Машариповни қачонгача ушлаб турамиз? Ёхуд у Рашидовнинг ўрнини тўлдирадими?

Жалолиддин Машарипов билан боғлиқ турли хабарлар охирги пайтларда тез-тез қулоғимизга чалинмоқда. Бунга бир нечта сабаблар бор. Шамол бўлмаса, дарахтнинг учи қимирламайди, дейишганидек, “Пахтакор” футболчисининг легионерга айланиши мумкинлиги ҳақидаги гап-сўзлар бежизга янграмаяпти.

“Пахтакор” Машариповни қачон қўйиб юборади?

Битта нарсани тан олишимиз керак, Машариповнинг даражаси ўз истеъдоди ва меҳнати билан аллақачон Суперлиганикидан ўтиб кетган. Чемпионатимизни кузатиб бораётган мухлис ва мутахассис айтиши мумкинки, энг кучли ўйинчилардан бири Жалолиддин бўлиб турибди. Шу боис уни тезроқ ушлаб ўтирмасдан хорижга қўйиб юбориш мақсадга мувофиқ бўларди, бизнингча. Ўз навбатида бу ўзбек футболи ва миллий терма жамоамиз учун ҳам фойдалидир. Тўғри, “Пахтакор”га ҳам аслида Машариповга ўхшаган футболчилар керак. Балки шунинг учун ҳам клуб ушбу ўйинчисини анча пайтгача ушлаб келди. Қолаверса, “Пахтакор”нинг мақсадлари бор эди, айниқса, Осиё Чемпионлар лигасида. Аммо кўрдикки, Қатарда ўтказилган ОЧЛда Арвеладзе жамоаси чорак финалдан қайтиб келди. Ўзимизнинг чемпионатда бўлса, клуб Машариповсиз ҳам чемпионлик ва Кубок йўлида бемалол совринларни ютишга қодир. Шунчаки, Жалолиддинни ушлаб туриш орқали вақт йўқотиляпти. Унинг ёши ҳам ўтиб боряпти. Яна уч йилдан кейин у 30 ёшни “қоралайди”. Аслида эса бундай истеъдод эгаси аллақачон легионерга айланиши керак эмасмиди? Ўзи ҳам бир неча йил аввал Европада ўйнаш нияти борлигини ва бу истагини тезроқ амалга оширмоқчилиги ҳақида айтганди. Аммо ҳалигача Суперлигамизда ўйнаб юрибди. Унга ўзимизнинг клублар дарвозасини ишғол қилиш ва нималарга қодирлигини кўрсатиш борасида қизиқиши ҳам қолмаган бўлса бундан ажабланмаймиз. Чунки Машарипов ўз даражасини аллақачон кўрсатиб бўлган. Фақат легионер сифатида у янги босқичга чиқиши шарт эди.

машарипов_1

Футболчимизни Европада кутишяптими?

Аслида эса Машариповни четга қўйиб юбормаслик оқибатида бир неча йил йўқотилди. Хўш, энди клуб қандай йўл тутади? Сизнингча, 27 ёшли футболчини Европада кутишяптими? Ҳолбуки, у ўзидаги иқтидор билан Ғарб мамлакатларида тўп суришга лойиқ эди, десак бу ҳақиқатдан узоқ бўлмаган фикрдир. Яқинда Туркиянинг “Трабзонспор” клубининг унга қизиққани ҳақида хабарлар чиққанди. Лекин ўша пайтда “Пахтакор”  клуби расман таклиф бўлмаган, дейишди. Яқинда эса Шота Арвеладзени “Трабзонспор” бош мураббийликка таклиф қилди. Ушбу мураббийнинг турк клублари билан яхши алоқада экани сабабли балки Машариповнинг у ерга кетиш имконияти бир мунча яхшироқ деб ҳам ўйлаётгандик. Лекин ҳозирча бу масалада ҳамма жим.

машарипов2_1

Жалолиддиннинг янги манзили Қатарми?

Қайтанга, уни араб клубларидан бирига кетиши тобора авж олмоқда. Бу борада sports.uz сайти орқали ҳам ишончли маълумотлар берилмоқда. Яқинда клуб спорт директори Жаъфар Ирисметов Қатарнинг иккита клубидан расмий таклиф бўлганини айтганди. Қолаверса, бу масала Осиё Чемпионлар лигасидан кейин ҳал этилиши ҳам кўзда тутилганди. Бизнингча ҳам музокаралар давом этяпти, балки ўтган вақт давомида Машариповга яна янги харидорлар пайдо бўлган бўлса ҳам ажаб эмас. Аммо бизга маълум бўлишича, “Пахтакор” етакчисини қўлга киритиш учун Қатар клубларидан бири – “Қатар СК” ҳам фаол ҳаракат қилаётганини айтиш жоиз. Хабарингиз бор, ушбу клубда яна бир ҳамюртимиз Сардор Рашидов тўп сураётганди. Аммо тажрибали футболчимиз “Қатар СК” билан шартномасини бекор қилди. Балки шунинг учун қатарликлар унинг ўрнига Машариповни олиб келишмоқчидир. Лекин ҳозирча музокаралар қандай кетаётгани бизга қоронғу. Ҳар қандай ҳолатда ҳам унинг тезроқ легионерга айланишининг тарафдоримиз. Ахир уни шунча йил ўзимизда ушлаб турганимиз етар, агар яна Суперлигамизда олиб қолсак, унда кейин кеч бўлиши мумкин.

 

Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter)

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!
&
UEFA
28/10/2020 17:10
Кимга керак бу Машарипов, персиполис билан уйинда узини курсатиб куйди кай даражадаги уйинчилигини, бутун бошли командани орзу-истакларини чипакка чикарди
&
Рузиметов
28/10/2020 13:22
Шу пахтакор канча иктидорларни синдириб юборди. Машарипов деярли вакти оз колди кейин араб клублари олмиди