«Ливерпуль» чемпионлик пойгасидан Алиссонни деб чиқиб кетди(ми)?!

Англиянинг «Ливерпуль» жамоаси ЕЧЛ доирасида «РБ Лейпциг» устидан ишончли ғалаба қозонди, бироқ ички чемпионатда аҳвол анча оғир. SPORTS.uz амалдаги Англия чемпиони тушиб қолган ҳолат ва бунда Алиссон ижро этган роль ҳақида фикр юритади.

13 февраль санасида «Ливерпуль» «Лестер»га қарши ҳеч нарса қила олмади. 1:3 ва «Энфилд» эгалари қаторасига 3 мағлубиятни қабул қилиб олди. Бундай омадсиз cерия 2014 йилдан бери кузатилмаётган эди.

«Тулкилар»га қарши баҳсдан сўнг, Юрген Клопп журналистлар билан суҳбатда ғамгин қиёфада эканлиги кўриниб қолди. У интервью давомида «мерсисайдликлар»ни энди чемпионлик пойгасидан чиқиб кетганини маълум қилди.

-  Юрген сиз чемпионликни ҳимоя қила олмайсизми?

-  Ҳа, бунга ишониш қийин. Афсуски, бу ҳақиқат.

Катта эҳтимол билан Клоппнинг сўзлари рост. Жамоа пешқадам «Сити»дан 13 очко ортда қолмоқда. Боз устига, «шаҳарликлар» захирасида яна бир ўйин мавжуд.

Ички чемпионатнинг икки ўйинида «Ливерпуль»га Алиссон панд бериб қўйди. «Сити» ва «Лестер»дан ўтказиб юборилган 7 голнинг ярмидан кўпроғи унинг хатоси билан дарвозадан ўрин эгаллади. Бунга ишониш мушкул. Сабаби, бразилияликни сўнгги йилларда матонат ва мустаҳкам ҳимоя сифатида ҳурмат қилишар эди. Энди эса, Алиссон Лориус Кариус сингари турли мемларнинг бош қаҳрамонига айланди.

3 февраль санасида Алиссон «Брайтон»га қарши баҳсни (0:1)  ўтказиб юборди. Бунга асосий сабаб нима эканлигини номаълум бўлиб қолди. Юрген уни бетоб бўлиб қолгани учун ўйинда иштирок этмаганини айтди. Орадан 4 кун ўтиб, Беккер «Манчестер Сити»га қарши баҳсда кўриниш берди. Унинг кутилганидан эртароқ қайтиши жамоага жуда қимматга тушди…

«Шаҳарликлар» томонидан урилган биринчи гол борасида Алиссонга ҳеч қандай эътироз бўлиши мумкин эмас. У тўпни қайтарди, бироқ Гюндоганнинг иккинчи зарбасини бартараф этиш имконсиз эди. 1:1 натижаси таблода ёниб турган пайтда, Беккер Фоденга тўпни совға қилди. У эса, Гюндоганнинг иккинчи голни уриши учун имкон яратди.

Алиссон шу билан «чекланмади». Ўз жарима майдончаси ичида прессингдан чиқиб кетиш мақсадида тўп бразилиялик посбонга узатиб берилди. У жуда қўпол хатога йўл қўйди, «Сити» буни кечириб ўтирмади. Бернардо Силва Алиссондан қабул қилиб олган узатмасидан унумли фойдаланди ва ўз ҳисобига ассист ёзиб қўйди. Раҳим Стерлинг Бернардонинг узатмасини бўш дарвозага жойлаб қўйди.

Ўйин якунлангач, ҳатто Юрген Клопп ҳам дарвозабоннинг жуда ёмон ўйин ўтказганини тан олди. Бу воқеа ҳақида ўзининг фикрлари билан ўртоқлашар экан, у эҳтиёткорлик билан сўзлади.

“Биз иккита қўпол хатога йўл қўйганимиздан ҳайронман. Буни барча кўрди. Беркитишнинг имкони йўқ. Бизнинг атрофимиздаги сўзлар энди кўпайиши турган гап. Биз бугун «Ливерпуль»нинг жонига қасд қилдик. «Сити» бундай хатоларни ҳеч қачон кечирмайдиган клуб. Тўғриси, бу борада ҳеч қандай изоҳ бера олмайман.

Балки, Алиссоннинг оёқлари музлаб қолгандир. Баъзан шунақаси ҳам бўлиб туради. Нима бўлган тақдирда ҳам тўпни узоқроққа тепиб юбориш имкони бор эди. Беккер бизни ҳар доим оғир вазиятларда қўллаб келган. Бугун у иккита хато қилди. Нима ҳам дердик.”

Учрашувдан сўнг, Юрген шогирди билан суҳбатлашмоқчи эди. Посбон бундан бош тортди. У «фақат бугун эмас», деганча нари кетди.

tktykyukyuky

Аслида, «Ливерпуль»нинг «Сити»га қарши учрашуви тасодифдек кўринган бўлса, «Лестер» билан ўйинда воқеалар ривожи кескинлашиб кетди. Бу ўйинда ҳам Алиссон икки бор қовун туширди. Айниқса, 81-дақиқадагиси эътиборга молик. Тилиманс томонидан етказилган тўпга Озан Кабак улгуриши аниқ эди, бироқ қаердандир Беккер тўпга чиқиб келди ва уни рақибга ташлаб берди. Ушбу суратда Кабак тўпга улгургани акс этган. Посбон ўз жамоаси зарарига ишловчи яна бир эпизодни юзага келтирди.

«Тулкилар»га қарши баҳсдан сўнг, «The Times» нашри журналисти Тони Каскарино каттагина мақола эълон қилди.

 “Алиссон ўзини Виржилдек эркин тутишни бас қилиши керак. Унинг таваккал ўйини умуман ўзини оқлагани йўқ. Айниқса, «Сити» билан учрашувда бу яққол кўзга ташланиб қолди. Ваҳоланки, у ўша эпизодларда содда қарорлар билан вазиятдан чиқиб кетиши мумкин эди. «Реал»га қарши ЕЧЛ финалидаги хатолари сабабли, Кариусни жамоадан кетказиб юборишган эди. Бразилияликни жамоадан кетказишмайди. У кучли кипер. Шунга қарамай, Алиссон ўз хатолари ҳақида яхшилаб бош қотириши лозим.”

Мадрид клубига қарши ЕЧЛ финалидаги ўйиндан сўнг, Кариус оғир аҳволга тушиб қолгани ёдингиздан кўтарилмагани аниқ. Ҳозирда, посбон «Унион»га ҳам керак эмас. Тўғри, бразилияликни иккита ўйиндаги хато учун кескин танқид қилиш ноўрин, бироқ унинг руҳий ҳолати Кариусники билан ҳозирда бир хил.

«РБ Лейциг»га қарши учрашувда омад «Энфилд» эгаларига кулиб боқди. «Мерсисайдликлар» рақиб хатолари эвазига меҳмонда (Будапештда) ғалаба қозонди. Умид қиламизки, Алиссон учун бу ғалаба ўзига келиб олиш имкониятини яратади. Акс ҳолда, унинг қўпол хатолари «Ливерпуль»ни «буқалар»га қарши жавоб учрашувини «безаб» бериши ҳеч гап эмас. Ҳозирча, АПЛ олтин медаллари қўлдан кетди. Энди, Европа чемпионлар  лигасида бу хатоларни такрорламаслик лозим.

Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter)

Минбар

Барча блоглар