Левандовскини ортда қолдиришни мақсад қилган Иммобиле, изма-из келаётган Роналду ва Месси: “Олтин бутса-2020” даъвогарлари

Франция муддатидан аввал, Бундеслига эса бошқалардан эрта чемпионатни якунлади. Кучли бешликнинг қолган лигаларида кураш энг қизғин паллага кирган. Қуйида “Олтин бутса”га даъвогарлик қилаётган 20 та футболчи ва уларнинг имкониятларини баҳолашга ҳаракат қиламиз:

1. Роберт Левандовски (“Бавария”) – 68 очко (34 гол)

Польшалик ҳужумчини ХХI асрнинг иккинчи декадасидаги энг сермаҳсул тўпурарлар қаторида тилга олсак бўлади. Уни ҳануз ушбу совринни қўлга киритмаганига Бундеслига айбдордек. Фақат мана шу чемпионатда турлар сони 34 та.
Шу жиҳатдан, 68 очко Левандовскини амалда пешқадам мақомида ушлаб турган бўлса-да, аслида унинг ўрни хавф остида. Чунки қолган лигаларда тўп сурувчи рақобатчиларда ҳали уни қувиб ўтиш имконияти мавжуд.

robert-lewandowski-bayern-2019_15mrwptc8jjjb1dd2expyyxhpn

2. Чиро Иммобиле (“Лацио”) – 58 очко (29 гол)

Жамоаси каби италиялик ҳужумчи ҳам жорий мавсумда ажойиб ўйин намойиш этмоқда. Римликлар “Ювентус”ни Скудетто учун курашда таъқиб этаётганидек, Чиро ҳам польшалик рақибини изма-из қувиб келмоқда.
Унинг бахтига Бундеслига ўз якунига етиб улгурди ва “Лацио” яна 9 та турда майдонга тушади.

ciro-immobile-bologna-lazio_ijguxxw4s0wj111zjzs18ebqw

3. Тимо Вернер (“РБ Лейпциг”) – 56 очко (28 гол)

“Челси” сафига кўчиб ўтиши Вернернинг келажакдаги фаолияти учун яхши қадам бўлгандир. Аммо футболчи ажойиб ўтаётган ушбу мавсумнинг энг чўққисини қурбон қилишга мажбур.
Германияда чемпионат якунланди ва энди у Лондонга кетаверса ҳам бўлади. Учинчи поғона Тимо учун максимум натижага айланади. Катта эҳтимол билан яқинда бу ўринни бошқа тўпурарларга бой беради.

timo-werner-rb-leipzig-2019-20_wf6b11wns2fd1nxsh5busuv9s

4. Эрлинг Холанд (“Боруссия” Дортмунд) – 50 очко (29 гол)

Холанд ўтган йилнинг сентябридан то ҳозирги кунгача машҳурлик зинапоясини бирма-бир босиб келди. Келгусида ҳикоя қилиб беришга арзирли мавсум ўтказди. “РБ Зальцбург”да мавсумни бошлаган футболчининг сермаҳсул ўйинига билдирилган шубҳалар Дортмундга кўчиб ўтгач буткул йўққа чиқди.
Юқоридаги иккита лигадоши каби Холанд мана шу очко билан қолади. Энди уни келгуси мавсумдагина кузатиш имкониятига эга бўламиз.
*Холанднинг Австрия Бундеслигасида киритган голларига (16) 1,5 очкодан берилган.

erling-haaland-borussia-dortmund-2019-20_1ng7jdt83fs351b2ufdi648dcg

5. Криштиану Роналду (“Ювентус”) – 48 очко (24 гол)

Голнинг чиройи ҳам инобатга олинган тақдирда Роналду “Женоа”га урган голи учун яна икки балл қўшиб олиши керак эди. Аммо қоидаларда гол пенальтидан уриладими, ёки 30 метр узоқликдан – барибир бир хил очко берилиши айтилган.
Таъқибчининг принципиаллиги ҳам Роналдуни келгуси турларда яхшироқ ҳаракат қилишга ундаши табиий.

cristiano-ronaldo-juventus-2019-20_1exat7c6l3u0v1jyjlcwva3jhb

6. Лионель Месси (“Барселона”) – 44 очко (22 гол)

6 карра “Олтин бутса” соҳибига айланиб рекорд қўйган футболчи еттинчи бор ҳам ушбу совринни қўлга киритишга уриниб кўради.
Келгуси ўйинларда “Барса” ғалаба қозонишга мажбурлигини инобатга олсак, Мессидан яна бир нечта гол кутишга ҳақлимиз. Сўнгги турларда гол уришни уддалай олмаган аргентиналик футболчи 700-голини “Атлетико” дарвозасига пенальтидан киритди. Энди буёғига осонроқ бўлса керак.

lionel-messi-barcelona_w6xzjvk2jmhs1v92z9mc6xofg

7. Шон Вайссмен (“Вольфсберг”) – 40,5 очко (27 гол)

Исроиллик форвард Австрия Бундеслигасида Холанд кетганидан сўнг энг яхши тўпурарга айланиб олди. Афсуски, ушбу лига квалификация жиҳатидан бироз пастроқ тоифадаги лигалар таснифига киради.
Вайссменнинг ҳақиқий кучига у кучлироқ лигаларда ҳаракат қилган тақдирдагина баҳо бера олишимиз мумкин. Футболчи 24 ёшда. Демак, умид қилса бўлади.

shon-weissman-wolfsberger-2019-20_8i64gor15g851lhd8c53sphqh

8. Ромелу Лукаку (“Интер”) –38 очко (19 гол)

Лукаку “Интер”да икки хисса куч билан ҳаракат қилмоқда. У Манчестердагиларга ўз даражасини кўрсатиб қўйиши лозим. “Брешия” “неррадзурилар” томонидан янчиб ташланган ўйинда Лукаку дастлабки дақиқалардан майдонда бўлганида борми?!

romelu-lukaku-inter-2019_1fxi0wfyvx1a910ii4l5293dhs

9. Пьер-Эмерик Обамеянг (“Арсенал”) – 38 очко (19 гол)

“Норвич”га қарши баҳсни ўзининг бенефисига айлантириб юборган габонлик форвард премьер-лига тўпурарлари рўйхатида анча муддат яккаҳукмронлик қилган Жейми Вардига етиб олди.
Шу пайтгача унинг кетишини бонг ураётган инглиз сайтлари бир кечада ўз фикрларини ўзгартирди. Энди у қолар эмиш...

pierre-emerick-aubameyang-arsenal-2019-20_16a0u8nfg4h641kymmus000oib

10. Жейми Варди (“Лестер”) – 38 очко (19 гол)

Мавсум бошидаги “Лестер” ва унинг етакчиси Жейми Варди барчани 2015/2016 йилги мавсумга қайта саёҳатга олиб борадигандек кўринган эди. Аммо ҳозир вазият ўзгарди. Энди “тулкилар” учинчи ўринни жон ҳолатда қучоқлаб турибди. Варди эса анчадан бери гол урмай қўйган.

jamie-vardy-leicester-city-2019-20_9zdnovwjdwfs1ks7n0xgwwqpy

11. Киллиан Мбаппе (ПСЖ) – 36 очко (18 гол)

Франция футбол бошқармаси миллий чемпионатни тўхтатиш баробарида ПСЖ етакчиларини йил номинацияларидан қуруқ қолдирди. Парижликлар чемпион деб эълон қилинган бўлса ҳам, бундан заррача қувонмади, назаримизда. Ваниҳоят, ЕЧЛ чорак финалига чиқишни уддалаган Тухель шогирдлари августда якунлаб қўйиладиган чемпионатга тайёргарликсиз ва ўйин амалиётисиз етиб бориши мумкин.

kylian-mbappe-psg-paris-saint-germain-2019-20_1jxl07jcunl3i1x4ivhgh29k5c

12. Дэнни Ингз (“Саутгемптон”) – 36 очко (18 гол)

Ушбу мавсумда “Саутгемптон” жами 41 та гол киритиб улгурди. Ингз ушбу голларнинг тенг ярмида иштирок этган: 18 та гол ва 2 та ассист. “Ливерпуль”да ўйини чиқмаган ва балки, унга жой топилмаганди.

danny-ings-southampton-2019_104kr5ioc1z2q1nsi5ink7rhc3

13. Виссам Бен Йеддер (“Монако”) – 36 очко (18 гол)

Мбаппе Францияда тўпурарлик унвонини олгач Бен Йеддердан узр сўраб пост қўйди. Дарҳақиқат, монаколиклар сафида француз форварди ажойиб ҳаракат қилди. Афсуски, жамоа еврокубоклардан четда қоладиган бўлди. Шу жиҳатдан, евромайдонда Бен Йеддернинг трансфери ҳақида миш-мишлар юрибди.

wissam-ben-yedder-monaco-2019-20_ioe7sof1qp3q1slb0es08gos1

14. Патсон Дака (“РБ Зальцбург”) – 36 очко (24 гол)

Холанднинг трансферидан сўнг зальцбургликларнинг “ишонган тоғи”га айланган Дака ҳам келгуси мавсумдан бошқа чемпионатда кўриниш берса ажаб эмас. 21 ёшли футболчининг хизматларига, айниқса, Германиядан қизиқишлар бор.

patson-daka-salzburg-2019-20_a3npuyeo0th01xur3r4y8yvkl

15. Муҳаммад Салоҳ (“Ливерпуль”) – 34 очко (17 гол)

“Ливерпуль”нинг ҳар қайси футболчиси учун ушбу мавсумда премьер-лига чемпионлигидан-да аълороқ мукофот йўқ эди. Мерсисайдликларда жамоавий ўйин фалсафаси яхши шакллантирилган. Юрген Клопп яққол индивидларни хушламайди. У учун Минаминодан тортиб Ван Дейккача бир хил даражада.

mohamed-salah-liverpool-2019-20_y9urmcczr6ez13ztyvmdnfu10

16. Карим Бензема (“Реал”) – 34 очко (17 гол)

Рестартдан кейин Бенземанинг ўйини очилиб кетди. “Қироллик клуби” чемпионликни қўлга киритган тақдирда ғалабанинг энг катта омилларидан бири франциялик ҳужумчи бўлади. У Роналду кетганидан сўнг берган ваъдасининг устидан чиқмоқда: мадридликлар ҳужумида етакчиликни ўз қўлига ола билди.

karim-benzema-real-madrid-2019-20_10zjw04ff904s1ddrz35z2umyp

17. Жейдон Санчо (“Боруссия” Дортмунд) – 34 (17 гол)

Санчонинг асосий функцияси ассистлар. Аммо шу билан бир қаторда голлар ҳам уриб туради. Ўзи ўтказган ажойиб мавсумга нисбатан жамоавий ҳисобда пастроқ натижаларни қўлга киритди. “Golden Boy” совринига энг асосий фаворитлардан ҳисобланган инглиз ярим ҳимоячиси ушбу ёзда АПЛга қайтиши мумкинлиги ҳақидаги хабарлар сўнгги вақтларда авж олди.

jadon-sancho-borussia-dortmund-2019-20_44o2da2f07r31xf5ug39i7hup

18. Жоау Педру (“Кальяри”) – 34 очко (17 гол)

Жорий мавсумдаги “Кальяри”нинг энг етакчи футболчиларидан бири ҳисобланган Жоау 17 та гол уришга эришди. Очиғи, Наинголан ва Педру жамоада яхши жуфтликни ярата олди. Деярли тенгдош бўлган ушбу икки футболчи келгуси мавсум ҳам жамоада қолса, каттароқ натижаларга эришиши мумкин.

joao-pedro-cagliari-sampdoria-serie-a_1s1yqeuzauesl12inzhz4r8vhx

19. Серхио Агуэро (“Манчестер Сити”) – 32 очко (16 гол)

Агуэро ушбу пойгада курашдан чиққандек. Сабаби, футболчи жароҳат туфайли яна бир муддат майдонга туша олмайди. Лига якунланишига эса саноқли турлар қолмоқда. “Шаҳарликлар” афсонасига айланиб кетган футболчи неча йилдирки, ушбу совринни қўлга кирита олмайди. Унинг топ даражадаги футболчи эканлигига шубҳа йўқ. Аммо энг муҳим паллалардаги жароҳатлар уни доим тўхтатиб қолади.

sergio-aguero-manchester-city-2019-20_vpuaswrgznes1r13mcm9ahxl6

20. Мусса Дембеле (“Лион”) – 32 очко (16 гол)

“Селтик”дан кетиб француз клуби сафига қўшилиш Дембелега фойда келтирди. У Ляказеттдан кейин жамоа тўпурари ва етакчисига айланиб олди. Аммо ушбу мавсумда Мусса 16 та гол билан чекланишга мажбур бўлди. Балки, яна бир қадам олдинга ташлаш вақти келгандир.

 

Абдулвосид Валихонов тайёрлади

Бартомеу Каталонияда "қариялар уйи" ташкил этмоқчими?

Левандовски ўз ўрнида, Роналду Мессини ортда қолдирди: “Олтин тўп”га даъвогарларнинг янгиланган рейтинги

Ретроспорт. Афсонавий “немис машинаси”

Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter)