Маъмур Икромов:

Тожикистоннинг кўзга кўринган жамоаларидан бири “Хўжанд” айни пайтда янги мавсумга Тошкентда тайёргарлик кўрмоқда. Шунингдек, таркибдаги селекция ишлари ҳам олиб борилмоқда. Айниқса, бир қатор ўзбекистонлик футболчилар янги мавсумни “Хўжанд” сафида бошлашлари кутилмоқда.

Масалан, ўтган мавсумни Самарқанднинг “Динамо” жамоасида ўтказган ҳимоячи Сирож Ҳамроев жорий йилда “Хўжанд” сафида тўп суриши ойдинлашди. Шунингдек, “Шўртан”да тўп сурган ва яқинда “Бухоро”да шуғулланаётган ярим ҳимоячи Суннат Мамадалиев ҳам тожикистонликлар жамоасида мавсумга тайёргарлик кўрмоқда.

Бундан ташқари, хўжандликлар дарвозани мустаҳкамлаш мақсадида яқинда “Локомотив”ни тарк этган посбон Маъмур Икромовни жалб этишди. Катта эҳтимол билан 37 ёшли дарвозабон янги мавсумни “Хўжанд” сафида бошлаши кутилмоқда. “Хўжанд”нинг “Локомотив”га қарши ўтказган назорат учрашувида Икромов тожикистонликлар сафида майдонга тушди. Маъмур ҳам “Хўжанд”га ўтаётганини тасдиқлаб шундай деди:

- Бунгача мен “Оқ-тепа” жамоасининг машғулотларида қатнашиб юргандим, - дейди Икромов. - Тожикистоннинг “Хўжанд” клуби эса икки ҳафталик йиғин ўтказиш учун Тошкентга келишди ва “Оқ-тепа” жамоасининг майдонида шуғулланишаётганди. “Оқ-тепа”да ишлаётган дўстим Саидкомил Акбаров эса “Хўжанд” жамоаси раҳбарлари билан таниш экан. Улар эса дарвозабон излашаётганини айтишган. Натижада Акбаров бу борада уларга мени тавсия қилган. Шу тариқа, мени таклиф қилишди. “Хўжанд” жамоасида дарвозабонлар мураббийи сифатида Алишер Тўйчиев ишламоқда. У Тожикистон миллий терма жамоасининг мураббийлар штабида ҳам фаолият кўрсатмоқда. У ҳам раҳбариятга мени жамоада олиб қолишини сўраган. Раҳбарият билан гаплашдик ва деярли 90 фоизга келишиб олдик.

- “Хўжанд”нинг янги мавсумдаги мақсадлари жиддий. Тожикистон етакчиси “Истиқлол”га муносиб қаршилик кўрсатишга ҳаракат қилишмоқда. Шунингдек, “Хўжанд” ОФК Кубогининг саралаш босқичида иштирок этади. Бунинг учун Қирғизистон ёки Туркманистон жамоасига қарши ўйнайди. Бу беллашув 19 февралда бўлади. Асосий мақсад эса ОФК Кубогининг гуруҳ босқичига чиқиш.

- Тўғрисини айтсам, ҳали ўзимиздан таклиф бўлгани йўқ. Фақат “Оқ-тепа”дан таклиф тушганди. Энди эса “Хўжанд”дан қизиқиш бўлди ва ҳозирча бу вариант маъқулроқ бўлиб турибди. Аслида мен бу йил фаолиятимни тугатиб мураббийликка ўтмоқчи бўлиб тургандим. Аммо яна бемалол ўйнашга кучим етади.

- “Хўжанд”даги муҳит яхши экан. Бош мураббий сербиялик, бунгача у “Истиқлол”да ҳам ишлаган. Бу йилдан эса “Хўжанд”га бош мураббийлик қиляпти ва футболчиларни астойлил шуғуллантиряпти, - дея сўзларини якунлади, Маъмур Икромов.

 

Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter)