Легионеримиз премьер-лигада ўйнаш учун курашмоқда!

Россия премьер-лигасида ҳозирча бир нафар футболчимиз қолди. У ҳам бўлса, Остон Ўрунов. Остон чемпионлик учун курашаётган “Спартак”дан лигада жон сақлаб қолишга ҳаракат қилаётган “Уфа”га ўтди. Ҳар ҳолда мавсум охиригача ўйин амалиёти таъминланди.

Мавсумни премьер-лигада “Ростов” таркибида бошлаган Элдор Шомуродов “Женоа”га ўтган бўлса, “Локомотив” билан беш йиллик шартнома имзолаган Жасур Жалолиддинов ортга қайтиб, “Андижон” футболчисига айланди. Жасурнинг трансфери билан шуғулланган Юрий Белоуснинг Европа футболи ҳақидаги эртаклари шу тариқа тугади.

Россия чемпионатининг иккинчи турнири – Миллий футбол лигасидаги легионерларимизнинг ўйини мухлису мутахассисларга манзур бўлмоқда. Лигада қолиш учун курашаётган “Томь” Виталий Денисовни ўзига сардор қилиб олди. Ҳозир тажрибали ҳимоячимиз  жамоанинг ҳақиқий етакчиси ҳисобланади.

vitaliy-denisov_1061827

Мақоламиз Вагиз Галиулин сардорлик қилаётган ва Бобир Давлатов ўйнаётган “Нефтехимик” ҳақида бўлади. Бу клуб раҳбарияти кейинги пайтда жамоани премьер-лигада кўрмоқчи. 1991 йилда тузилган ва ўз олдига катта мақсадларни қўя олмаган бу жамоа “Рубин”нинг фарм-клуби ҳам бўлган. Бироқ, 2016 йилда мустақил жамоага айланган “Нефтехимик” бир йил Миллий футбол лигасида ўйнаганидан кейин қуйи лигага тушиб кетди. Икки йилдан сўнг, яна Миллий футбол лигасига қайтган жамоа 2019-2020 йилги мавсумда бешинчи ўринни эгаллаб, премьер-лигага чиқишига озгина омад етишмай қолди. Жамоанинг ғалабаларига 21 та учрашувда қатнашган Вагиз Галиулин муносиб ҳисса қўшди.

Клуб раҳбарияти жорий мавсумда клуб олдига айнан энг юқори лига йўлланмаси учун курашиш вазифасини юклаганди. Дастлабки турларда жамоа буни уддалаб келаётганди. Лекин “Нефтехимик” футболчилари ноябрь ойида кетма-кет олтита учрашувда ютқазиб, мусобақа жадвалида пастлаб кетди.

Натижада жамоани тўрт йил бошқарган Юлий Уткульбаев ишдан олинди. Бу мутахассис қўл остида жамоа 123 та расмий учрашув ўтказиб, шулардан 64 тасида ғалаба қозонди ва ўтган мавсум ўзи учун рекорд бўлган бешинчи ўринга кўтарилди.

Клуб президенти Тимур Шигабуддинов “Нефтехимик”ни ўртамиёна жамоалар қаторидан чиқариш учун бош мураббийликка Москванинг “Динамо” клубини тарк этган Кирилл Новиковни олиб келди. Бу мутахассис қўл остида “Нейтехимик” учта расмий учрашувда қатнашиб, уларнинг барини ғалаба билан якунлади ва натижада жамоа премьер-лига йўлланмаси учун курашга қайтди. Тўғри, нижнекамскликлар премьер-лигага тўғридан тўғри йўлланма берадиган ўринларга даъвогарлик қила олмайди. Улар тўртинчи ўринни эгаллаб, ўтиш турнирида қатнашиш имконига эга холос. Ҳозир еттинчи поғонада турган “Нефтехимик”ни тўртинчи ўриндаги “Алания”дан олти очко ажратиб турибди. 14 март куни бўладиган навбатдаги турда бу жамоалар Владикавказда тўқнашади. Айнан мана шу баҳс кўп масалага ойдинлик киритади.

“Нефтехимик”нинг муваффақияти кўп жиҳатдан энг кучли футболчилардан ҳисобланган Вагиз Галиулинга боғлиқ. Жамоанинг деярли барча ҳужумлари ўзбекистонлик легионер иштирокида ташкил қилинади. Вагиз қанотдан жарима майдони сари ёриб киради ва уёғига зарба беради ёки тўпни аниқ оширади. Галиулинни тўхтатиш қийин. У яхши очилади ва шу билан бирга бўш турган жамоадошларини тез топа олади. Ҳамюртимиз тўпни ўзида узоқ ушлаб турмайди ва шу боис, кўпинча, унга қарши рақиб ҳимоячиларидан икки нафари ўйнайди. Бунинг оқибатида жамоанинг асосий тўпурари Мераби Уридияга бўш зона очилади ва у Вагиздан қулай узатилган тўпни қабул қилиб олади.

GOUOoyoM6AM

Ўзбекистон миллий терма жамоасидан таклиф олган Вагиз Галиулин Россия футболида катта тажрибага эга. Ҳамюртимиз катта ғалабалар нашидасини тотиб кўрган ва бунинг қадрини билади. Галиулин “Рубин” сафида Россия чемпиони, Ҳамдўстлик кубоги соҳиби бўлган. Шунингдек, “Тосно” жамоаси билан Россия кубогини қўлга киритганига ҳали кўп вақт бўлгани йўқ.

Жорий мавсумда “Нефтехимик” жамоаси сафида 24 та учрашувда майдонга тушган Галиулин рақиблар дарвозасини тўрт маротаба нишонга олди. Яна бир ярим ҳимоячимиз Бобир Давлатов эса нижнекамскликлар сафида 14 ўйинда иштирок этди.

“Нефтехимик” учун ўта муҳим бўлган “Алания”га қарши учрашув 14 март куни Тошкент вақти билан 17:00да бошланади.

Легионеримиз ғалабага ҳисса қўшди

Легионеримизнинг голи учрашувда бурилиш ясади

Легионеримиз Россияда гол урди

Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter)

Комментарии

Для написания комментариев пройдите авторизацию