимол билан Рохо қизил формани бошқа киймайди.

“Манчестер Юнайтед“ футболчини сотишдан хурсанд бўларди, аммо ҳаммаси осон кечмаслиги аниқ. “Эстудиантес” ижара муддатини узайтиришни истаяпти. Футболчи учун жиддий таклифлар умуман йўқ. Қишда “Фиорентина” қизиқиш билдирди, аммо энди инқироздан кейин италияликлар футболчи учун қандай нарх таклиф қилишлари ноаниқ. Катта эҳтимол билан Маркос Аргентинада ижара асосида қолади ва “МЮ” билан шартномаси якунига етгач, эркин агент сифатида бирор жамоага ўтади.

Жесси Лингард

Lingard

Лингард ҳам “Манчестер Юнайтед“ни тарк этиши мумкин. Авваллига Сульшер футболчига ишонч билдирди, кейинчалик эса Жесси стабил ўйин намойиш эта олмади. Ўйиндан-ўйинга хатолари ошиб борди. Бу эса мураббийнинг жаҳлини чиқара бошлади. Лингард АПЛдаги энг охирги голини 2018 йил декабрь ойида урган эди.

Мавсум бошидаёқ, Лингард асосий таркибдаги ўрнини йўқотгани аниқ бўлди. Келаси мавсумда эса раҳбарият Жейдон Санчо, Жек Грилиш ёки Жеймс Мэддисон билан шартнома имзоламоқчи. Ундан ташқари, таркибда Бруно Фернандеш ва Одион Игало бор. “Интер”да ҳам ишлари юришмаган Алексис Санчес “МЮ”га қайтиб келади.

Лингард ҳозирги формасида юқоридаги футболчилар билан рақобатлашиши қийин. Асосий таркибда унга жой қолмади. Раҳбарият 2021 йил ёзида шартномаси якунига етадиган Жессини сотиб юборишга қарши эмас.

Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter)