“Локомотив” клубида жорий мавсум олдидан катта ўзгаришлар юз берганини яхши биласиз. Ўтган йилги таркибдан фақатгина саноқли футболчиларгина клубда қолишди. Аксарияти бошқа жамоаларга ўтиб кетишди. Энди эса жамоадаги асосий юк Игнатий Нестеров, Олег Зотеев, Даврон Ҳошимов каби футболчиларнинг зиммасига тушиши аниқ. Биз эса тажрибали ҳимоячи Зотеев билан қатор мавзуларда мулоқотга киришдик. Гап шундаки, клубдаги рўй бераётган ўзгаришлар сабабли кўпчилик “Локо”ни “Пахаткор”га етарлича қаршилик кўрсата олмаслиги ҳақида гапиришмоқда. Аввало Зотеев шу ҳолатга муносабат билдирди.

- Бизнинг янги мавсумга тайёргарлигимиз яхши даражада ўтяпти. Босқичма-босқич ўсиб боряпмиз. Тўғри, Осиё Чемпионлар лигаси плей-оффида Тожикистоннинг “Истиқлол” клубига ютқазиб қўйдик. Аммо уларга ўйин бўйича ютқазмагандик. Албатта, ўша учрашувда уларга ютқазишимиз мумкин эмасди. Лекин бу йил таркибимиздан кўплаб етакчилар кетишди. Ўтган мавсумдагилардан эса учтамиз қолдик. Игнатий Нестеров, Даврон Ҳошимов ва мен. Асосан бошқа ўйинчилар келишган. Уларга эса бироз вақт керак. Ўша “Истиқлол” билан ўйнаганимизга бир ой бўлган бўлса, ўтган вақт давомида биз 60 фоизга кучайдик. Навбатдаги йўқотиш эса Сардор Мирзаев бўлди. Энди бизда унинг ўрнини тўлдириш муаммоси бор. Клуб эса яна бир легионер олмоқчи. Улгурса хорижлик футболчини олади, улгурмаса ўзимиздаги йигитлар билан ўйнаймиз. Қолаверса, ўртада ўйнай оладиган Ойбек Қиличев ҳам келган. Ўйлайманки, яхши мавсум бўлади. Айнан ушбу мавсум “Локомотив” қандай жамоа тузганини кўрсатиб беради. Ҳамма “Пахтакор”ни гапиряпти. Лекин биз фақат бу жамоа билан курашмаймиз. Чунки “Бунёдкор”, “Навбаҳор”, АГМК, “Сўғдиёна”, “Насаф” каби яхши жамоалар ҳам бор. Водийда эса ўйнаш доим қийин. “Пахтакор” билан эса 12-турда ўйнаймиз. Ўша тургача ким камроқ очко йўқотса, ўша клуб биринчи ўринда кетаверади. Ким қаерда бўлишини кузда кўрамиз. Мавсумнинг дастлабки бешта туригача ҳамма жамоа бир хил ҳолатда бўлади. Бу борада яққол етакчи йўқ. Бундай пайтда ҳеч бир жамоа мавсумга 100 фоиз тайёр бўла олмайди. Нимага десангиз, бизда тайёргарлик ва чемпионат бошқача ўтади. Боя айтганимдек, бир қатор клублар ҳам совринли ўринлар учун курашади. Биз эса дастлабки турни ўз майдонимизда “Андижон”га қарши ўйин билан бошлаймиз. Бу ҳам ўзига яраша қийин бўлади, биз учун. Чунки бу очилиш ўйини ҳисобланади. Таркибимизда кўплаб янги футболчилар борлиги учун барибир уларда ҳам оз-моз ҳаяжон бўлади. Мавсум давомида бизга қийин бўлса-да, қандайдир натижага эриша оламиз деб ўйлайман.

зотеев

Футболчининг ўзи “Истиқлол”га бой берилган ўйинни эслаб ўтар экан, ўша баҳсдан кейинги матбуот анжуманида “Локомотив” бош мураббийи Андрей Фёдоров ушбу мағлубиятни шармандали эмас деб баҳолаганди. Бу масалада эса Олег Зотеевнинг фикрини билишга қизиқдик.

- Бугунги кунда Тожикистон футболи яхши илдамламоқда. Чунки уларнинг ўсмирлар ва ёшлар терма жамоалари жаҳон чемпионатларига чиқишяпти. Ўтган йилги Осиё Чемпионлар лигаси плей-офф босқичида АГМК “Истиқлол”ни қийинчилик билан ютганди. Тожикистонликларда ўсиш бор. Уларнинг миллий терма жамоаси ҳам яхши ўйнамоқда. Уларнинг таркибида Россия клубларида ўйнаган футболчилари ҳам бор. “Истиқлол”га ютқазганимиз бу катта фожиа эмас. Бу – футбол. Агар уларга 2:0 ёки 3:0 ҳисобида ютқазган пайтимизда буни шармандали деб атаган бўлардим. Ўша ўйин давомида рақиб жамоа бизнинг дарвозамизга икки ёки уч марта зарба берди ва биттаси гол бўлди. Айтмоқчиманки, футболда бундай мағлубиятлар учраб туради. Масалан, “Реал”ни ҳам йиғин давомида йирик ҳисобларда ютқазган пайтлари бўлади. Унда бу ҳам шармандали ҳисобланадими? Фақат ўша мағлубиятдан тўғри хулоса чиқара олиш керак. Боз устига бизда янги жамоа шаклланяпти. Янги футболчиларда эса ҳали чемпионлик руҳи йўқ. Аста-секин уларни руҳлантириш ва ўйинимизни янада шакллантиришимиз лозим. Клубда қолган эски футболчилар эса янгиларга ўргатади, тушунтиради ва шунга қараб жамоани кучайтириб борамиз.

зотеев2

Тўғриси, клубдан кўпчилик кетаётганида Зотеевни ҳам тарк этишини кутгандик. Чунки доим унга ҳам қизиқарли таклифлар бўлади. Айниқса, ўтган мавсум тугагач, клубни етакчилар тарк этаётган маҳалда унинг ҳам кетиши гўёки аниқдек бўлиб кўринганди. Аммо у яна қолишни истади.  

- “Локомотив”да қолганимнинг иккита сабаби бор, - дея мавзуни давом эттирди, Олег. - Аммо буни айта олмайман. Фақат биринчи даврадан кейин сабабини айтишим мумкин. Аммо Ўзбекистонда бешта вариантим бор эди. Четга эса 100 фоизлик таклиф бўлмаганди. Қуйи лигаларига боришим мумкин эди. Бироқ агентимга иш ёпилганини, Ўзбекистонда қолганимни айтдим. “Локомотив”нинг машғулотига эса декабрь ойида қўшилганим йўқ. 3 январдан эса жамоанинг машғулотларида иштирок этишни бошладим. Аниқроғи, БААдаги йиғиндан бошладик. Агар четга 100 фоиз аниқ вариант бўлганида кетардим. Лекин эндиликда ёшим ҳам ўтиб боряпти. 22-25 ёшда бўлганимда ҳам бу бошқа гап эди. “Локомотив” кучсизланиб қолди деган фикрларга эса қўшилмайман. 3-4 нафар футболчиларда чемпионлик руҳи бор. Лекин футболда алмаштириб бўлмас ўйинчининг ўзи йўқ. Доим кимдир кетса, ўрнини бошқаси тўлдиради. Агар мен кетсам ҳам бошқа футболчи ўрнимда ўйнайверади. Агар бу йил “Локомотив” бирор-бир совринни қўлга киритадиган бўлса, унда ҳамма “Локо” йўқ жойдан жамоа қилди дейишади. Боя айтдим, ўтган йилги таркибдан уч нафари қолган ва бундай пайтда мақсад ўртачароқ бўлиши мумкин. Лекин “Локомотив” қайси ўринда бўлишини кузда кўрамиз. Биласизми, жамоамиз ҳақида бошқалар танқидий фикрлар билдириб, ишонч билдирмаса бу бизга аксинча қўшимча мотивация беради. Ҳамма юлдузларни олган тақдирингизда ҳам жамоа қилиш қийин бўлади. 2015 йилда “Локомотив”да Ўзбекистоннинг энг яхши ўйинчилари йиғилганди. Лекин ўшанда “Пахтакор” чемпионликни ютиб кетганди. Тўғри, бугунги кунда “Пахтакор” кучли. Чунки улар таркибини барқарор равишда сақлаб қолган. Бу эса уларга фойда келтиради. Бизда эса ҳозирча вазият бироз бошқача. Янги келган футболчилар кўп. Лекин мен ишонаманки, жамоамиз чемпионлик учун кураша олади.

 

Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter)

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!
Sadulla Xikmatov
19/02/2020 15:51
Пахтакор клуби локомативдан хар томолама устун
&
AzizGazieff-Marco Simic 55 PFK Pakhtakor Tashkent Uzbekistan GoLions
18/02/2020 23:56
Сафсатани йеғиштир Олег!!
Пахтакорга бу йил хеч қандай рақобатчи йуқ!
Бизнинг асосий умидимиз неча йилдан бери биронта узбек клуби чиқа олмаган ОЧЛ плей-оффидан!
Бу йил биз буни уддалашимиз шарт!
Пахтакор бу йил чемпионатда тенгсиз,хамма куриб турибти.
ОЧЛ эса умуман бошқа мавзу,ОЧЛ бизнинг орзу