«Манчестер Сити» - «Реал»: Превью

Биз Чемпионлар Лигаси нимчорак финали баҳслари аввалида анча қийин ҳолатдамиз. Айниқса, «Манчестер Сити» ва «Реал» қарама-қаршилигида.  Биринчи учрашув бўлиб ўтганига қарийб 6 ой тўляпти. Шундан келиб чиқиб, биринчи ўйин билан бугунгисини солиштириш бироз қийин.

Жамоаларни ички чемпионатлар орқали солиштириш ҳам бирмунча мушкул. Сабаби, «Реал» рестартдан кейин жиддий рақиблар билан ўйнамади ва аксарият ўйинларни кичик ҳисобда ўз фойдасига ҳал қилди. «Манчестер Сити» олиб борган баҳслар орасида бир қарашда долзарброқлари бордек кўринади. Аммо янгидан қурилаётган «Арсенал» ва чемпионлик кайфиятида мотивациясиз қолган «Ливерпуль» устида қозонилган йирик ғалабалар «шаҳарликлар»га яққол устунликни бериб қўйишимизга етмайди.

Куни кеча бир статистика эътиборимни тортди ва буни бирмунча тўғри, деб ҳам ҳисоблайман: бугун Европанинг энг сермаҳсул клуби энг яхши ҳимояга дуч келади. Пеп шогирдлари АПЛ мавсуми мобайнида рақиблари дарвозасига жами 102 та гол уриб, бу борада энг яхши натижани қайд этди. Ўз навбатида, «Қироллик клуби» Ла Лига 38 турида ўз дарвозасидан 25 та тўп олиб чиқиб, топ-5 чемпионатлари орасида энг яхши мудофаага эга жамоа сифатида намоён бўлди.

Аммо бугун бошқача кун ва ушбу жамоалар атрофидаги масалаларни атрофлича таҳлил қилмасдан туриб, учрашув тақдири ҳақида нимадир, дейиш қийин. Бошладик!

Реал - 1

Дастлабки ўйин

Жамоалар ўртасидаги биринчи баҳснинг илк дақиқалариёқ бизга юқори сифатли футбол туҳфа этди. Биринчи бўлим мобайнида ҳар икки жамоа посбонлари бир мартадан ўз постларини муқаррар голдан сақлаб қолишди. Дастлаб, Жезус жарима майдони ичида чалғитувчи ҳаракатлар билан ҳимоячиларни доғда қолдириб, дарвозага зарба берди. Бразилиялик футболчининг тепган тўпини Тибо Куртуа қайтаришга эришди. Зарба куч билан йўллангани учун ҳам мадридликлар дарвозабони олқишларга сазовор бўлди.

Тайм ўртасида Бенземанинг бош билан узоқ бурчакка йўллаган зарбасини Эдерсон бартараф этиб, Тибога жавоб қайтарди. Франциялик футболчининг бу каби зарбаларининг 10 тадан 9 таси голга айланар эди. Ўша биттаси манчестерликлар билан ўйинга тўғри келган экан.

дарвозабонлар

Тайм якуни аввалида «Сити» яна бир қулай вазиятга эга бўлди. Бурчакдан оширилган тўпга Жезус йўллаган зарба Куртуадан ўтди. Аммо бельгиялик посбондан ташқари «Реал» дарвозасида  яна 3 та ҳимоячи ҳам турарди.

Иккинчи бўлим бошида Маҳрезнинг чап тарафдан йўллаган айланма зарбасига аниқлик етишмади. Кейинроқ, Винисиус жарима майдонида йиқилиб, пенальти талаб қилди. Очиғи, Уокер кичик контактни амалга оширганди. Бироқ Даниэль Орсато таъкидлаганидек, бу пенальти учун етарли эмасди. Шундан сўнг, Рияд Маҳрез фаол ҳаракатлари эвазига кетма-кет икки марта яхши вазиятга чиқиб олиб, зарба берди. Ҳар икки тўпни ҳам «бланкос» посбони муаммосиз қайтара билди. Иккинчи бўлимни кўпроқ ҳимояда бошлаган «Реал» Исконинг голи билан олдинга чиқиб олди. Винисиуснинг Фернандиньо ва Уокер ўртасидан амалга оширган узатмасига эса гап йўқ!

Иско гол

Шундан сўнг, «Реал» бироз муддат хотиржам ўйнади. Ҳимоя эса мана шу хотиржамликка ортиқча берилди ва кульминацияда Кевин Де Брюйне катта саҳнага чиқди. «Галлактикос» жарима майдонида 3 футболчи фақатгина Кевиннинг ортидан юришди. У эса ажойиб тарзда айланиб олиб, ҳаводан тўпни Жезусга етказиб берди. Бразилиялик ҳужумчи аранг тўпга бошини теккиза олди ва шунинг ўзи кутилмаганда ўйин қаҳрамонига айланиши арафасида турган Куртуа постининг ишғол қилинишига етарли бўлди. Кейинроқ Карвахаль жарима майдонига тезлик билан кириб кетаётган Стерлингни ҳакамнинг кўз-ўнгида чалиб йиқитди. Орсатонинг ВАРга мурожаат қилишининг ҳам ҳожати йўқ эди. Де Брюйне нуқтага яқинлашди ва масъулиятли зарбани йўллашда адашмади.

Рамос беллашув якунланиши арафасида бир ўзи жарима майдонига кириб кетаётган Жезусни қўллари билан тўхтатиб қолди. «Реал» учун хайрли тарзда пенальти эмас, жарима зарбаси якунланди. Жамоа сардори эса майдондан четлатилди. Менимча, Зиданда танлаш имконияти бўлганда, учинчи голни ўтказиб юборишни ва жавоб баҳсида Рамос хизматларидан фойдаланишни танлаган бўларди. Шу тариқа, «Реал» жавоб ўйини олдидан қийин аҳволда қолди.

Сити победа

Жамоаларнинг тахминий таркиблари

«Манчестер Сити»: Эдерсон, Уокер, Фернандиньо, Льяпорт, Жоау Канселу, Де Брюйне, Родри, Гюндоган, Маҳрез, Жезус, Стерлинг.

Иштирок эта олмайди: Агуэро, Менди.

Таркибга киритилганлар: Базуну.

Қайдномадан ўчирилганлар: Сане.

сИТИ СОСТАВ

«Реал»: Куртуа, Карвахаль, Варан, Милитао, Ферлан Менди, Каземиро, Кросс, Модрич, Азар, Винисиус, Бензема.

Иштирок эта олмайди: Рамос, Мариано Диаз.

Сўроқ остида: Марсело.

Дисквалификация хавфи остида: Модрич, Вальверде.

Мадрид состав

Мураббийлар

Хосеп Гвардиола: «Биринчи ўйин февралда бўлиб ўтганди ва ундан кейин анча вақт ўтди. Биз бугун биринчи баҳсдагидан бошқачароқ футбол ўйнаймиз. Мухлисларсиз оғир, аммо энг яхши жиҳатларимизни намойиш этишга ҳаракат қиламиз. Аниқки, бизнинг мақсадимиз – чемпионлик. Биз «Реал» ва улар каби буюк клубларни енгмай туриб, бунга эриша олмаймиз. Мен барчасига тайёрлигимизни ҳис қиляпман. Бу менинг фикрим: биз шаймиз».

Гвардиола

Зинедин Зидан: «Эртага қандай ўйин бўлишини билмайман. Аммо икки катта жамоа майдонда тўқнаш келади. Ажойиб тўқнашув бўлишини кутяпман. Олдимизда 4 та финал турибди ва бу улардан биринчиси. Энг муҳими, барча футболчилар яхши спорт формасини сақлаб туришибди. Бизда муҳим беллашувга тайёргарлик кўриш учун 10 кун вақт бўлди.

Зинедин Зидан - Реал Мадрид_Лига чемпионов_пресс-конференция

Хулоса ўрнида

Юқоридаги факторларни инобатга олиб «Манчестер Сити»да кичик устунлик борлигини айтишимиз мумкин. Бу ҳисобда ҳам акс этмоқда. Пепнинг тўп назоратига асосланган футболи ғалабани сақлаб қолишда қўл келиши мумкин. Шунингдек, Серхио Рамоснинг йўқлиги «Реал» учун энг катта йўқотиш. «Эль Капитано» жорий мавсум «қироллик клуби»ни ҳар томонлама етаклади. Аммо бир жиҳат борки, «Реал» доим мана шундай оғир паллаларда характер кўрсата олиши билан ҳам ажралиб туради. Биринчи таймда бироз эҳтиёткор футбол кўришимиз мумкин. Аммо ҳисобдан қатъи назар иккинчи бўлимда ҳақиқий жанг кетади.

Чемпионлар Лигасининг умумий тақдирида энг катта ўрин тутадиган учрашув бу тун барчанинг эътибор марказида бўлади.

сити реал_1

Абдулвосид Валихонов тайёрлади

Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter)