Любинко Друлович Жанубий Кореяга қарши баҳс олдидан ўз фикрларини билдирди

Мазкур ўйин олдидан Ўзбекистон олимпия терма жамоаси устози Любинко Друлович ЎФА матбуот хизматига ўз фикр ва мулоҳазаларини билдириб ўтди:

- Осиё чемпионатига ҳозирлик жараёнини давом эттиряпмиз. Тайёргарлик доирасида бир қатор яхши савиядаги рақиблар билан ўртоқлик ўйинлари ташкил этилмоқда. Мана олдинда Осиёда ўз ўрнига эга бўлган Жанубий Корея олимпия термаси билан 2 та ўйин турибди. Тўғри, биз ушбу терма жамоа билан қитъа чемпионатида бир гуруҳдан ўрин олдик. Лекин мазкур ўртоқлик ўйинини ўтказиш бўйича биз қуръадан анча аввал келишиб олган эдик. Ишончим комил, Жанубий Корея олимпия терма жамоаси билан бўладиган ўйинлар биз учун ҳам, ўз навбатда рақиб учун ҳам фойдали бўлади. Таркибдаги футболчилар ҳаракатига баҳо бериш имконига эга бўламиз, қолаверса қайси жиҳатлар устида янада кўпроқ ишлаш зарур эканини билиб оламиз.

Ушбу ёш тоифасида терма жамоаларимиз олдин ҳам тўқнаш келган. Лекин олдинги ўйин билан солиштирганда таркибда айрим янги ўйинчилар бор. Ҳозирги таркибимизнинг, мисол учун, Осиё ўйинларида қатнашган таркибдан фарқи бор.

Умуман олганда, олдиндаги ўртоқлик ўйини ҳар икки терма жамоа учун ҳам фойдали бўлишига аминман, - деди сербиялик мураббий.