“Локомотив” Жалолиддиновга нега имкон бермади?

Катта умидлар билан “Бунёдкор”дан Москванинг “Локомотив” жамоасига кўчиб ўтган 18 ёшли Жасур Жалолиддиновга пойтахтликлар Россия чемпионатида ўзини кўрсатиш имконини бермади. Бироқ, премьер-лигадаги мавқеини яхшилашга курашаётган “Тамбов” клуби ёш футболчига ишонч билдириб, уни ижарага олди. Гарчи Жасур премьер-лигада ҳали дебютини нишонламаган бўлса-да, Россия кубоги баҳсида “Динамо-Брянск” жамоасига қарши ўйинда майдонга тушди.

Хўш, “Локомотив” Ўзбекистон чемпионатлари тарихида энг ёш дебют соҳибини трансфер қилиб хатога йўл қўйдими? Бу трансфер кимларнингдир моддий манфаати учун амалга оширилдими? “Локомотив” нега футболчига имкон бермади? Жасурни олдинда нималар кутмоқда?

Таниқли футбол мутахассислари бу саволларга жавоб бериш орқали ҳамюртимизнинг  салоҳиятини ҳам баҳолади.

 Жасурнинг трансфери шов-шув бўлгани бор гап. Кимлардир “Локомотив” келажак учун янги истеъдод соҳибини қўлга киритганини таъкидлади. Айримлар футболчининг жуссаси нисбатан кичиклиги ва ёшлигини инобатга олиб, унга ишонч билдиришга шошилмаяпти. Бошқалар Жасур Россияга бироз эрта келиб қолганини айтмоқда.

Жалолиддиновнинг трансфери бошида турган “Футбольная карьера” консалтинг компанияси президенти маслаҳатчиси Юрий Белоус “Локо” ўзи учун фойдали харид қилганини таъкидлаб,  футболчининг фаолиятидаги ўзгаришларни қўйидагича изоҳлади.

1592145897_belous

- Мен Жасурнинг агенти эмасман, лекин биз уни футболчилик фаолияти ва шартномасини қўллаб-қувватлаб борамиз. У истеъдодли ҳужумкор футболчи ва “Локомотив” учун ажойиб сармоя ҳамдир. Клуб уни ижарага берганини ҳам тўғри, деб ҳисоблаймиз. Жасур ўйин амалиётига эга бўлиши керак.

Биздаги мураббийлар ёшларга ишонч билдирмайди. Гарчи улар истеъдодли ва маҳоратли бўлса ҳам. Европада ҳаммаси бошқача. Ҳатто “Барса”да ҳам. Яқинда “Ференцварош”га қарши учрашувда каталонияликлар таркибида 17 ёшли ўсмирлар  - Ансу Фати ва Педро Лопес ўйнади. Улар иккита гол урди. “Краснодар”га қарши учрашувда “Ренн” таркибида 17 ёшли Эдуардо Камавинга зўр ўйнади, - деди Юрий Белоус.

Шу ўринда, Фати ва Жалолиддинов  Буюк Британиянинг машҳур Guardian нашри томонидан  2019 йилда 2002 йилда туғилган дунёнинг энг истеъдодли 60 нафар футболчиси рўйхатига киритилганини алоҳида таъкидлаш лозим.

Ўз вақтида “Зенит” ва “Ротор”да ўйнаган Денис  Зубко “Локомотив” бежизга Жалолиддиновни трансфер қилмаганига ва келажакда у ўзининг юлдузли онларига эриша олишига урғу берди.

- Айни пайтда Жасур “Локомотив”да ўйин амалиётисиз қолиб кетаётган эди. “Тамбов”да эса, ўзини кўрсатиш имконига эга бўлади. Ҳар ҳолда у премьер-лигада ўйнайди ва бу ҳам яхши вариант, - деди Зубко.

tihSq2lauKk

Бу мутахассис Жасур 16 ёшида Ўзбекистон чемпионатида ўйнай олгани кўп нарсадан дарак беришини, Россиядаги фаолиятида эса, ҳаммаси ўзини қай даражада кўрсата олишига боғлиқ эканини ҳам таъкидлади.

“Пахтакор” ва “Локомотив” (Москва) жамоаларида тўп сурган футбол фахрийси Анатолий Соловьев ҳам Жасурнинг келажаги борлигига чин дилдан ишонмоқда.

- Агар “Локомотив” Жасурга қизиқиш билдириб, эътибор қаратганини инобатга олсак, унинг футболчи сифатида Россияда ўз ўрнини топишига ишонч бор. Ҳозир Россия футболида янги тенденция пайдо бўлди. Клублар истиқболли футболчиларни кўрса, уларни дарров трансфер қилмоқда. Лекин 18 ёшли футболчининг Москва жамоасида бирдан ўйнаб кетмаслиги аниқ. Унга, албатта, имкон беришади, - деди Соловьев.

Solovjov-A.A.-e1543387519594-700x460

Футбол фахрийсининг гапларига кўра, Жасурнинг “Локомотив” асосий таркибига киритилмаганини омадсизлик, деб баҳоламаслик керак. Чунки, Россия футболининг жуда кўп юлдузлари ўз вақтида ижарама ижара юриб, маҳоратини ва курашувчанлик қобилиятини сайқаллаб келган.

Хулоса ўрнида таъкидлаш лозимки, Жасурнинг юлдузли онлари ҳали олдинда. Кейинги йилларда Россияга йўл олган футболчиларимиз кам бўлгани йўқ. Элдор Шомуродов ҳам ўртамиёна “Ростов”даги голлари билан Европага йўл олди. Остон Ўрунов  эса, унчалик кучли бўлмаган “Уфа”даги ўйини орқали номдор ва машҳур “Спартак” ўйинчисига айланди. Демак, Жалолиддинов учун “Тамбов” юксалиш йўлидаги пиллапоянинг биринчи поғонаси бўлиб хизмат қилади. Ҳаммаси Жасурнинг ўзига боғлиқ!

Омадсиз трансфер ёхуд Жасур ва Остон Москвани забт этолмайдими?

Ўзбек легионерлари фаолиятида жиддий ўзгаришлар бўлди!

Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter)