Машарипов “Трабзонспор”га бормаса ҳам бўлади. Жамоа УЕФА мусобақаларидан четлатилди

Туркия чемпионатида пешқадамлик қилаётган “Трабзонспор” жамоаси “Пахтакор”нинг ҳужумкор фуболчиси Жалолиддин Машариповга харидор бўлаётгани ҳақида хабар тарқатилган эди. Ўзбек футбол мухлислари ҳамюртимиз турк жамоаси таркибида Чемпионлар лигасида ўйнашидан умидвор бўлгани ҳам бор.

Энди УЕФА Туркиянинг бу клуби бир йил муддатга қитъа миқёсидаги энг нуфузли турнирлар – Чемпионлар лигаси ва Европа лигасидан четлатилганини эълон қилди. Маълумотларга қараганда, УЕФАнинг клубларни молиявий назорати бўйича палатаси турк клуби томонидан молиявий фэйр-плей бузилганини фош этган.

2016 йилнинг май ойида УЕФА ва “Трабзонспор” ўзаро дўстона келишувга эришиб, унга кўра, туркияликлар қатор мажбуриятларни бажариши лозим эди. Акс ҳолда, жамоани қитъа миқёсидаги мусобақалардан четлатиш чораси қўлланиларди. Амалда шундай бўлиб чиқди. “Трабзонспор” УЕФА талабларидан бирини бажара олмади.

Энди “Трабзонспор” 2020/2021 ёки 2021/2022 йилги мавсумлардан қай бирида Чемпионлар лигаси ёки Европа лигасига йўлланма олса, мусобақани ўтказиб юборишга мажбур бўлади.

Энг қизиғи, “Трабзонспор” пандемия туфайли чемпионат тўхтатилишига қадар, мусобақа жадвалида биринчи ўринда бораётган эди.

Трансферга тайёргарлик. Шомуродов – жамоасининг энг қиммат футболчиси!

Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter)