Марат Бикмаев: Наманганда мухлислар тўла стадионда тўп суриш мароқли

“Локомотив” клуби чемпионатнинг дастлабки турида “Андижон”ни қабул қилиб, 2:1 ҳисобида мағлубиятга учратан ҳолда илк ғалабасини қўлга киритганидан хабарингиз бор. Мазкур учрашувда эса темирйўлчиларнинг россиялик легионери Кирил Погребняк дублга эришди. Кўриниб турибдики, “Локо”даги тажрибали ҳужумчилар Марат Бикмаев ва Темурхўжа Абдуҳолиқовга бу йил жиддий рақобатчи топилгандек.

Ўтган мавсумда “Пахтакор” сафида тўп суриб совринларга эга чиққан Бикмаев бир йиллик танаффусдан кейин “Локо”га қайтган ҳолда фаолиятини яна собиқ клубида давом эттирмоқда. Бунгача ушбу ҳужумчи “Локомотив”да ўйнаган кезларида тўпурарлик маҳоратини кўрсатиб келарди. “Андижон”га қарши беллашувда ҳам Бикмаев тўлиқ ўйнади ва гарчи гол урмаган бўлса-да, жамоасининг ғалабасига ҳисса қўша олди. Бикмаев эса дастлаб ўйин тўғрисидаги таассуротлари билан ўртоқлашди.

“Натижадан келиб чиқиб бироз бўшашдик”

- Ўйин ҳақида фикримми? Биринчи бўлимда биз 2:0 ҳисобида ютиб тургандик. Менимча, балки шунинг учун иккинчи бўлимда ҳисобга қараб ўйнадик. Натижадан келиб чиқиб бироз бўшашдик ҳам, назаримда. Ҳаммада шунақа бўлади, 2:0 ҳисобида олдинда бораётган чоғингизда қандайдир бироз бўшашишлик сезилади. Бизда ҳам шунга ўхшаш вазият бўлди. Нима бўлганда ҳам “Локомотив” 2:1 ҳисобида ютди. Энди кейинги учрашувларда йўл қўйган хатоларимизни такрорламаслигимиз керак.

“Андижон” иккинчи бўлимда яхшироқ ўйнади”

Ушбу ўйинга “Андижон” клуби бир қатор муаммолар билан етиб келганини кўпчилик билса керак. Айниқса, таркибга қабул қилинган янги футболчилар “заявка”дан ўтказишда қийналишди. Очиғи, ушбу учрашувда мезбонларнинг йирик ҳисобда ғалаба қозонишини ҳам кутганлар бор эди. Аммо рақиб осон таслим бўлмади. Ўз навбатида “Локо” ҳужумчиси Бикмаев “Андижон” хусусида шундай деди:

- Тўғрисини айтсам, “Андижон” иккинчи бўлимда яхшироқ ўйнади. Биринчи бўлимда эса биз кўпроқ прессинг уюштириб уларга ўйин “бермагандик”. Иккинчи бўлимда эса рақибга тўпни бериб қўйдик. Менимча, ҳар қандай жамоага тўпни тошпирсангиз рақиб яхши ўйнашга ҳаракат қилади. “Андижон” эса иккинчи бўлимда яхши ўйнашни биладигандек ўзини кўрсатди. Умуман, жамоамиз ҳақли равишда ғалаба қозонди. “Андижон”га эса кейинги учрашувларида омад тилайман.

“Наманганлик мухлисларга беш кетаман”

Темирйўлчиларни иккинчи турда бундан-да мураккаб ўйин кутмоқда. Қуръага кўра “Локо” кетма-кет дастлабки иккита турни водий жамоаларига қарши ўтказиши белгилаб қўйилганди. Мана, илк турда “Андижон” билан ўйнаган бўлса, энди иккинчи турда Наманганда “Навбаҳор”га қарши майдонга тушишади. Бўлажак рақибнинг “Пахтакор”га қарши ўйинини ҳамма кўрган бўлса керак, улар чиндан ҳам чемпионга муаммолар туғдиришди. Энди бўлса, Наманганда очилиш учрашуви бўлади ва “Локомотив”га осон тутиб бўлмайди. Марат эса бўлажак баҳс ҳақида ўз фикрлари билан ўрқтолашди:

- Наманганни гапирмаса ҳам бўлади. У ерда олдиндан мухлислар жуда кўп келишади. Ҳаттоки, Тошкентдаги “Пахтакор”га қариш учрашувга ҳам Намангандан қанча ишқибоз келганини барча кўрди. Аммо биз уларга қарши биринчи марта ўйнаётганимиз йўқ-ку. Айтмоқчиманки, “Навбаҳор”га қарши учрашув ниҳоятда қизиқарли ўтади. Бунинг устига улар биринчи турда ютқазишди. Энди ўз майдонида фақат ҳужум қилиши ва ютиши керак бўлади. Боз устига Наманганда мавсумнинг очилиш ўйини ҳам бўлади. Биз ҳам қўлимиздан келганича ўйнаймиз. Тайёргарлик қанақа бўлиши мумкин? Доимгидек, оддий. Бошқа жамоаларга қарши қандай тайёргарлик кўрсак, “Навбаҳор”га қарши ҳам шундай ҳозирлик кўрамиз. Нима бўлса ҳам бу ўйин зўр бўлади. Стадионга кўп одам келади. Аслида мухлислар тўла стадионда ўйнаш ҳам футболчилар учун жуда мароқли бўлади. Ана шунда ҳақиқий ўйин бўлади. Наманганлик ишқибозларга доим беш кетаман, уларга қойил қолиш керак. Стадионда ажойиб муҳитни яратишади. Ҳамма жамоаларда ҳам шундай мухлислар бўлишини истардим.

бикмаев4

“Истиқлол”га ютқазганимиз жамоага руҳий таъсир қилмади”

Маълумки, аслида “Локо” учун жорий йилдаги расмий ўйин эртароқ бошланганди. Улар январда Осиё Чемпионлар лигаси дастлабки плей-офф босқичида ўз уйида Тожикистоннинг “Истиқлол” клубига кутилмаганда ютқазиб, барчани ажаблантириб қўйганди. Ўша мағлубият эса “Локо” футболчиларига салбий таъсир кўрсатгани ҳам айтилганди. Бу масалада жамоа етакчиси қуйидагича муносабат билдирди.

- Осиё Чемпионлар лигасининг дастлабки плей-офф босқичида ютқазиб қўйганимиз жамоамизга ёмон таъсир қилмади. Бу ўйин ҳам ўтиб кетди. Энди тарихга кирди. Балки ўша кунги ҳолатга “Истиқлол” яхшироқ тайёргарлик кўргандир. Биз бу ўйинга бир ой ва ундан бироз ошиқроқ вақт давомида тайёрлангандик. Лекин бу – футбол. Ҳадеб ютқазилган ўйин ҳақида ўйланиб юравермайсиз-ку. Буни унутиб, олдинга юриш керак. Яна қайтараман, ўша мағлубият жамоамизга руҳий таъсир кўрсатмади.

“Погребнякка ҳамма мен ҳам ишонаман”

Юқорида айтиб ўтганимиздек, “Локомотив”га янги қўшилган россиялик легионер Кирил Погребняк “Андижон”га қарши баҳсда иккита гол уриб ўйин қаҳрамонига айланди. Бу эса янги рақобатнинг вужудга келишига сабаб бўлмоқда. Бикмаевдан Погребняк ҳақида фикр билдиришини сўрадик.

- Бу ҳужумчи тўғрисида нима десам бўлади? Жуда яхши бола. Муомаласи ҳам ажойиб. Жамоамизга жуда тез киришиб кетди. Унинг ўзига яраша кучли томонлари бор. Меҳнаткаш ҳужумчи. Унда чинакамига тўпурарлик хусусияти бор. Кирил тўғрисида фақат илиқ таассуротларим бор. Ишонаманки, у яна ўзини кўрсатишда давом этади. Погребнякка ҳамма ишонади ва шу жумладан мен ҳам. Рақобат ҳақида гапиряпсиз, бу нарса ҳамма жамоада бор. Муҳими, биз очко тўплашни бошладик. Ким гол уришидан қатъий назар жамоа ютса бўлди.

“Пахтакор”дан яхши хотиралар қолди”

Ўтган йили “Пахтакор” учта совринни қўлга киритгани ва клуб таркибида Марат Бикмаев ҳам борлигини барча яхши билади. Демакки, ушбу ҳужумчи ҳам 2019 йилги чемпионатда жамоаси билан қозонилган муваффақиятларда алоқадар. Эндиликда “Пахтакор”нинг собиқ ҳужумчисига айланган футболчи у ердаги хотираларини қисқача шундай деди:

- “Пахтакор” билан яхши хотиралар қолган. Ушбу клубда ўйнаб учта совринни ютдик. Бундан эса табиийки жуда хурсандман.

бикмаев2

“Насиб қилса чемпион бўламиз, насиб қилмаса йўқ”

Лекин жорий мавсумда ҳам кўпчилик яна “Пахтакор”нинг ўтган йилги муваффақиятларини такрорлашига ишонишмоқда. Бу борада уларга чемпионатимиздаги ҳеч бир рақиб тенглаша олмаслиги ҳақида айтилаётган фикрлар йўқ эмас. Бу вазиятда “Локомотив” амалдаги чемпионга қанчалик рақобат туғдира олади? Қолаверса, Бикмаев ҳам “Локо” билан бирга энди собиқ жамоасига қарши чемпионликни қайтариб олиш учун курашадими? Бу масалада қуйидагича муносабат билдирди.  

- Ҳозир ҳеч нарса айта олмайман. Ҳаммасини чемпионат охирида билиб оламиз. Балки мен “Локомотив” чемпион бўлади деб айтишим ҳам мумкин, аммо олдиндан катта гапириш ярашмайди. Ёки “Пахтакор”ни ҳам барвақт чемпион бўлади дейишим ҳам мумкин. Аммо бундай бўлмаслиги ҳам мумкин. Мен бу масалада ҳеч нима дея олмайман. Ахир ким нима бўлишини мен қаерда ҳам билардим? Бироқ биз охиригача мақсадимиз сари курашамиз. Ҳаммаси насиб қилгани. Агар насиб қилса чемпион бўламиз. Ҳаммаси Худодан. Аммо бу йилги чемпионат жуда қизиқ бўлади.

“Бешта янги ўйинчи бор, шулар янги қон”

Аммо бу йил “Локомотив”нинг таркиби чемпионлик учун курашишга қанчалик қодир? Очиғи, жорий мавсумда таркибга янги қон қуйилишини кутгандик. Лекин кўпроқ собиқ ўйинчиларни қайтаришди. Ўтган йили истеъфога чиқарилган Андрей Фёдоров “Локо”га қайтарилганидан кейин у асосан собиқ футболчиларини йиғди. Тўғри, бу борада Бикмаев ва Махарадзенинг тажрибасига шубҳа қилмаса ҳам бўлади. Лекин бу йил жамоага янги қон ўрнига эски қон қуйилмадимикин?  

- Янги қон? Мана, жамоага янги ҳужумчини олишди – Погребняк. Яна ким? Шайманов, Умиров, Афонин, Дамянович. Мана, бешта янги ўйинчи. Шулар янги қон. Мени эса “Пахтакор” билан шартнома тугаганидан кейин “Локомотив” менга таклиф билан чиққанида рози бўлдим. Кахи иккаламиз эса “Локо”га қайтиб келдик, - дея ушбу масалага муносабат билдирди, Бикмаев.

 

Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter)